5. Амирул мўминин Абу Ҳафс Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: “Амаллар фақат ниятларга кўрадир. Ҳар кимга ният қилганигина бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва расули учун бўлса, Аллоҳ ва расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати эришадиган дунёси учун ёки никоҳлаб оладиган аёли учун бўлса, демак, унинг ҳижрати ўша ҳижрат қилган нарсаси учундир”, деганларини эшитдим».
Бу ҳадисни муҳаддислар имоми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардизба Жўъфий ал-Бухорий ва Абул Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ибн Муслим ал-Қушайрий ан-Найсобурийлар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) унинг саҳиҳлигига иттифоқ қилиб, тасниф этилган китобларнинг энг саҳиҳи бўлмиш икки саҳиҳ китобларида ривоят қилишди.
Шарҳ: Ушбу ҳадис Исломнинг моҳиятини ифодаловчи муҳим ҳадислардан бири бўлиб, динимизнинг аксар ҳукмлари учун пойдевор-асос ҳамдир. Уламоларнинг ушбу ҳадис ҳақида айтган сўзлари бунга ёрқин далил бўла олади.
Имом Абу Довуд айтадилар: «Амаллар ниятлар биландир» ҳадиси Исломнинг ярмидир. Негаки дин ё зоҳирда бўлади ё ботинда. Зоҳирда кўринадигани амал, ботиндагиси эса ният бўлади». Имом Аҳмад ва Шофеий айтадилар: «Амаллар ниятлар биландир» ҳадисига илмнинг учдан бири дохил бўлади. Негаки банданинг амаллари қалби, тили ва қолган аъзолари билан касб қилинади. Қалб билан ният қилиш айни шу уч қисмдан биридир».
Шунинг учун олимлар ўз китобларини ана шу ҳадис билан бошлашни афзал кўрганлар. Чунончи, имом Бухорий шу ҳадисни «Ал-Жоме-ус-Саҳиҳ» китобининг бошида келтирганлар. Имом Нававий ҳам ўзларининг учта китоблари - «Риёзус- солиҳийн», «Ал-азкор» ва «Арбаийн»ни худди шу ҳадис билан бошлаганлар. Бундан мурод ушбу китобларни ўрганувчи инсон илм олишда ҳам, бошқа солиҳ амалларида ҳам аввалданоқ ниятни Аллоҳ таоло учун холис қилмоғи лозимлигига ишорадир.
Бундан ташқари, Имом Бухорий ривоятларида келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисни хутбада айтганлари, кейин Умар разияллоҳу анҳу ҳам уни хутбада айтиб ўтганликлари ушбу ҳадиснинг аҳамиятини янада таъкидлайди.
Абу Убайд: «Ҳадислар орасида бундан-да сермазмуни ва муҳимроғи йўқдир», деб айтганлар.
Ҳадиснинг ворид бўлиши
Имом Табаронийнинг «Ал-мўъжамул-кабийр» китобида Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича:
«Орамизда Умму Қайс деган аёлга совчи қўйган бир киши бор эди. У аёл: «То ҳижрат қилмагунингча, сенга турмушга чиқмайман», - деб туриб олди. Шунда ҳалиги одам ҳижрат қилиб, ўша аёлга уйланиб олди. Шу боис биз уни Умму Қайснинг муҳожири деб атардик».
Саид ибн Мансур ўзларининг «Сунан» китобларида имом Бухорий ва Муслим шартларига кўра олинган иснод билан Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Бирон (дунёвий) нарса тамасида ҳижрат қилган киши учун «Умму Қайснинг муҳожири» деб ном олган кишининг ажридан бошқа ҳеч нарса йўқдир».
Бу ҳадиси шариф муҳаддислар ва бошқа уламолар ичида «Умму Қайснинг муҳожири ҳадиси» номи билан машҳур. Ҳадиснинг бундоқ ном олиши бежиз эмас. Умму Қайс исмли маккалик муслима аёлга бир киши уйланмоқчи бўлган экан. Умму Қайс: «Мен Мадинага ҳижрат қилиб кетмоқдаман. Сен ҳам мусулмон бўлиб орқамдан Мадинага борсанг, сенга тегаман», дебди.
Ҳалиги одам ўн кун йўл юриб, Маккадан Мадинага келибди. Умму Қайсни излаб топиб, ўз ниятини яна айтибди. Шартни амалга оширгани учун Умму Қайс ҳам рози бўлиб, оила қурибдилар.
Дину диёнат учун ҳижрат қилган одамга улкан мартабалар ваъда қилинган. Аммо бу одам бир аёлга уйланиш учун ўн кун йўл юриб, Маккадан Мадинага келди. Агар Умму Қайсга уйланиш нияти бўлмаса, келмоқчи эмас эди. Энди бу одамга ҳам муҳожирлик мартабаси бўладими? Мана шу нарсалар саҳобаи киромлар томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўралганда, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳадисни айтганлар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳадисларида ниҳоятда қисқа иборалар билан бир олам маънони баён этганлар. Шунинг учун ҳам уламоларимиз бу ҳадиси шарифни алоҳида эътибор билан, ўрганиб чиққанлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу:
«Илмнинг учдан бири шу ҳадисда», деган эканлар.
Чунки, банданинг савоб касб қилиши уч нарса – дил, тил ва бадан орқали бўлади. Бу ҳадисда дил орқали бўладиган нарса тўла баён қилинган. Қолаверса, дин ички ва ташқи амаллардан иборат. Ният ички амал ҳисобланиб, қалб билан бўлади.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳи эса:
«Илмнинг ярми шу ҳадисда», деган эканлар.
