490-ҳадис

490. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Огоҳ бўлинг, албатта дунё лаънатлангандир ва ундаги нарсалар лаънатлангандир. Фақатгина Аллоҳнинг зикри, шунга яқин нарсалар ҳамда илм берувчи ва илм олувчилар бундай эмас», деганларини эшитдим.

Имом Термизий ривояти. Термизий буни ҳасан ҳадис, деди.

Шарҳ: Аллома Ибн Аллон роҳимаҳуллоҳ «Далилул фалиҳийн» номли китобда келтирадилар. Қуртубий: «Ушбу ҳадисдан асло дунёни сўкиб, уни лаънатлаш тушунилмайди. Абу Мусо Ашъарийдан марфуъ ҳолда қилинган ривоятда: «Дунёни сўкманглар, дунё мўминнинг нақадар яхши уловидир, унинг устида туриб, яхшиликларга етишади ва у сабабли ёмонликдан нажот топилади. Агар банда: Аллоҳ дунёни лаънатласин, деб айтса, дунё: Бизда туриб, роббисига осийлик қилганларни Аллоҳ лаънатласин, деб айтади», деб келтирилган.

(Ушбу ҳадисни Шариф Абулқосим Зайд ибн Абдуллоҳ Ҳошимий ривоят қилган).

Энди юқоридаги ҳадис билан бу ҳадис орасини жамлайдиган бўлсак, Аллоҳдан узоқлашиб, дунёга машғул бўлинса, унда лаънатлаш мумкин бўлади. Аммо Аллоҳга яқин бўлиб, Аллоҳнинг бандаларига ёрдам берса, унда дунёни лаънатлаш ман этилади. Чунки ҳадисда ҳам: «Фақатгина Аллоҳнинг зикри, шунга яқин нарсалар ҳамда илм берувчи ва илм олувчилар бундай эмас», деб келтирилган.

Мол-дунё бўлиши ҳаётий заруратдир. Лекин мол-дунё ўз моҳиятига кўра фазилат эмас, балки яхшиликларни қўлга киритиш воситасидир. Шу жиҳатдан қаралса, мол-дунёдан фойдаланишга қараб ҳукм ўзгаради. Агар инсон ўз молидан эҳтиёжларни қондириш, орзу-мақсадга етиш, обрўни сақлаш, ҳақларни адо этиш, Аллоҳнинг розилиги йўлида ҳақли жойларга инфоқ қилиш учун фойдаланса, бу иши учун мақталиб, ҳурмат-эътибор топади ва кўпчиликнинг меҳр-муҳаббатини қозонади. Чунки мол-дунё эҳтиёж ва заруратлар учун сарфланиб, шаръий мақсадлар амалга ошишини таъминлайди. Аллоҳ таоло шу ҳолатни тасвирлаб: «Мол-давлат, бола-чақа дунё ҳаётининг зийнатидир» (Каҳф сураси, 46-оят), дея марҳамат қилган. Аллоҳ таоло инсонлар табиатан мол-давлатни яхши кўришини шундай баён қилади: «...ва молни кўп яхши кўрасизлар» (Фажр сураси, 20-оят). «Албатта, у мол-дунёга ҳаддан ташқари ўчдир» (Одиёт сураси, 8-оят).

Агар одам мол-дунёни эҳтиёжи учун, иззат-обрўни сақлаш ва яхшилик йўлида сарфласа ва шу иши учун Аллоҳ таолонинг розилигини ва охиратдаги ажр-савобни умид қилса, унинг мол-дунёси фазилат саналади. Агар молини қизғониб, яхшилик йўлида сарфламаса, фақат фахр-ифтихор, мақтаниш, риёкорлик ва манманлик учун йиғиб-кўпайтиришни ўйласа, бу ҳолат нуқсон ва айб бўлади. Чунки у бахиллик ва пасткашлик разолатига тушиб қолди. Аллоҳ таоло бахилликнинг аянчли оқибатини баён қилиб шундай деган: «Аллоҳ Ўз фазли билан берган нарсага бахиллик қилганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳгадир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» ( Оли Имрон сураси, 180-оят).

Агар мол-дунё фахрланиш ва такаббурликни пайдо қилса, унинг қабиҳлиги ва ёмонлиги янада ортади. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва фахрланувчи кимсаларни яхши кўрмас. Улар бахиллик қиладиган, одамларни бахилликка буюрадиган ва Аллоҳ уларга Ўз фазлидан берган нарсаларни беркитадиганлардир. Кофирларга хорловчи азобни тайёрлаганмиз» (Нисо сураси, 36–37-оятлар)

Суннати набавияда мол-дунёнинг асли, самараси ва фойдаси баён қилиб берилган.

Имом Аҳмад ва Байҳақий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда у зот шундай дейдилар: «Дунё ҳовлиси йўқлар учун ҳовлидир. Ақли йўқларгина дунё учун йиғадилар». Яъни аҳмоқ ва нодонлиги, жоҳил ва гумроҳлигидан ўткинчи дунёга суяниб қоладилар. Солиҳ амаллар қилиб охират тадоригини кўриш ҳақида ўйламайдилар. Ҳаётда молини ҳақли жойга сарфламаган ва яхшилик йўлида бермаган киши бой-бадавлат дейилмайди. Балки улар бу дунёда асл мақсадни аниқ билмасдан яшаб ўтадиган бечора фақирлардир. Таъбир жоиз бўлса, бу тоифа бировнинг молини қўриқлаётган қоровулга ўхшайди. Худди бу моллар унга омонат қилиб топширилган-у, ўз ихтиёри ила ҳеч нарса қила олмайдигандек таассурот қолдиради.

Ҳақиқатда эса топган мол-дунёсини муҳтожларга хайр-эҳсон қилиб, қариндошлик ришталарини боғлаш каби яхшилик йўлида сарфлайдиган киши бой-бадавлат ҳисобланади. Чунки у мол-давлатни ўзига хизмат қилдириб керакли фойдани олди. Ҳатто қўлида ҳеч нарсаси қолмаган тақдирда ҳам, у бой-бадавлатдир. Зеро, бу иши унинг саховатпешалигини ва Роббининг ризқига тўлиқ ишонч-эътиқодини билдиради. Аллоҳ таоло шундай деди: «Нимани инфоқ қилсангиз, У Зот унинг ўрнини тўлдирур. У Зот ризқ берувчиларнинг яхшисидир» (Сабаъ сураси, 39-оят).

Биз умматлар учун Пайғамбаримиз сийратларида мол-дунёни тасарруф қилиш – инфоқ-эҳсон, олди-берди, касб қилиш ва сарфлашда етарли намуналар бор. Қарангки, у зотга ер хазиналари берилган, шаҳарлар калити тортиқ қилинган, бирор пайғамбарга ҳалол қилинмаган ғанимат-ўлжалар ҳалол қилинган ва ҳаётлик пайтларида Ҳижоз, Яман, Арабистон яримороли ва унинг атрофидаги Шом ва Ироқ ерларида фатҳлар амалга оширилган. Бундан ташқари, ўлжаларнинг бешдан бири, жизя тўловлари, садақалар, подшоҳлар хазинасига муайян қисмигина тушадиган закотлар ҳам у зотнинг ҳукмига ҳавола этилган. Турли юрт ва мамлакат ҳукмдорлари юборган совға ва ҳадяларни қабул қилар, улардан бирор нарсани, ҳатто бир дирҳамни ҳам ўзларига олиб қолмасдилар. Балки ҳаммасини ўз ўрнига ва ҳақдорларга бериб, ҳожатмандларга тарқатар ва муҳтож мусулмонларни қўллаб-қувватлардилар.

Бир гал у зотга тилла ва динорларни олиб келишганда, дарҳол ҳақдорларга тарқатдилар. Фақат олти динор қолди. Шуни аёлларидан бирига бердилар. Келган мол-дунё қанча бўлишидан қатъи назар, уни тарқатмасалар, кўзларига уйқу келмасди. Тақсимлаб, эгаларига етказгач: «Энди хотиржам бўлдим», дер эдилар. У зот вафот этганларида совутлари оилалари нафақаси учун бир йил муддатга ўттиз соъ арпа эвазига Абу Шаҳм деган яҳудийга гаровга берилган эди. (Имом Бухорий, Насоий ва Термизийлар ривоят қилишган).

У зот нафақа, кийиниш ва уй-жой борасида фақат зарурат қадари билан кифояланиб, ундан ошганидан воз кечганлар. Кўп ҳолларда танани ёпиб турадиган дағал ридо кияр эдилар. Тилла қўшиб тўқилган ипак кийимларни ҳозир бўлганларга улашар, ҳақдор асҳобларига бериб юборар эдилар. Икки «Саҳиҳ»да шу тўғрисида кўплаб ривоятлар келтирилган. Чунки кийим билан фахрланиш ва зийнатланиш шараф ва улуғлик хислатларидан эмас. Бу иш аёлларга хос хусусият. Аслида кийимлар билан мақтаниш унинг тозалиги, ўртачалиги ва ярашиб туриши билан белгиланади. Ҳақиқатан, икки шуҳратдан сақланиш тўғрисида қайтариқлар мавжуд. Бу икки шуҳратга жуда башанг ва жуда эски кийимларни кийиш киради. Чунки бу иккисига ҳамманинг кўзи тушади. Шунингдек, ҳашаматли иморат, қимматбаҳо жиҳозлар, бежирим тўшаклар, хизматкорлар ва миниладиган уловлар билан фахрланиш қораланади. Зуҳд ва тақво юзасидан уларни тарк қилган киши мол-дунё фазилатига эга бўлиш қаторида, унинг ёмонлиги ва нохуш оқибатидан узоқ бўлади.

490 - وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «أَلَا إِنَّ الدُّنْيَا مَلْعُونَةٌ، مَلْعُونٌ مَا فِيهَا؛ إِلَّا ذِكْرَ اللهِ وَمَا وَالَاهُ، وَعَالِماً وَمُتَعلِّماً» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [2322].


Улашиш
|
|
Нусха олиш