493-ҳадис

493. Каъб ибн Иёз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Ҳар бир умматнинг фитнаси бордир. Менинг умматимнинг фитнаси мол-дунёдир», деганларини эшитдим.

Имом Термизий ривояти. Термизий ҳасан, саҳиҳ деди.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мол-дунё мавзусига эътибор қаратганлар. Шориҳлар ҳадисдаги “фитна”ни залолат ва маъсият, яъни адашиш ва Ҳаққа осийлик деб изоҳлашган. Яъни, бу умматни ҳақ йўлдан оздириб, диндан узоқлаштирадиган энг муҳим омил моддият ва молдир. Ислом душманларининг ошкора ва махфий ташкилотлари мусулмонларни йўлдан тойдириш учун кўпинча моддият ва мол-дунёдан тузоқ сифатида фойдаланишмоқда. Буни кузатиб туриб, Аллоҳ таолонинг: “Кофир бўлганлар мол-мулкларини Аллоҳ йўлидан тўсиш учун сарфлайдилар” (Анфол сураси, 36-оят), деган огоҳлантирувининг амалдаги исботини кўрамиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги ҳадислари билан ғайбдан хабар беришларига яна бир карра иймон келтирамиз.

Айни пайтда, бу ҳадисни нотўғри талқин қилмаслик керак. Ислом дини аслида бойлик ва моддий куч-қудратга қарши эмас. Аксинча, мусулмонларни меҳнат қилишга ва пул топишга тарғиб этадиган кўплаб ҳадислар бор. Динимизнинг муҳим қисми бўлмиш закот, ҳаж, садақа каби фарз ва мандуб амалларни бажариш учун, албатта, мол-дунёга эга бўлиш керак. Шунингдек, “Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшидир”, “Аллоҳнинг наздида кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва суюклироқдир”, “Тақводор кишига бойликнинг ҳеч бир зарари йўқдир” каби ҳадислар мусулмонларни меҳнатга, моддий жиҳатдан бақувват бўлишга ундайди.

Шундай экан, мол ва моддиятни ёмонлашдан мақсад, агар ҳушёр, сергак бўлинмаса, ахлоқий ва диний жиҳатдан тубанлашишга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантиришдир. Унутмайликки, тараққиёт, ривожланиш йўқчилик ва эҳтиёждан келиб чиққани каби, қолоқлик ва танбаллик ҳам бойлик келтирган тўкинлик, исроф сабабли юзага келади. Бунга энг ёрқин мисол Саодат асри ва ундан кейинги саҳобалар давридир. Ўша пайтда очликдан силласи қуриб, қорнига тош боғлаб юрган одамлар қисқа муддатда дунёнинг уч қитъасига Аллоҳнинг ҳақ динини етказишди. Замонлар ўтиб, бутун дунё хазиналари мусулмонларга қараб оқа бошлаганида эса, одамлар бамайлихотирликка ва дангасаликка берилишди. Оқибатда илм-фан, давлат бошқаруви ва бошқа соҳаларда дунёга устозлик қилган мусулмон олами тараққиётдан орқада қолган, қарам ва боқиманда ҳолга тушиб қолди.

Шундай экан, азалий ва абадий ҳақиқатларни етказувчи бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мол-дунё борасидаги тутумларини ушбу ҳадисдан билиб олсак бўлади: «Одамлар мол-дунё борасида тўрт қисмдир: бир банда бор, Аллоҳ унга мол ва илм берган, у моли хусусида Аллоҳдан қўрқади ва уни силаи раҳм учун сарфлайди. Молидаги Аллоҳнинг ҳаққини билади ва уни адо этади. Мана шу одам энг юксак мартабага эришади.

Яна бир банда бор, Аллоҳ унга илм бергану аммо мол бермаган. У яхши ниятда: “Агар молим бўлса эди, фалончига ўхшаб хайрли йўлларга сарфлардим”, деб орзу қилади. Аллоҳ унинг ниятини қабул қилади ва олдингилар билан тенг ажр беради.

Учинчи хил банда бор, моли етарли, лекин Аллоҳ унга илм бермаган. У молини шаҳват ва бузуқлик йўлларига сарфлайди. На Раббидан қўрқади ва на силаи раҳм қилади. Молидаги Аллоҳнинг ҳаққини ҳам билмайди. Бу энг ёмон мартабадир.

