484-ҳадис

484. Абул Аббос Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, мени бир амалга йўналтириб қўйингки, ўшанга амал қилсам, Аллоҳ ҳамда кишилар мени яхши кўрсин», деганида, у зот: «Дунёда зоҳид бўл, Аллоҳ сени яхши кўради. Одамлар қўлидаги нарсада зоҳид бўл, одамлар сени яхши кўради», дедилар.

Ҳасан ҳадис бўлиб, Ибн Можа ва бошқалар ҳасан иснод билан ривоят қилишган.

 

Шарҳ: Мазкур ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки улкан насиҳатларини ўзида жамлаган:

1. Дунёга нисбатан зоҳид бўлмоқ. Шубҳасиз, ҳаёти дунёга кўнгил бермаслик Аллоҳнинг муҳаббатини қозонишга сабабдир.

2. Одамлар қўлидаги мол-дунёга нисбатан зоҳид бўлмоқ. Албатта инсонлар тамагирлик қилмайдиган, камсуқум кишиларни ёқтирадилар.

Инсон икки дунёда ҳам саодатли бўлмоғи учун ўзида қуйидаги хислатларни шакллантирмоғи лозим. Аввало, у боқий Охират неъматларини ўткинчи дунё лаззатларидан афзал билиб, Парвардигори муҳаббатига ноил бўлмоғи, қолаверса бандалар қўлидаги мол-дунёга тама кўзини тикмасдан, боқий яхшиликлар сари иззат ва ибо билан интилиб, одамлар муҳаббатини қозонмоғи керак. Зеро, Охиратдаги боқий неъматлар ўткинчи лаззатлардан яхшироқ ва умид қилишга лойиқроқдир. Шу боис Ибн Ҳажар Ҳайтамий мазкур ҳадисга қуйидагича баҳо берганлар:

«Ушбу ҳадис Ислом асоси бино бўлган тўрт ҳадиснинг бири ҳисобланади».

Руҳий тарбиясини олий мақом қилмоқчи бўлган, охиратда даражаси улуғ бўлишини истаган мусулмон учун лозим бўлган мақомлардан бири зуҳддир.

«Зуҳд» сўзи луғатда оз, кам нарса маъносини англатади. У рағбатнинг тескариси бўлиб, тарк қилиш, юз ўгириш маъноларини билдиради.

Шаръий истилоҳда дунё, мол-мулк, обрў ва мансаб муҳаббатидан юз ўгиришдир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«Ким охират ҳосилини истаса, унга ҳосилини зиёда қилиб берурмиз. Ким дунё ҳосилини истаса, унга ўшандан берурмиз ва унга охиратда бирон насиба бўлмас» (Шуро сураси, 20-оят).

Бошқа бир оятда бундай дейилади:

«Молу-мулк, бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир. Боқий қолувчи солиҳ амаллар Раббинг ҳузурида савоб ва умид жиҳатидан яхшироқдир» (Каҳф сураси, 46-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам зоҳидликда имом эдилар. У зотга моллар келар, уларни одамларга тарқатиб юборар эдилар. Уч кун кетма-кет қоринлари тўйиб овқатланмаган, ётоқлари хурмо пўслоғидан, бўйрани тагига солсалар, устиларига етмас эди. Уйларининг шифти ва энига қўл чўзса, етар даражада эди.

Саҳоба розияллоҳу анҳумлар ҳам зоҳид бўлишган. Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Салмон Форсий, Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳум бошқа саҳобаларнинг зоҳидликлари зарбулмасалга айланган.

Руҳий тарбия уламоларининг зуҳдга берган таърифлари:

Имом Ғаззолий айтади: «Зуҳд рағбатнинг бир нарсадан ундан кўра яхшироқ нарсага бурилишидир».

Рағбат қилинган нарса юз ўгирилганидан яхшироқ бўлиши керак. Ўзи ёқтирмайдиган, унга рағбати бўлмаган нарсадан юз буриш зуҳд дейилмайди.

