482. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўмин учун зиндон, кофир учун жаннатдир», дедилар.
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Дунё аччиқлиги охират ҳаловатидир, бунинг акси эса аксидир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз: «Дунё мўмин учун зиндон, кофир учун жаннатдир» деб марҳамат қилганлар. Яна марҳамат қилиб: «Ўлим мўминга туҳфадир» дедилар. (Ибн Аби Дунё ривояти).
Агар бандага касаллик ёки мусибат етса ва у Аллоҳга ҳамд айтса, у умид қилаётган савобни устига, унга жаннатда «ҳамд уйи» деб аталган бир уй бино қилинади.
Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: Пайғамбаримиз дедилар: «Одамлар қиёматда бало аҳлига берилаётган савобни кўрганларида, дунёда терилари қайчилар билан қиймаланган бўлишини орзу қилиб қоладилар» (Термизий ривояти)
«Агар имтиҳонлар бўлмаганда эди, сабрнинг фазли зоҳир бўлмаган бўлар эди». Агар инсон сабрга эришса, у кўп яхшиликларга эришибди. Агар йўқотса, у ҳолда барча яхшиликларни йўқотибди. Аллоҳ таоло банданинг сабрини ва иймонини имтиҳон қилади, шунда ёки тилла ҳосил бўлади ёки чиқинди.
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Албатта мукофотнинг катталиги, балонинг катталиги биландир. Агар Аллоҳ бир қавмни яхши кўрса, уларни балолантириб қўяди. Кимки рози бўлса, унга ҳам розилик, кимки ғазаб қилса, унга ғазаб насиб бўлади». Агар Аллоҳ бир бандасини яхши кўриб қолса, унинг ғамини зиёдалаштириб қўяди. Агар ғазаб қилса, унинг дунёсини кенгайтириб қўяди, хусусан, банда динини зое қилса. Банда мусибатларга иймон ва сабот ила сабр қилса, у сабрлилар девонига ёзиб қўйилади. Агар ундан розилик ҳосил бўлса, уни рози бўлганлар девонига ёзиб қўйилади. Бандадан ҳамд ва шукр ҳосил бўлар экан, Аллоҳ тақдир қилган барча қазолар унинг учун хайрли бўлиб қолаверади.
482 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «الدُّنْيَا سِجْنُ الْمُؤْمِنِ وَجَنَّةُ الكَافِرِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2956].