466. Иброҳим ибн Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абдурраҳмон ибн Авфга таом келтирилди. У рўзадор эди. Шунда: «Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ўлдирилди. У мендан яхшироқ эди. Кафанлаш учун биргина бурдадан бошқа нарса топилмади. Боши ёпилса, оёқлари очилиб қолар, оёқлари ёпилса, боши очилиб қолар эди. Кейин бизга мол-дунё кенг қилинганча кенг қилинди [ёки дунё бизга берилганча берилди]. Энди биз ҳасанотларимиз (бу дунёдаёқ) бериб қўйилган бўлишидан қўрқувдамиз», деди. Сўнгра йиғлай бошлади, ҳатто таоми ҳам қолиб кетди».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Воқеамиз қаҳрамони «Ислом элчиси» лақабини олган Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳудир.
У Макканинг, Қурайшнинг асл йигитларидан бўлиб, Исломга илк кирган пешқадамлардан эди. Унинг куняси Абу Абдуллоҳ, тўлиқ исми Мусъаб ибн Умайр ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Абдуддор ибн Қусай ибн Килоб Қураший Абдарийдир. Бадр жангида қатнашгани учун Бадрий ҳам дейилади.
У Арқам ибн Абу Арқамнинг ҳовлисида Исломга кирди. Аммо буни қавми ва онасидан яширди. Онаси унинг мусулмон бўлганини билгач, уйга қамаб қўйди. Аммо Мусъаб ўз динидан воз кечмай, барча қийинчиликларга сабр қилди. Буни кўрган онаси уни уйидан чиқариб, оиладаги пулларни ишлатишдан уни ман қилди.
Исломдан олдин у ўзининг ёқимли юзи, хушбичимлиги, гўзал муомаласи, қиммат либослари ва хушбўй атири билан барчадан ажралиб турарди. Ҳатто уни «Макка аҳлининг энг хушбўй йигити» дейишарди.
Исломга киргач, Маккада мусулмонларга тазйиқлар кучайганда у Ҳабашистонга кўчиб кетади. Кейинчалик Биринчи Ақаба байъатидан сўнг Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Мадинадаги мусулмонларга Исломни, Қуръонни таълим бериш учун юборадилар. Шу боис уни «Муқриъ» (Қуръон устози) ҳам дейилади. У сабабли Мадинадаги ансорларнинг улуғларидан бўлмиш Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу ҳамда Усайд ибн Хузайр розияллоҳу анҳулар Исломга киришади. Кейинги Ақаба байъатида Мусъаб розияллоҳу анҳу ансорлар билан бирга Маккага келади.
Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу Мадинага боргач, Ислом динини, Қуръонни ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ансорларга танитди, ўргатди. Бир йил ичида Мадина халқи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни соғиниб, кўзларида ёш билан кутадиган содиқ мўминларга айландилар. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг фазли эди. Мусъаб розияллоҳу анҳунинг даъвати, таълимоти сабаб бўлди.
Воқеамиз қаҳрамони Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Бадр ва Уҳуд ғазотларида иштирок этди. Уҳудда мусулмонларнинг байроқдори бўлиб, байроқни олдинги сафда кўтариб борди. Жангда мушриклар билан байроқни кўтарган ҳолда уришди.
Мушриклардан Ибн Қамиъа деган кимса унинг байроқ ушлаб турган ўнг қўлига қилич уради. Қўл узилиб тушгач, дарҳол байроқни нариги қўлига олади. Бояги мушрик бу қўлга ҳам қилич зарбасини беради. Бу қўл ҳам узилгач, байроқни қўлни тепа қисмлари билан бағрига босиб олади. Кейин мушрик унинг кўксига найза ургач, буюк саҳобий шаҳид бўлиб ерга йиқилади. Ўшанда у тахминан 40 ёшда эди.
Уруш тугагач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида саҳобалар шаҳид бўлган мусулмонларни излаб топишга киришадилар. Мусъаб розияллоҳу анҳунинг жасади устига келганларида икки олам сарвари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўзларидан ёш тўкила бошлайди. Мусъаб розияллоҳу анҳу Маккада бой, моддий томондан бекаму кўст эди. Уҳуд куни эса уни кафанлашга ҳатто мато топилмади. Устидаги кийими унга кафанлик бўлди. У билан бошини ёпилса, оёғи очилиб қолар, оёғини ёпилса, боши очилиб қоларди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом дини қандай вафодор ва фидокор инсонларни етиштирганини кўриб, кўзларига ёш олдилар. Кейин ўша мато билан бошини ёпишга, оёғини эса изхир деган ўсимлик билан беркитишга амр қилдилар.
Ҳа, у барча бойлигини Аллоҳ ва Расулининг розилиги учун Маккада қолдириб келган эди. Мусъаб вафот этар экан, ўзидан ҳеч нарса қолдирмади.
Бир куни Мусъаб розияллоҳу анҳу устига қўй терисидан ёпиниб олган ҳолида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонга юриб келаётганида, уни кўрган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қалбини мунаввар қилган бу кишига қаранглар! Мен уни ота-онаси энг яхши таомлар ва энг покиза ичимликлар билан боқаётганини кўргандим. Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлган муҳаббати уни сизлар кўриб турган шу ҳолатда юришга ундади», дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд куни шаҳид этилган Мусъаб розияллоҳу анҳунинг ёнидан ўтаётганларида, Аллоҳ таолонинг ушбу оятини тиловат қилдилар:
«Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса, интизор бўлиб турибди. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар» (Аҳзоб сураси, 23-оят)
Мусъаб розияллоҳу анҳунинг аёли Ҳамна бинт Жаҳш бўлиб, мўминларнинг онаси Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳонинг сингиллари эди. У аёл ҳам ҳадис ривоят қилган, саҳобия аёлардан эди.
Аллоҳ таоло Ислом учун жонини берган, фидокорлик кўрсатган Мусъаб розияллоҳу анҳудан ва барча саҳобалардан рози бўлсин!
Абдураҳмон ибн Авф:
Жаннатийлиги башорати берилган ўн саҳобийнинг бири, Ислом динига кирган энг биринчи саҳобийларнинг бири. Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида фатво бера оладиган саҳобийларнинг бири Абдураҳмон ибн Авф. Уларнинг исмлари олдин Абдуамр бўлган, исломга киргач Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон деб номладилар. Шундан кейин бу кишини Абдураҳмон ибн Авф розиаллоҳу анҳу деб чақиришар эди.
Абдураҳмон ибн Авф, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳумдан икки кун кейин исломни қабул қилганлар. Аллоҳнинг йўлида илк саҳобалар сингари кўп азиятлар чекишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва асҳобларга Мадинага ҳижрат қилиш учун изн берилганда, Абдураҳмон Аллоҳ йўлида ватанини тарк этаётган муҳожирларнинг энг аввалги сафида бўлди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ислом жамиятининг қувватини ошириш учун муҳожир ва ансорларни биродарлаштириб, уни Саъд ибн Рабеъ ал-Ансорий билан тутинган ака-ука, деб эълон қилдилар.
Саъд янги биродари Абдураҳмон ибн Авфга «Эй ука, мен Мадинадаги энг бадавлат одамман, иккита катта боғим бор, иккита хотиним бор. Боғларимни бориб кўр, қайси бири сенга ёқса, ўшани олақол. Хоҳласанг икки хотинимдан сенга ёққанини талоқ қилай, иддаси чиққач, уйланиб оларсан», деди. Абдураҳмон ибн Авф ансорий биродарига миннатдорчилик билдириб, унга:
«Аллоҳ сенинг молингу бола чақангга барака берсин. Яхшиси, сен менга бозорни қаердалигини кўрсатиб қўй», дедилар.
Шундан кейин бозорда тижорат билан шуғулландилар. Ҳалол пок тижорат юрғизар эдилар. Оз фурсатда аёл маҳрига етадиган пул тўпладилар ва уйландилар.
Бир куни Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ёнларидан ўтиб кетаётганларида хушбўй ҳид келди.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абдураҳмон, уйландингми?» дедилар.
- Уйландим, — деди у уялибгина.
- Аёлингга нима маҳр бердинг?
