474. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Қиёмат куни дўзахийларнинг дунёда энг кўп неъмат ичида яшагани келтирилади. У дўзахга бир киритиб-чиқарилгач, унга: «Эй одам боласи, (ҳаётингда) ҳеч яхшилик кўрдингми, ҳеч неъмат кўрдингми?» дейилади. У: «Аллоҳга қасамки, йўқ, Роббим!» дейди. Сўнг жаннатийларнинг дунёда энг хорликда яшагани келтирилади. У ҳам жаннатга бир киритиб-чиқарилгач, унга: «Эй одам боласи, (ҳаётингда) ҳеч хорлик кўрдингми, ҳеч қийинчилик кўрдингми?» дейилади. У: «Аллоҳга қасамки, йўқ, Роббим! Ҳеч бир хорлик кўрмадим, ҳеч бир қийинчилик ҳам кўрмадим», дейди».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Жаннат неъматлари дунёдаги барча машаққатларни унуттириб юборади. Дунёда энг кўп неъмат ичида яшагани эса дўзахнинг ҳарорати дунёдаги барча неъматларни унуттириб юборади.
Демак, дунё ҳар қанча узун бўлса ҳам, аслида қисқа, нақадар қадрли бўлса ҳам, аслида ҳақирдир. Чунки кеча ҳар қанча чўзилса ҳам, барибир тонг отади. Умр ҳар қанча узайса ҳам, инсон бир кун барибир қабрга киради.
Аллоҳнинг шундай оқил бандалари борки, дунёга боқмадилар, фитналардан қўрқдилар. Дунёга назар солиб, унинг чинакам тириклар учун ватан эмаслигини билдилар. Дунёни кучли тўлқин билиб, ундан омон қолиш учун солиҳ амаллардан кема ясаб олдилар.
Ана ўшалар оқил инсонлардир. Ана ўшалар ҳақиқий фаросат соҳибидирлар. Улар дунёни охират учун экинзор қилиб олдилар. Дунё бир ўткинчи жой, охират эса доимий қароргоҳдир. Шундай экан, ўтар жойингиздан доимий қароргоҳингизга озуқа олинг. Сирларни биладиган зот ҳузурида айбларингиз очилиб, шарманда бўлиб қолманг.
“Аллоҳ берган бойликларингни дунёда Аллоҳнинг тоатига ишлатиш билан охиратдаги савобни изла. Улардан ҳалол йўл билан, исроф қилмай фойдаланиш билан дунёдан бўлган насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилгани каби сен ҳам одамларга хайру саховат кўрсатиб, яхшилик қил. Ер юзида бузғунчилик қилиш ва қавмингга жавру зулм қилиш каби Аллоҳ сенга ҳаром қилган ишларни қилма. Чунки Аллоҳ бузғунчиларни ёқтирмайди ва уларга ёмон қилмишларининг жазосини беради” (Қасас сураси, 77-оят).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким охират ғамида бўлса, Аллоҳ унинг қалбига бойлик ва қаноат солади ва хотирини жам қилиб қўяди. У хоҳламаса ҳам, дунё унга ўз-ўзидан келади. Ким дунё ғамида бўлса, Аллоҳ уни доимо камбағалликдан қўрқадиган ва хотиржамлигини йўқ қилиб қўяди. Унга дунёда ўзига тақдир қилинганидан бошқаси келмайди” (Имом Термизий ривояти).
474 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يُؤْتَى بَأَنْعَمِ أَهْلِ الدُّنْيَا مِنْ أَهْلِ النَّارِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، فَيُصْبَغُ فِي النَّارِ صَبْغَةً ثُمَّ يُقَالُ: يَا ابْنَ آدَمَ؛ هَلْ رَأَيْتَ خَيْراً قَطُّ؟ هَلْ مَرَّ بِكَ نَعِيمٌ قَطُّ؟ فَيَقُولُ: لَا، وَاللهِ يَا رَبِّ، وَيُؤْتَى بِأَشَدِّ النَّاسِ بُؤْساً فِي الدُّنْيَا مِنْ أَهْلِ الجَنَّةِ، فَيُصْبَغُ صَبْغَةً فِي الجَنَّةِ، فَيُقَالُ لَهُ: يا ابْنَ آدَمَ؛ هَلْ رَأَيْتَ بُؤْساً قَطُّ؟ هَلْ مَرَّ بِكَ شِدَّةٌ قَطُّ؟ فَيَقُولُ: لَا، وَاللهِ؛ مَا مَرَّ بِي بُؤْسٌ قَطُّ، وَلَا رَأَيْتُ شِدَّةً قَطُّ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2807].