Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кишининг мол-дунёга ва шараф-иззатга бўлган ҳирси қўрадаги қўйлар томон қўйиб юборилган икки оч бўрининг зараридан ҳам дини учун ёмонроқдир», дедилар.
Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан, саҳиҳ ҳадис дедилар.
Шарҳ: Сиз қўй қўрасига иккита қорни оч бўрини қўйиб юборилса, нима бўлишини биласизми? Ҳа, албатта, қўйларнинг барчасини бўйнидан бўғизлайди, қўрада тирик қўй қолмаслиги аниқ.
Мол-дунё ва шуҳратга бўлган ҳирс ўз эгасини ҳеч қандай ёмонликлардан қайтмайдиган қилиб қўяди. Оқибатда у ўша икки нарса ортидан тушиб, динини барбод қилади. Шунинг учун динимни бўрилар еб кетмасин, деган банда дунёга ва шуҳратпарастликка ҳирс қўймаслиги лозим бўлади.
Рағбат қилувчи қалбни дунёнинг муҳаббати эгаллаб олади ва уни ерга томон тортиб туради. Унинг табиатидаги Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатни сўндириб, унинг ўрнига мол-дунё, шаҳват ва айш-ишратга ўхшаш нобакорликларнинг муҳаббатини ўрнаштиради. Ушбу қалбнинг эгаси унинг талабларига жавоб беришга уринади. Қалбининг талаби асосида кечаю кундуз елиб-югуради, ҳориб-чарчайди, бориб-келади ва ўзини ҳалок қилади. Роғиб қалб эса эгасининг бу ҳолатидан ҳузурланади. Ушбу ҳолат давомли бўлса, мазкур роғиб қалбнинг эгаси қуйидаги оятда зикр қилинган шахсга айланиб қолади.
Мол-дунёнинг зарар ва офатлари ҳам диний, ҳам дунёвий бўлади. Чунки мол-дунё инсонни Аллоҳнинг маърифатидан, Унинг азамати ва қудратини ҳис этишдан, неъматлари шукрини қилишдан тўсиб қўяди. Катта ер эгаси бўлса фикри-ёди эрта-кеч «Еримнинг вақти ўтмасдан нима эктирсам экан, даладаги деҳқонлар дангасалик қилмаяптимикин, сув олиб келишдимикин, ўғит топилдимикин» деган хаёллар билан банд бўлади. Агар у тожир-савдогар бўлса, молини осон ўтказиш ташвишлари, савдодаги шерикларининг хиёнати, солиқ машмашалари, алданиб қолиш хавфи, қандай қилиб каттароқ фойда олиш режалари миясини бутунлай банд қилган бўлади.
Давлатмандларга бойлигини асраб олишнинг ўзи катта муаммо. Эшикларга қўша-қўша қулфлар осилган, деразаларга билакдай симлардан панжаралар ўрнатилган, деворлар баланд қилиниб, тепасига тиконли сим тортилган ва унга электр токи юрғизилган. Булар ҳам таскин беролмай қўнғироқлар туширилган. Бунинг устига кузатув камералари ҳам ўрнатилган. Бу ҳам камлик қилганидан ҳовлига бўрибосар итлар боғланган. Бу ҳам етмагандай ёстиқ тагига пичоқ, чўқмор каби қуроллар яширилган. Донишмандлар айтганидай, илм ўз соҳибини ҳимоя қилади, мол-давлатни эса эгаси бир умр қўриқлаб ўтишга маҳкум.
Бойлик-дунё кимгадир қалб хотиржамлиги, саховат ва мурувват орқали улкан ажр-мукофотга эришиш эшикларини очиб берса, кимнидир у бузуқликлар, айш-ишратлар, куч-қудрат ва ниҳоят исён ва осийлик ботқоғига отади. Мол-дунё жоҳиллар қўлига тушиб қолса, у эгасини гуноҳ, фаҳш ишларга бошлайди. Катта бойликка эга бўлиб қолган бундай одам ўзини боса олмай, идора қилолмай қолади. Нафсининг ҳамма айтганларини бажаришга баҳона ахтаришга тушади.
Шайтон унинг кўзига итоатни, ибодатни оғир, машаққатли қилиб кўрсатади, аксинча гуноҳ ишлар, айш-ишрат ва фаровонликни осон, чиройли қилиб қўяди.
Атрофингизга бир қаранг, қўлига туйқус мол-дунё келиб қолган айрим одамларни кузатинг: дарров бус-бутун уйини бузиб ташлаб, янги қурилиш бошлаган, бинойидай хизмат қилиб турган уловини янгисига, одамлар гапириши учун фахрлироғига алмаштирган, фосиқлар эса ўйнашлар тутишга киришган бўлади. Ҳаттоки юриш-туриш, кийиниш, гапиришлар ҳам ўзгача бўлиб қолади. У ўзини бошқаларга қараганда қудратли, уддабурро, тадбирли, ақлли ҳис эта бошлайди. Ҳар соҳада фаровонликка, одамлар тилига тушишга, бошқалардан фарқли туришга интилади. Мол-дунё уни ҳар доим фаровон ҳаётга, хурсандчилик, айшу ишратга чорлаб туради. Чунки хурсандчилик, фаровонлик фитнаси хафачилик, йўқчилик фитнасидан каттароқ ва хатарлироқдир.
