480-ҳадис

480. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Динору дирҳам, қатийфа-ю хамийса* бандаси бахтиқаро бўлсин! Унга ато берилса, рози бўлади, берилмаса, рози бўлмайди», дедилар».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: * Қатийфа – духобадан тикилган устки либос.

* Хамийса – ипак ёки жундан тўқиладиган тўртбурчак қалин эн кийим. Ундан устки кийим сифатида фойдаланилган ва у ётоқда ёпинчиқ вазифасини ҳам бажарган.

Пайғамбаримизнинг мазкур сўзлари мол-дунёнинг қулига айланган одамларнинг оқибати ва тақдири қандай хунук бўлишидан огоҳлантиради.

Динор қули, дирҳам қули, гўзал кўйлак қули бадбахтдир, холис Аллоҳга бандалик қилган бахтлидир. У барча куч ва эътиборини бир нарсага – Аллоҳ розилигига қаратади, нияти ва қасди охиратга йўналтирилган бўлади. Бу дунёда унга учраётган ҳар бир нарса катта аҳамиятга эга бўлмайди.

Пулга қул бўлган банда бадбахтдир, чунки у пулнинг айтганини қилиб яшайди. Кийим-кечакка қул бўлган банда бадбахтдир. У ҳам кийим-кечакнинг айтганини қилиб яшайди. Улар эса бандага ҳеч қачон яхшиликни айтмайди. У ўзига динор ва дирҳам берилсагина, рози бўлади. У ўзига қатийфа ва хамийса берилсагина рози бўлади. Акс ҳолда норози бўлиб ўтади. Мана шу унинг бадбахтлигининг аломатидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким барча куч ва эътиборини бир нарсага қаратса, Аллоҳ унга дунё ғамидан кифоя қилади. Ким куч ва эътиборини турли тарафларга қаратиб қўйса, дунёнинг қайси бир водийсида ҳалок бўлишининг Аллоҳга қизиғи йўқ”.

“Куч ва эътиборини турли тарафларга қаратиб қўйиш”нинг маъноси банданинг қалби ва иродаси мол-дунё, обрў, шаҳватлар ва ундан кўпроқ нарсаларга қараб қолиб, бўлиниб кетишидир. Мўмин эса бунинг хилофи. Унинг барча эътибори Раббисини рози қилишга мўлжалланган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бундай марҳамат қилганлар: “Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг ишининг орасини ажратиб ташлайди ва фақирлигини кўз олдига қўйиб қўяди. Унга дунёда фақатгина ўзининг насибаси етади. Кимнинг нияти охират бўлса, Аллоҳ унинг ишини жамлайди. Унинг қалбига беҳожатлик солади. Дунё унга мажбур бўлган ҳолида келади”.

Имом Аҳмад ва Байҳақий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда у зот шундай дейдилар: «Дунё ҳовлиси йўқлар учун ҳовлидир. Ақли йўқларгина дунё учун йиғадилар». Яъни аҳмоқ ва нодонлиги, жоҳил ва гумроҳлигидан ўткинчи дунёга суяниб қоладилар. Солиҳ амаллар қилиб охират тадоригини кўриш ҳақида ўйламайдилар. Ҳаётда молини ҳақли жойга сарфламаган ва яхшилик йўлида бермаган киши бой-бадавлат дейилмайди. Балки улар бу дунёда асл мақсадни аниқ билмасдан яшаб ўтадиган бечора фақирлардир. Таъбир жоиз бўлса, бу тоифа бировнинг молини қўриқлаётган қоровулга ўхшайди. Худди бу моллар унга омонат қилиб топширилган-у, ўз ихтиёри ила ҳеч нарса қила олмайдигандек таассурот қолдиради.

Ҳақиқатда эса топган мол-дунёсини муҳтожларга хайр-эҳсон қилиб, қариндошлик ришталарини боғлаш каби яхшилик йўлида сарфлайдиган киши бой-бадавлат ҳисобланади. Чунки у мол-давлатни ўзига хизмат қилдириб керакли фойдани олди. Ҳатто қўлида ҳеч нарсаси қолмаган тақдирда ҳам, у бой-бадавлатдир. Зеро, бу иши унинг саховатпешалигини ва Роббининг ризқига тўлиқ ишонч-эътиқодини билдиради. Аллоҳ таоло шундай деди: «Нимани инфоқ қилсангиз, У Зот унинг ўрнини тўлдирур. У Зот ризқ берувчиларнинг яхшисидир».

Биз умматлар учун Пайғамбаримиз сийратларида мол-дунёни тасарруф қилиш – инфоқ-эҳсон, олди-берди, касб қилиш ва сарфлашда етарли намуналар бор. Қарангки, у зотга ер хазиналари берилган, шаҳарлар калити тортиқ қилинган, бирор пайғамбарга ҳалол қилинмаган ғанимат-ўлжалар ҳалол қилинган ва ҳаётлик пайтларида Ҳижоз, Яман, Арабистон яримороли ва унинг атрофидаги Шом ва Ироқ ерларида фатҳлар амалга оширилган. Бундан ташқари, ўлжаларнинг бешдан бири, жизя тўловлари, садақалар, подшоҳлар хазинасига муайян қисмигина тушадиган закотлар ҳам у зотнинг ҳукмига ҳавола этилган. Турли юрт ва мамлакат ҳукмдорлари юборган совға ва ҳадяларни қабул қилар, улардан бирор нарсани, ҳатто бир дирҳамни ҳам ўзларига олиб қолмасдилар. Балки ҳаммасини ўз ўрнига ва ҳақдорларга бериб, ҳожатмандларга тарқатар ва муҳтож мусулмонларни қўллаб-қувватлардилар.

Мол-дунё бўлиши ҳаётий заруратдир. Лекин мол-дунё ўз моҳиятига кўра фазилат эмас, балки яхшиликларни қўлга киритиш воситасидир. Шу жиҳатдан қаралса, мол-дунёдан фойдаланишга қараб ҳукм ўзгаради. Агар инсон ўз молидан эҳтиёжларни қондириш, орзу-мақсадга етиш, обрўни сақлаш, ҳақларни адо этиш, Аллоҳнинг розилиги йўлида ҳақли жойларга инфоқ қилиш учун фойдаланса, бу иши учун мақталиб, ҳурмат-эътибор топади ва кўпчиликнинг меҳр-муҳаббатини қозонади. Чунки мол-дунё эҳтиёж ва заруратлар учун сарфланиб, шаръий мақсадлар амалга ошишини таъминлайди. Аллоҳ таоло шу ҳолатни тасвирлаб: «Мол-давлат, бола-чақа дунё ҳаётининг зийнатидир»[1], дея марҳамат қилган. Аллоҳ таоло инсонлар табиатан мол-давлатни яхши кўришини шундай баён қилади: «...ва молни кўп яхши кўрасизлар»[2]. «Албатта, у мол-дунёга ҳаддан ташқари ўчдир»[3].

Агар одам мол-дунёни эҳтиёжи учун, иззат-обрўни сақлаш ва яхшилик йўлида сарфласа ва шу иши учун Аллоҳ таолонинг розилигини ва охиратдаги ажр-савобни умид қилса, унинг мол-дунёси фазилат саналади. Агар молини қизғониб, яхшилик йўлида сарфламаса, фақат фахр-ифтихор, мақтаниш, риёкорлик ва манманлик учун йиғиб-кўпайтиришни ўйласа, бу ҳолат нуқсон ва айб бўлади. Чунки у бахиллик ва пасткашлик разолатига тушиб қолди. Аллоҳ таоло бахилликнинг аянчли оқибатини баён қилиб шундай деган: «Аллоҳ Ўз фазли билан берган нарсага бахиллик қилганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳгадир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир»[4].

Агар мол-дунё фахрланиш ва такаббурликни пайдо қилса, унинг қабиҳлиги ва ёмонлиги янада ортади. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва фахрланувчи кимсаларни яхши кўрмас. Улар бахиллик қиладиган, одамларни бахилликка буюрадиган ва Аллоҳ уларга Ўз фазлидан берган нарсаларни беркитадиганлардир. Кофирларга хорловчи азобни тайёрлаганмиз»[5].

Суннати набавияда мол-дунёнинг асли, самараси ва фойдаси баён қилиб берилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласи «Молим, молим», дейди. Молингдан сен учун садақа қилиб берганинг, еб битирганинг ёки кийиб эскиртирганингдан бошқа фойда ҳосил бўлмас», дедилар.



[1] Каҳф сураси, 46-оят.

[2] Фажр сураси, 20-оят.

[3] Одиёт сураси, 8-оят.

[4] Оли Имрон сураси, 180-оят.

[5] Нисо сураси, 36–37-оятлар.

480 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «تَعِسَ عَبْدُ الدِّينَارِ وَالدِّرْهَمِ وَالقَطِيفَةِ وَالخَمِيصَةِ؛ إِنْ أُعْطِيَ رَضِيَ، وَإِنْ لَمْ يُعْطَ لَمْ يَرْضَ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ[ 2886].


Улашиш
|
|
Нусха олиш