- Данакча келадиган тилло.
- Унда бир қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қил, — дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Сўнг дуо қилиб – “Аллоҳ молингни баракали қилсин” -дедилар
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу) айтадилар:
- «Шу дуодан кейин дунё менга эргашиб юрадиган бўлди. Ҳатто бир тошни кўтарсам, тагидан, албатта, ё тилло, ё кумуш топардим».
Уҳуд жангида мусулмонлар жуда оғир вазиятда қолишди, айрим кишилар қочиб кетган пайтларида ҳам у залворли тоғдай собит турди. Жангдан йигирмадан ортиқ жароҳат билан чиқди. Айрим яралари қўл сиғадиган даражада чуқур эди. Ана шундай исломнинг қуламас устунларидан бири эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни жанговар сафарга қўшин юборишлари учун, саҳобаларга «Аскарларни от-улов, қурол-яроғ ва озиқ-овқат билан таъминлаш учун садақа қилинглар» деганларида, биринчи бўлиб Абдураҳмон ибн Авф «лаббай», деб жавоб берди.
У уйига бориб келдида:
- Ё Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам, менда тўрт минг динор бор эди, шунинг икки мингини олиб келдим, икки мингини бола чақамга қолдирдим дедилар.
Пайғамбаимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
- «Аллоҳ сенинг берган молингга ҳам, бола-чақангга уйда қолдирган молингга ҳам барака берсин» дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига отланганларида, озиқ-овқат кам, от-уловга, молга муҳтож бўлишганда, Аллоҳ учун инфоқ-эҳсон қилишга, ажрини Аллоҳдан умид қилишга ундадилар. Ҳар доимгидек Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу биринчилар қаторида бўлди. У (салкам 7,5 кг) тилло олиб келди. Буни кўрган Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Менимча, Абдураҳмон савоб оламан деб гуноҳ орттириб оляптида. Уйига бола-чақасига ҳеч нарса қолдирмади», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
- «Эй Абдураҳмон, бола-чақангга бирон нарса қолдирдингми?» дегандилар, у: «Ҳа, қолдирдим ё Расулуллоҳ! Берганимдан кўра кўпроқ ва берганимдан кўра яхшироқ нарсани қолдирдим», деди. У Зот: «Нимани?» дегандилар, у: «Аллоҳ ва Расули ваъда қилган ризқ, яхшилик ва ажрни», деб айтди.
Табук ғазотида Аллоҳ таоло Абдураҳмон ибн Авфга ҳеч қайси мусулмонларга насиб этмаган шарафни берди. Намоз вақти кириб қолган эди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадеганда келавермадилар. Абдураҳмон ибн Авф қавмга имом бўлиб намозни бошлади. Ҳали биринчи ракат охирига етмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, иқтидо қилиб, намозни адо этдилар.
Барча башарият оламининг пайғамбари, пайғамбарларнинг имоми Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга имом бўлишдек мақомга етишдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёдан риҳлат қилганларидан кейин у зотнинг аҳли аёлларига хизматда бўлдилар. Улар сафарга чиқишса сафарга чиқар, ҳаж қилишса улар билан бирга ҳаж қилар эдилар.
Бир куни Абдураҳмон ибн Авф ўзига тегишли ерни қирқ минг динорга сотиб, Пайғамбар ҳазратларининг аёлларига тақсимлаб берди. Оиша розиаллоҳу анҳога ҳам бу улушдан олиб боришганда у киши шундай деган эканлар:
Аллоҳниннг расули «Мендан кейин сизларга фақат сабр-бардошли кишиларгина меҳрибончилик қилади», деган эдилар, Абдураҳмон ибн Авф сабрли ва меҳрибондир.
Абдураҳмон ибн Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари уни молдор бадавлат кишига айлантирди. Тижоратлари жуда юришиб кетди. Мадинага инсонларни нима эҳтиёжи бўлса ҳаммасини карвонлари билан етказиб турар эдилар.
Бир куни Абдураҳмон ибн Авфнинг етти юз туядан иборат карвони мадинага кириб келади. Ҳамма ерларда туяларнинг оғир овозлари, карвоннинг шовқини босиб кетди.
Буни эшитган Оиша розиаллоҳу анҳо «Бу қандай шовқин?» деб сўради. Уларга:
«Абдураҳмон ибн Авфнинг етти юзта туядан иборат карвони келяпти», дейишди.
Шунда Оиша онамиз:
- «Аллоҳнинг расулидан шуни эшитганман,- «Абдураҳмон саҳобаларим ичида жаннатга эмаклаб киради» деган эдилар».
Бу сўз тезда тарқалиб, Абдураҳмон ибн Авфга ҳам етиб келди. У киши Оиша розияллоҳу анҳонинг олдларига келиб:
-Эй она, мени шундай деганларини эшитганмисиз?
-Ҳа эшитганман, дедилар.
- «Мени жаннатга эмаклаб қолишимнинг сабаби мол давлатим бўлса керак, гувоҳ бўлинг, етти юз туяни устидаги моллари билан мусулмонларга садақа қилдим», дедилар.
Оиша онамиз:
- «Аллоҳ унинг дунёсига барака берди, лекин охиратда беражак савоби улуғроқдир», деб айтдилар.
Бу киши жуда сахий бўлиб, қийналганларга ёрдам кўрсатар, янги уйланганларга кўмак берар эдилар.
Ундан кейин ҳам қирқ минг дирҳам кумуш, кетидан муҳтожларга қирқ минг динор тилло бериб тарқатганлар. Абдураҳмон ибн Авфнинг дуёдан кетиш чоғларида қўлларидаги мамлук қулларни озод қилганлар.
Мўминларнинг оналарига ҳам кўп мол васият қилганлар. Оиша онамиз у кишини эслаб: «Аллоҳ уни Салсабийл (жаннатдаги булоқнинг номи) сувидан сероб қилсин», деб дуо қиларди.
Бундан ташқари меросхўрларига ҳам жуда катта давлат қолган. Бутун мероснинг саккиздан бири тўртта хотинига тақсимланганида, уларнинг ҳар бирига саксон минг динордан тегди. Тиллоларни болта билан парчалаган тақсимловчиларнинг қўллари қавариб кетган экан.
Буларнинг ҳаммаси Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари баракотидир.
Аммо дунё бойликлари у зотни ўзига мафтун этолмаган. Одамлар уйларига киришганда Абдураҳмон ибн Авфни қуллардан ажрата олишмаган. Қўл остидагиларга ҳам ўзи егандан ва ўзи кийганидан берар эди.
Абдураҳмон ибн Авфга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!
У киши оламдан ўтганларида жаноза намозини икки нур соҳиби Усмон ибн Аффон ўқиди. Бу сафда қайғу ичида турган Али ибн Абу Толиб:
- «Сен бу умматнинг улуғларидан бири эдинг, Аллоҳ сени раҳматига олсин», дея дуо қилганлар.
466 - وَعَنْ إِبْرَاهِيمَ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوفٍ: أَنَّ عَبْدَ الرَّحْمَنِ بْنَ عَوْفٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أُتِيَ بِطَعَامٍ وَكَانَ صَائِماً، فَقَالَ: قُتِلَ مُصْعَبُ بنُ عُمَيرٍ رَضِيَ اللهِ عَنْهُ، وَهُوَ خَيْرٌ مِنِّي، فَلَمْ يُوجَدْ لَهُ مَا يُكَفَّنُ فِيْهِ إِلَّا بُرْدَةٌ؛ إِنْ غُطِّيَ بِهَا رَأْسُهُ بَدَتْ رِجْلَاهُ، وَإِنْ غُطِّيَ رِجْلَاهُ بَدَا رَأْسُهُ، ثُمَّ بُسِطَ لَنَا مِنَ الدُّنْيَا مَا بُسِطَ - أَوْ قَالَ: أُعْطِينَا مِنَ الدُّنْيَا مَا أُعْطِينَا - قَدْ خَشِينَا أَنْ تَكُونَ حَسَنَاتُنَا عُجِّلَتْ لَنَا. ثُمَّ جَعَلَ يَبْكِي حَتَّى تَرَكَ الطَّعَامَ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ [1275].