485-ҳадис

485. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб одамларнинг қандай мол-дунёга эришганини айта туриб, шундай деди: «Мен эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кун бўйи очликдан букилиб, қоринларини тўйдиришга дақол* ҳам топа олмай юрганларини кўрганман».

Имом Муслим ривояти.

*Дақол: хурмонинг паст нави.

Шарҳ: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ва аҳллари бир неча кеча қаторасига оч ётишар эди, кечки таом топа олишмасди. Кўпинча уларнинг таомлари арпа нон бўларди» (Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Оли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ойни ўтказишар, аммо олов ёқишмасди. Емишимиз хурмо ва сув бўларди, холос» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Оли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам то у зот қабз қилингунларича икки кун кетма-кет арпа нонга тўйишмади» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Савол пайдо бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида бундан бошқа нарса бўлмаса саҳобалар ичларида давлатмандлар кўп эдилар. Ҳаммалари у зотдан жонларини ҳам аямасдилар. Улар бу ҳолни билиб туриб нима сабабдан сабр қилгандилар?

Жавоб шуки,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ҳолнинг ажридан умидвор бўлиб, ниҳоятда махфий сақлар эдилар. Оналаримиз ҳам шундай эдилар.

 

485 - وَعَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: ذَكَرَ عُمَرُ بْنُ الخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ما أَصَابَ النَّاسُ مِنَ الدُّنْيَا فَقَالَ: لَقَدْ رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَظَلُّ الْيَوْمَ يَلْتَوِي؛ مَا يَجِدُ دَقَلًا مَا يَمْلأُ بِهِ بَطْنَهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2978].

«الدَّقَلُ» بِفَتْحِ الدَّالِ الْمُهْمَلَةِ وَالقَافِ: رَدِيءُ التَّمْرِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш