470-ҳадис

470. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга ўтирдилар, биз атрофларига ўтирдик. У зот: «Мендан кейин сизлар ҳақингизда қўрқадиган нарсаларимдан бири – сизларга дунё гўзаллиги ва зийнатларининг очилишидир», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагичадир:

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу бундай сўзлаб берди:

«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга ўтирдилар, биз атрофларига ўтирдик. У зот: «Мендан кейин сизлар ҳақингизда қўрқадиган нарсаларимдан бири – сизларга дунё гўзаллиги ва зийнатларининг очилишидир», дедилар. Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, яхшилик ҳам ёмонлик келтирадими?» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сукут қилиб қолдилар. Шунда унга: «Нима бўлди? Сен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга гапиряпсан, лекин у зот сенга гапирмаяптилар-ку?» дейишди. Қарасак, у зотга (ваҳий) нозил бўлаётган экан. Кейин у зот шаррос оққан терни ўзларидан артдилар-да, ҳалиги одамни мақтагандек: «Савол берган киши қани?» дедилар. Сўнгра: «Аслида, яхшилик ёмонлик келтирмайди. Жилға ундирадиган нарсалар ичида ўлдирадигани ёки шунга яқин олиб келадиганлари ҳам бор. Фақат, ўт-ўлан(ни меъёрида) ейдиган (ҳайвон) бундан мустасно бўлиб, у еяверади. Ниҳоят, икки биқини қаппайгач, қуёшга тобланади. У юмшоқ тезак ташлайди, бавл қилади ва ўтлайди. Албатта, бу мол-дунё баррадир, тотлидир. Мусулмон қандай яхши соҳибки, у ундан мискинга, етимга ва йўқсил йўлчига беради. – Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ё шунга ўхшаш гап айтдилар. – Зотан, ким уни ҳақсиз равишда ўзлаштириб олса, у худди еса ҳам тўймайдиган кишига ўхшайди. У (мол) қиёмат куни унинг зарарига гувоҳ бўлади», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

 

Мол-дунё одамларни синаш учун берилган. У ёмонликка ҳам, яхшиликка ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Бойликка эришган киши Аллоҳнинг розилигига муяссар бўлиш учун бойликни тўғри йўлда сарфлаши зарур. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Ва билингки, молларингиз ва фарзандларингиз фитнадан ўзга нарса эмас ва албатта, Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бордир» (Анфол сураси, 28-оят). 

Қуръон таълимотига кўра, бойлик бу дунёнинг баъзи матоҳларидан бўлиб, у тезда тугайди. Ҳақиқат ва яхшилик эса абадий қолади:

«Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўп-тўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экинтикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди. Булар дунё ҳаётининг матоҳидир. Ва Аллоҳ – ҳузурида гўзал қайтар жой бор Зотдир. Сен: «Сизларга ана шулардан ҳам яхшироғининг хабарини берайми?! Тақво қилганларга Робблари ҳузурида остларидан анҳорлар оқиб турган, улар у ерларда мангу қолувчи бўладиган жаннатлар бор. Шунингдек, покиза жуфтлар ва Аллоҳ томонидан розилик бор. Ва Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир», деб айт» (Оли Имрон сураси, 14-15-оятлар).

Мол-дунё фитнаси шундан иборатки, Қуръони каримда тасвирланишича, инсон бойлиги ортганда ва ўзида қудрат ҳис қилганида ҳаддидан ошиб, босар-тусарини билмай қолади, бой бўлиши билан ақл ва адолат чегарасини унутади ва номаъқул ишларни қилишга ўтади. Шунинг учун ҳам Қуръони каримда Аллоҳ инсоннинг ожизлигини, жумладан, мол-дунё олдидаги заифлигини бот-бот эслатади.

«Йўқ! Инсон, албатта, туғёнга кетур… ўзини жуда бой кўргани учун» (Алақ сураси, 6–7-оятлар).