Тўртинчи хил кимса бор, Аллоҳ унга мол ҳам, илм ҳам бермаган. Аммо у исрофчиларга ҳасад қилиб: “Қанийди, менинг ҳам пулим бўлсайди, фалончига ўхшаб сарфлаб, унга ўхшаб яшардим”, дейди. У ҳам нияти сабаб ўша исрофгарлар билан гуноҳда тенг шерик бўлади».

 

Мол-дунё одамларни синаш учун берилган. У ёмонликка ҳам, яхшиликка ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Бойликка эришган киши Аллоҳнинг розилигига муяссар бўлиш учун бойликни тўғри йўлда сарфлаши зарур. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Ва билингки, молларингиз ва фарзандларингиз фитнадан ўзга нарса эмас ва албатта, Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бордир» (Анфол сураси, 28-оят). 

Қуръон таълимотига кўра, бойлик бу дунёнинг баъзи матоҳларидан бўлиб, у тезда тугайди. Ҳақиқат ва яхшилик эса абадий қолади:

«Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўп-тўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экинтикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди. Булар дунё ҳаётининг матоҳидир. Ва Аллоҳ – ҳузурида гўзал қайтар жой бор Зотдир. Сен: «Сизларга ана шулардан ҳам яхшироғининг хабарини берайми?! Тақво қилганларга Робблари ҳузурида остларидан анҳорлар оқиб турган, улар у ерларда мангу қолувчи бўладиган жаннатлар бор. Шунингдек, покиза жуфтлар ва Аллоҳ томонидан розилик бор. Ва Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир», деб айт» (Оли Имрон сураси, 14-15-оятлар).

Мол-дунё фитнаси шундан иборатки, Қуръони каримда тасвирланишича, инсон бойлиги ортганда ва ўзида қудрат ҳис қилганида ҳаддидан ошиб, босар-тусарини билмай қолади, бой бўлиши билан ақл ва адолат чегарасини унутади ва номаъқул ишларни қилишга ўтади. Шунинг учун ҳам Қуръони каримда Аллоҳ инсоннинг ожизлигини, жумладан, мол-дунё олдидаги заифлигини бот-бот эслатади.

«Йўқ! Инсон, албатта, туғёнга кетур… ўзини жуда бой кўргани учун» (Алақ сураси, 6–7-оятлар).

Ризқнинг сероб бўлиши аксар одамларни ёмонликка, ҳаддан ошишга олиб борганлиги учун ҳам Аллоҳ бандаларини Ўз хоҳиши билан ризқлантиради. Бу ҳақда Шўро сурасида шундай дейилган:

«Агар Аллоҳ бандаларига ризқни кенг қилиб қўйса, албатта, улар ер юзида ҳаддан ошиб кетурлар, лекин У Ўзи хоҳлаганига ўлчов билан туширади. Албатта, У Ўз бандаларидан ўта хабардордир, ўта кўриб турувчидир» (27-оят).

Ҳамонки, бойлик ва давлатнинг чексизлиги одамнинг заифлигига сабаб бўлар, уни йўлдан оздирар экан, Қуръони карим бандаларни бой бўлган чоғда ортиқча хурсанд бўлиб, кеккайиб кетишдан қайтаради. Аксинча, бундай ҳолатда Аллоҳга шукр айтишга чақиради. Чунки ортиқча хурсанд бўлиш ва кеккайиш камбағалларга, бева-бечораларга салбий таъсир қилади.

Шунинг учун ҳам Қуръони каримда:

«Ҳовлиқма, албатта, Аллоҳ ҳовлиққанларни суймас», дейилган (Қасас сураси, 76-оят).

Зеро, бадавлат одамдаги хурсандчиликнинг юксак нуқтаси Аллоҳнинг розилиги ва раҳматидан иборат бўлиши лозим. Қуръон шунга даъват этган:

«Сен: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир», деб айт» (Юнус сураси, 58-оят).

493 - وَعَنْ كَعْبِ بْنِ عِيَاضٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّ لِكُلِّ أُمَّةٍ فِتْنَةً، فِتْنَةُ أُمَّتِي الْمَالُ» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [2336].


Улашиш
|
|
Нусха олиш