Қарофий бундай дейди: «Киши мол-дунёга эга бўлса-ю, қалбида унинг севгиси бўлмаса, ўша зуҳддир. Шундан келиб чиқиб бой зоҳид бўлиши мумкин. Фақир зоҳид бўлмаслиги мумкин».

Баъзи мутасаввифлар: «Ҳаром нарсадан зуҳд қилиш вожиб. Ҳалол нарсаларда эса фазилат. Мол-дунёси озлигига сабр қилиши, Аллоҳ таолонинг тақсимотига қаноат қилиб, борига рози бўлиши зуҳддир», дейишган.

Чунки Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Дунё матоҳи оз, охират эса тақво қилганларга яхшидир. Ва қилчалик зулм қилинмассизлар…» (Нисо сураси, 77-оят).

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ: «Зуҳд орзу-умиднинг камлигидадир. Очлик ва увада кийишда эмас», деган.

Абу Сулаймон Дороний айтади: «Зуҳд Аллоҳ таолодан чалғитиб қўядиган нарсаларни тарк қилишдир».

Яҳё ибн Муоз айтади: «Кишида уч хислат топилмас экан, у ҳақиқий зуҳдга эриша олмайди. Улар: узлуксиз амал, тамасиз гап, мансабсиз азиз бўлиш». Яъни, солиҳ амалларни бир муддат қилиб орада ташлаб қўйиш, бирон нарса умидида чиройли гапларни топиб гапириб зуҳд либосига бурканиш зоҳидлик эмас. Шунингдек, обрў топиши мансаб туфайли эмас, тақвоси билан бўлсин.

Жунайд Бағдодий Руваймдан ривоят қилиб айтади: «Зуҳд бу банда учун дунё арзимас бўлиши ва унинг асарларини ҳам қалбдан суғуриб ташлашдир».

Саррий Сақатий: «Зоҳид нафси куйида машғул бўлса, унинг яшашидан маъно йўқ», деган.

Ибн Ашъас Бойкандий (ёки Пойкандий) бундай дейди: «Ким зуҳддан гапириб одамларга ваъз қилса-ю, ўзи уларнинг молига рағбат қилса, Аллоҳ таоло унинг қалбидан охират муҳаббатини олиб қўяди».

Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: «Зуҳд уч даражада бўлади.

Биринчиси – ҳаромни тарк қилиш. Бу авомнинг зуҳди.

Иккинчиси – ҳалол нарсаларда керагидан ортиғини тарк қилиш. Бу хосларнинг зуҳди.

Учинчиси – Аллоҳ таолодан чалғитадиган нарсани тарк қилиш. Бу орифларнинг зуҳди».

Фузайл ибн Иёз айтади: «Аллоҳ таоло барча ёмонликни бир уй ичига жойлади ва дунё муҳаббатини унинг калити қилди. Шунингдек, барча яхшиликни бир уй ичига жойлаб, зуҳдни унга калит қилди».

Руҳий тарбия устозлари саҳобалар, салафларнинг ҳаётидан келиб чиқиб қуйидагиларни хулоса қилишади:

Зуҳднинг даражаси учта:

1. Авомнинг даражаси.

2. Хосларнинг даражаси.

3. Хосларнинг хоси даражаси.

Уламолар берган таърифлар турличалиги ушбу даражалар билан боғлиқ. Зуҳд нафс тарбиясидаги улуғ мақомлардан бири. Мақом «туриш» дегани. Маълум муддат зуҳд қилиб, кейин ташлаб қўйиш зоҳидлик ҳисобланмайди. Яъни, мақом соҳиби ўша мақомда доим собит туриши, ўзининг табиатига айланиши керак. Шундагина мақом бўлади.

Зоҳидлик таркидунёчилик эмас. Дунёдан бутунлай воз кечиш ҳам эмас. Зоҳидлик дунё нарсаларига боғланиб, уни яхши кўриб қолмаслик. Келганида қувонмай, кетганида маҳзун бўлмасликдир. Кўплаб саҳобалар ва салафи солиҳлар бой бўлганлар, ҳамма қатори яшаганлар. Аммо ҳаётда зоҳид бўлишган. Уларнинг зоҳидлиги ўша нарсаларни ҳақир санашларида бўлган. Мол-дунёни тарк қилиш, мансабдан қочишлари дунё муҳаббати қалбга ўрнашиб олмаслиги учун восита бўлган.

Дунёда зоҳид бўлиш соликларнинг шарафли мақомларидан биридир. Аслида зоҳидлик кўнгли тусаб турган бир нарсадан ўгирилиб, ундан яхшироғига юзланмоқдир. Кўнгилга ёқмайдиган нарсадан юз ўгириш зоҳидлик эмас.

Одатда дунёдан юз ўгирган кишини «зоҳид» дейдилар. Аллоҳдан ўзга барча нарсадан юз ўгирган киши комил зоҳиддир. Дунёдан жаннат ва унинг неъматлари илинжида юз ўгирган одам ҳам зоҳид, аммо унинг даражаси аввалгидан пастдир.

Молу дунёни тарк қилиш, уни сахийлик билан сарфлашнинг ўзи зоҳидлик бўла олмайди. Зоҳидликнинг энг олий мақоми Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун қилинган зоҳидликдир.

Ҳаёт учун зарур бўлган нарсалардаги зоҳидлик қуйидагилар:

1. Таомдаги зоҳидлик.

Бунда зоҳид очликни даф қилишга кифоя қилувчи ва баданига мувофиқ таом билан кифояланади ва таом ила лаззатланишдан ўзини тияди. Кўпгина машҳур зоҳидлар оддий таомлар билан кифояланганлар. Баъзи машҳур зоҳидлар эса яхши таомлардан бош тортмаганлар. Мисол учун, Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳи сафарга чиққанларида ҳам ўзлари билан қовурилган гўшт ва бош­қа таомларни олиб юрардилар.

2. Кийимдаги зоҳидлик.

Бунда зоҳид иссиқ ва совуқдан сақлайдиган ҳамда авратни тўсадиган кийим ила кифояланади. Кўплаб зоҳидлар оддий кийим билан кифояланганлар. Аммо Сабтий раҳматуллоҳи алайҳига ўхшаб ҳафта давомида ризқ-рўз топиш учун ишлайдиган зоҳидлар ҳам оз бўлмаган.

3. Маскандаги зоҳидлик.

Баъзи бир зоҳидлар ўзларига маскан тутмасдан, такия ва шунга ўхшаш жойларда яшаганлар. Бошқалари эса ўзлари учун ғоятда содда бошпана қилганлар. Иброҳим Нахаъий раҳматуллоҳи алайҳига ўхшаш зоҳидлар эса «Агар бино етарли бўлса, ажр ҳам, гуноҳ ҳам йўқ», деган шиорга амал қилганлар.

4. Уй анжомларидаги зоҳидлик.

Бунда зоҳид ўзига керакли асбоб-анжомдан зиё­дасини тутмаган.

5. Никоҳдаги зоҳидлик.

Бу масалада зоҳидлик маъноси йўқ, деса ҳам муболаға бўлмайди. Энг машҳур зоҳидлардан бўлган ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тўртта хотинлари бўлган. (Фотима онамиз ўтганларидан кейин.)

6. Молу дунёдаги зоҳидлик.

Кўпинча зоҳидлар ўзларига керакли бўлган миқдордан ортиқча мол тўплашга ўтмаганлар. Лекин бош­қача йўл тутган катта зоҳидлар ҳам оз бўлмаган.

7. Обрўдаги зоҳидлик.

Зоҳидлар зоҳирий обрўга эмас, қалбларда бўладиган обрўга соҳиб бўлиш учун ҳаракат қилганлар.