У бора-бора бундай ҳаётдан узилгиси келмай қолади. Нима қилиб бўлса ҳам шундай ҳаётнинг бардавом бўлишини истайди, бунинг учун шубҳали нарсалардан, ҳаромдан ҳам ҳазар қилмайдиган ҳолга келади. Молини кўпайтириш ёки ҳозирги мавқеини сақлаб қолиш учун одамларга доимий аралашишга мажбур бўлади. Бу эса унинг феълида нифоқ, адоват, кек, ҳасад, ғийбат, бахиллик каби ярамас иллатларнинг пайдо бўлишига олиб келади.
Бир парвона шамни узоқдан кўриб, «у нур таратар экан-да», деб ўйлайдию бепарво кетаверади. Бошқа бир парвона шамга яқинроқ келади ва «у иссиқ ҳам чиқарар экан», дейдию иссиғидан бироз баҳра олади. Яна бир парвона шамнинг ичига кириб, уни синаб кўрмоқчи бўлади ва ўзи ёниб ҳалок бўлади. Дунё ҳам шамга ўхшайди. Узоқдан унинг жилосига маҳлиё бўлиб юриш осонроқ. Унинг тафтидан фойда олишни хоҳлаб қолсанг, иссиғидан бироз азият чекишга тўғри келади. Бордию унинг ичига батамом кирмоқчи бўлсанг, ҳалокатингни кутавер.
Утба ибн Ғазвон Басранинг ҳокими эди. У одамларга қуйидагича мурожаат қилди: «Албатта, дунё ўзининг фоний эканини эълон қилди. Ва тезлик ила йўлга тушди. Унда бирор қизиқарли нарса қолмади. Фақатгина идиш тагида қолувчи сарқит каби бир нарса қолдики, уни эгаси қўлга киритиб жамлайди. Албатта, сизлар бир диёрга кўчасизларки, у ерда заволлик йўқ. Сизлар ўзингиздаги бор нарсанинг яхшиси ила у ерга кўчинглар. Бизга хабар берилдики, агар жаҳаннам қирғоғидан бир тош улоқтирилса, у етмиш йилда ҳам қаърига етмайди. Қасамки, мана шу жаҳаннам тўлдирилади. Сизлар бу айтилган сўзлардан ажабланяпсизларми? Ва яна хабар берилдики, жаннатнинг икки эшиги ораси қирқ йиллик йўлдир. Шундоқ кун келадики, одамлар издиҳом бўлганидан у ер ҳам тўлиб кетади. Мен Набий билан бирга иймон келтирганларнинг еттинчисидирман. Овқатланишимиз учун дарахт баргидан бошқа нарса йўқ эди. Биз уни еяверганимиздан оғизларимиз атрофи шилиниб кетар эди. Бир куни мен устки кийим топиб олдим. Уни ўртасидан бўлиб, Саъд ибн Моликка бердим. Ярмини ўзимга иштон қилиб олдим. Саъд ҳам ўзига теккан ярмини иштон қилиб олди. Ўша пайтдагиларнинг барчалари бугун бир шаҳарга амирдир. Мен эса Аллоҳ ҳузурида кичик бўлатуриб ўзимни юқори санашдан Аллоҳ номи ила паноҳ тилайман», дедилар.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:
«Агар хоҳласак, уни улар билан кўтарар эдик. Лекин у ерга ёпишиб олди ва ҳавойи нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир ит мисолига ўхшайдики, унга ҳамла қилсанг ҳам тилини осилтириб тураверадир, тек қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверадир. Бу оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Қиссаларни айтиб бер, шоядки, тафаккур қилсалар» (176-оят).
Шу каби сифатга эга бўлган қалб соҳибидан содир бўладиган амалнинг қиймати қанчалик бўлиши мумкин? У одам ўқиган намоз, тутган рўза, қилган ҳаж ва берган закотнинг руҳий қиймати нимадан иборат бўлади? Албатта, дунё ва унинг матоҳларига роғиб қалб эгаси намоз ўқиётганида ҳам хаёли ўзи рағбат қилган нарсаларга боғланиб туриши турган гап. Қолган тоат ва ибодатларни бадани билан адо этса ҳам, қалби дунё ва унинг матоҳлари билан тўлиб-тошиб турган бўлиши турган гап.
Албатта, бу каби тоат ва ибодатларнинг сони ва ҳажми қанчалар катта бўлса ҳам, сифати паст ҳамда савоби оз бўлиши турган гап. Чунки роғиб қалб эгаси бадани ёки молу дунёси билан ибодат қилса ҳам ўша ибодат чоғида унинг қалби дунёнинг ишқи билан тўлиб-тошган бўлади. Унинг қалбида дунёнинг матоҳларига бўлган муҳаббатдан бошқа муҳаббатга жой қолмаган бўлади. Айнан шу сабаб асосида унинг қилган тоат-ибодати қанчалар кўп бўлса ҳам, савоби оз бўлади.
497 - وَعَنْ كَعْبِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَا ذِئْبَانِ جَائِعَانِ أُرْسِلَا فِي غَنَمٍ بِأَفْسَدَ لَهَا مِنْ حِرْصِ الْمَرْءِ عَلَى الْمَالِ وَالشَّرَفِ لِدِينِهِ» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [2376].