Ризқнинг сероб бўлиши аксар одамларни ёмонликка, ҳаддан ошишга олиб борганлиги учун ҳам Аллоҳ бандаларини Ўз хоҳиши билан ризқлантиради. Бу ҳақда Шўро сурасида шундай дейилган:

«Агар Аллоҳ бандаларига ризқни кенг қилиб қўйса, албатта, улар ер юзида ҳаддан ошиб кетурлар, лекин У Ўзи хоҳлаганига ўлчов билан туширади. Албатта, У Ўз бандаларидан ўта хабардордир, ўта кўриб турувчидир» (27-оят).

Ҳамонки, бойлик ва давлатнинг чексизлиги одамнинг заифлигига сабаб бўлар, уни йўлдан оздирар экан, Қуръони карим бандаларни бой бўлган чоғда ортиқча хурсанд бўлиб, кеккайиб кетишдан қайтаради. Аксинча, бундай ҳолатда Аллоҳга шукр айтишга чақиради. Чунки ортиқча хурсанд бўлиш ва кеккайиш камбағалларга, бева-бечораларга салбий таъсир қилади.

Шунинг учун ҳам Қуръони каримда:

«Ҳовлиқма, албатта, Аллоҳ ҳовлиққанларни суймас», дейилган (Қасас сураси, 76-оят).

Зеро, бадавлат одамдаги хурсандчиликнинг юксак нуқтаси Аллоҳнинг розилиги ва раҳматидан иборат бўлиши лозим. Қуръон шунга даъват этган:

«Сен: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир», деб айт» (Юнус сураси, 58-оят).

Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Албатта, ҳар бир уммат фитнага учрайди. Умматимнинг фитнаси бойликдир”, деб айтганларини эшитганман”.

(Имом Термизий, имом Аҳмад, имом Табароний, Ҳоким ва Ибн Мардуяҳ ривояти. Абу Исо Термизий: “Бу ҳадис ҳасан саҳиҳ ғарибдир”, деган).

“Фитна” сўзи аслида сифатини билиш учун олтин ёки кумушни эритиб кўриш, текшириш маъносини англатади. Луғатларда эса бу сўзнинг имтиҳон қилиш, азоб-уқубат, адашиш, васваса, ёқиш, ёндириш, мол-дунё, бола-чақа, куфр, зулм, гуноҳ, ҳақдан тойилиш, мажнунлик, қатл қилиш ва шу каби кўплаб маънолари учрайди. Бу ҳадисда “фитна” сўзи адашиш, чалғиш, гуноҳга ботиш, ҳақдан тойилиш маъноларини ифодалаб келмоқда. Ўтмишда ўтган ҳар бир уммат, халқ, қавм фитнага учраган, залолатга кетган. Бунга эътиқоднинг бузуқлиги – куфр, ширк, ахлоқий иллатлар – кибр, ғурур, ношукрлик, маъсият, лаззатларга берилиш ва ҳоказолар сабаб бўлган. Аммо мусулмон умматининг фитнага учрашига айнан мол-дунё, бойлик, уни тўплаш, ўзаро мусобақалашиш сабаб бўлар экан. Чунки банда эҳтиёткорлик билан иш тутмаса, бойлик уни ибодатлардан чалғитади, ихлосдан тўсади ва охиратни унуттиради. Демак, бандада сахийлик сифати бўлса, бойлик уни юксак мақомларга кўтариши, агар нафсга қул бўлинса, уни фитнага солиши, тўғри йўлдан адаштириш ҳам мумкин экан.

470 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَلَسَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَلَى الْمِنْبَرِ وَجَلسْنَا حَوْلَهُ، فَقَالَ: «إِنَّ مِمَّا أَخَافُ عَلَيْكُمْ بَعْدِي مَا يُفْتَحُ عَلَيْكُمْ مِنْ زَهْرَةِ الدُّنيَا وَزيَنتِهَا» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1465، م 1052/123].


Улашиш
|
|
Нусха олиш