Хулоса қилиб айтиладиган бўлса, ҳаёт учун зарурий бўлган нарсалар дунёдан деб ҳисобланмаган.

Зоҳидлик ҳақида баҳс юритган уламоларимиз ва зоҳидларимиз: «Тарки дунё қилиш зоҳидлик эмасдир», деганлар. Чунки молни тарк қилиш ва камбағалликни зоҳир қилиш зоҳидлик ила ном чиқарувчи шахс учун жуда ҳам осондир. Кўпгина роҳиблар бу даражага осонлик билан эришганлар. Бу риёкорликдан бошқа нарса эмас.

Зоҳидликнинг биринчи даражаси борига масрур, йўғига маҳзун бўлмасликдир.

Зоҳидликнинг иккинчи даражаси мансабни мадҳ қилувчи ҳам, сўкувчи ҳам унинг олдида баробар бўлишидир.

Зоҳидликнинг учинчи даражаси Аллоҳ таоло ила қалбан унсу улфат бўлишдир.

Зоҳидларнинг имомларидан бири бўлган Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи:

«Энг афзал зоҳидлик зоҳидликни яширишдир», деганлар.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳининг зоҳидлиги етти иқлимга маълум ва машҳур эди. Аммо у киши жун кийим ҳам, хирқа ҳам киймаганлар. Одамлардан ажраб, қоронғу хонада ўтирмаганлар. Тарки дунё қилиб, мол жамлашдан юз ўгирмаганлар. У кишининг тижорат карвонлари чор атрофни кезар эди. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳининг тижорий сармоялари тўрт юз минг динорни ташкил қилар эди. Бу улуғ зоҳиднинг йиллик даромадлари юз минг дирҳамдан иборат эди.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳининг айтишларича:

«Зоҳидлик бутунлай тарки дунё қилиш, ҳалол касбни тарк қилиш ва яхши ишларга нафақа сарфлашдан юз ўгиришдан иборат эмас. Балки

Зоҳидлик ҳаромни тарк қилишдир.

Зоҳидлик шубҳали нарсаларни тарк қилишдир.

Зоҳидлик ҳар бир ҳалол ва мубоҳдан ортиқчасини тарк қилишдир».

Қисқача қилиб айтганда, зоҳидлик Аллоҳ таолодан узоқлаштирадиган нарсани тарк қилиб, Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган нарсани тутишдир.

Машҳур зоҳидлардан Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳидан:

«Эй имом! Сиз бизни зоҳидликка ва озга сабр қилишга амр қиласиз. Аммо ўзингиз Хуросондан Аллоҳнинг муҳаррам юрти бўлмиш Маккага тижорат молларини келтирасиз. Бу қандай бўлди?!» деб сўради.

Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи:

«Эй Абу Али! Буни ўз эҳтиёжимни қондириш, обрўйимни сақлаш, Роббимнинг тоатига кўмак олиш учун қиламан. Аллоҳнинг ҳаққини билишим билан уни адо этишга шошиламан.

Эй Абу Али! Сен ва сенинг биродарларинг бўлмаганларингда, тижорат қилмас эдим», деб жавоб берганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, зоҳидлик қалбда Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан бошқа нарсага жой қолмаслигидир.

484 - وَعَنْ أَبِي الْعَبَّاسِ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ السَّاعِدِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ دُلَّني عَلَى عَمَلٍ إِذَا عَمِلْتُهُ أَحَبَّنِي الله وَأَحَبَّنِي النَّاسُ، فَقَالَ: «ازْهَدْ فِي الدُّنْيَا يُحِبَّكَ اللهُ، وَازْهَدْ فِيمَا عِنْدَ النَّاسِ يُحِبَّكَ النَّاسُ» حَدِيثٌ حَسَنٌ رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَغَيْرُهُ بِأَسَانِيدَ حَسَنَةٍ [4102، ك 4/313، طب 6/193].


Улашиш
|
|
Нусха олиш