478-ҳадис

478. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар менда Уҳуддек олтиним бўлса, шундан қарзга ажратадиганимдан бошқа бирор нарсани ҳузуримда уч кун қолдиришни истамасдим», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бир гал у зотга тилла ва динорларни олиб келишганда, дарҳол ҳақдорларга тарқатдилар. Фақат олти динор қолди. Шуни аёлларидан бирига бердилар. Келган мол-дунё қанча бўлишидан қатъи назар, уни тарқатмасалар, кўзларига уйқу келмасди. Тақсимлаб, эгаларига етказгач: «Энди хотиржам бўлдим», дер эдилар. У зот вафот этганларида совутлари оилалари нафақаси учун бир йил муддатга ўттиз соъ арпа эвазига Абу Шаҳм деган яҳудийга гаровга берилган эди.

Мол-дунё жуда қаттиқ офатдир, қийин имтиҳондир. Агар у мўминнинг қўлига тушса-ку, ҳай-ҳай… У буни бир синов сифатида қабул қилиб, уни ўз жойига сарфлайди, яъни оиласининг нафақасидан ортганини садақа ва эҳсон қилади, молининг закотини беради, муҳтожларга хайриялар учун ажратади, бундан бошқа  савобли ишларга харжлайди.

Аммо иймони суст ёки иймонсиз кимса дунёга муҳаббат қўйса, мол-дунё ишқига гирифтор бўлса, унинг ҳолига вой, деяверинг. У бойлик кетидан зир елиб-югуради, ҳаром мол тўплайди, бахиллик билан уни сарфлашдан воз кечади ва тўплаб-кўпайтиришга зўр беради. Унинг кўзини ҳирс пардаси қоплаб, ҳеч нарсани: атрофидаги муҳтожларни ҳам, пул кўйида ҳаромдан ва зулмдан қайтмаётганини ҳам, ўғирликдану пора олишдан ва беришдан ҳам жирканмаётганини кўрасиз. 

Яҳё ибн Муъоз ар-Розий дунёга қизиқувчи бир фақиҳ олимни кўриб, бундай дедилар:

«Эй илм ва суннат соҳиби, қасрларингиз Қайсарникидай, уйларингиз Кисроникидай, масканларингиз Қорунникидай, дарвозаларингиз Толутникидай, кийимларингиз Жолутникидай, тутган йўлларингиз Шайтонникидай, вилоятларингиз Фиръавнникидай, қозиларингиз дунёни истовчи порахўр, ғирром бўлса, Муҳаммадия, яъни Пайғамбар алайҳиссалом ҳидоятлари қаерда қолди?».

Ҳадисдан олинадиган хулосалар:

­­– Инсон ҳаётлик пайтида яхшилик йўлида инфоқ қилишга тарғиб.

– Қарзларни тўлаш ва омонатни ўз эгасига қайтаришга тарғиб. Албатта бундай қилиш садақадан афзалдир.

– Яхшиликни орзу қилиб, «агар» деган сўзни ишлатиш жоизлиги.

– Расулуллоҳ с.а.в.нинг зуҳдлари, у зот камбағал бўлиб қолишдан чўчимаган ҳолда инфоқ қилардилар.

478 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَوْ كَانَ لِي مِثْلُ أُحُدٍ ذَهَباً لَسَرَّنِي أَلَّا تَمُرَّ عَلَيَّ ثَلاَثُ لَيَالٍ وَعِنْدِي مِنْهُ شَيءٌ إلَّا شَيءٌ أُرْصِدُهُ لِدَينٍ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6445، م 991].


Улашиш
|
|
Нусха олиш