Имом Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳи эса:
«Бу ҳадис Исломнинг мадори бўлган ҳадислардандир. Инсоннинг дини учун тўртта ҳадис кифоя:
1. «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир».
2. «Бирортангиз токи ўзи яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунча мўмин бўла олмайди».
3. «Киши Исломининг гўзал бўлиши ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилишидадир».
4. «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром очиқ-ойдиндир», ҳадисларидир», деган эканлар.
Басират аҳли охират саодати фаносиз ҳаёт, машаққатсиз бойлик, беморликсиз сиҳҳат, қариликсиз йигитлик эканини билгач у нарсага илм ва амал билан етишиш мумкинлигини билишди. Илми ҳолни қўлга киритишга ошиқишди. Сўнгра амалларни покизилашга енгни шимаришди. Амал ниятга муҳтож экани ҳеч кимга сир эмас. Ниятсиз амал бефойда машаққатдир. Ихлоси бўлмаган ният эса, пуч нарсадир. Шунинг учун мусанниф роҳимаҳуллоҳ «Ихлос ва ниятни ҳозирлаш» бобини барча боблардан муқаддам келтирдилар.
Ихлос тафсирида қавмнинг тушунчалари ҳар хил бўлди. Аммо мақсад битта эди.
Саҳл айтдилар: Зийрак кимсалар ихлоснинг тафсирида қуйидаги сўздан бошқасини топишмади.
Инсоннинг ҳаракати, сукунати, ичида ҳам, ташида ҳам, шериги бўлмаган Танҳо Аллоҳга бўлиши керак. Унга бирор нарса, ҳавои нафси ҳам ва мол-дунё ҳам аралашмаслиги керак.
Жунайд роҳимаҳуллоҳ: «Ихлос – Аллоҳ билан банда орасидаги сир бўлиб, уни ёзиб оладиган фаришта ҳам, мойил бўладиган ҳавои нафси ҳам ва бузадиган душмани ҳам билмай қолиши керак», деб айтдилар.
Ихлос – офатлар булғамаган ва таъвил билан рухсат берилган нарсалар унга эргашмагандир, деб айтилган.
Абулқосим Қушайрий: «Ихлос тоат-ибодатда Аллоҳ таолони якка ўзини мақсад қилиш, яъни, ибодати билан фақат Аллоҳ таолони ирода қилиш, бошқа нарсани мақсад қилмаслик ёки халойиқдан мақтовни мақсад қилмаслик ёки Аллоҳга яқин бўлишдан бошқа маънони мақсад қилмасликдир.
Фузайл айтдилар: Одамлар сабабли амални тарк қилиш риёдир. Одамлар учун амал қилиш ширкдир, ихлос эса, Аллоҳ бу иккисидан сени омонда қилганидадир.
Ихлос – Холиқга бардавом назар солиш ва халойиқга боқишни унутишдир. Ким ўзида йўқ нарса билан одамларга зийнатланса, Аллоҳнинг назаридан тушади.
Абу Абдурроҳман Суламийдан, у киши эса Абу Усмон Мағрибийдан ривоят қилади.
Ихлос – нафс учун ҳолатдан хатар бўлмаслигидир. Мана шу авомнинг ихлосидир. Мана шу авомнинг ихлосидир.
Хосларнинг ихлоси эса, уларнинг зарарига бўлиб фойдасига бўлмайди. Яъни, улардан ибодат содир бўлади, улар эса, ундан узилган бўладилар. Ҳеч қачон бажараётган амалларига кўзлари тушмайди ва эътибор ҳам қаратишмайди.
Зуннун айтдилар: Уч нарса ихлоснинг аломатидир.
1. Омманинг мақтови ҳам, ёмонлаши ҳам баробар бўлишидир.
2. Аллоҳга назар солиб, амалларни амаллар сирасидан деб кўришни унутиш.
3. Охиратдаги амалга савоб берилишини унутиш.
Ким ихлосида ихлосига гувоҳ бўлса, ихлоси ихлосга муҳтождир. Ҳар бир мухлиснинг ихлосидаги нуқсони ўзини ихлосини кўришидадир.
Ихлос – амалингга Аллоҳдан бошқа гувоҳни ва Ундан бошқа мукофот берувчини талаб қилмаслигингдир.
Баъзилар ихлосни амалингга Аллоҳдан бошқаси назар солмаслиги, унда ўзингни иштирокинг бўлмаслигини бу нарса Аллоҳ томонидан сенга берилиб, Ўзининг ибодатига аҳл ва мувофиқ қилганидан деб билишинг ва унга Аллоҳдан савоб талаб қилмаслигиндир, деб таърифлашган.
Абу Сулаймон Хаттобий: «Ният бир нарсани қалбингдан қасд қилишинг ва сен томондан унинг талабида бўлишингдир», деб айтганлар.
Баъзилар ниятни қалб азиймати, деб айтишган.
Қози Байзовий: «Ният бир мақсадни мувофиқ деб билган нарсанг томонга қалбни ошиқишидир. Бу билан бир ўша заҳоти ёки кейинчалик бир манфаатни жалб қиласан ёки бир зарарни дафъ қиласан. Шариат эса, ўша амал томон юз тутган ирода Аллоҳ розилиги талабида ва унинг ҳукмига бўйин эгган ҳолда хослаб беради», деб айтганлар.
Роғиб: «Ният қалбни амал томон юзланишидир», деб айтган.
5- وَعَنْ أَميرِ الْمُؤْمِنِينَ أَبي حَفْصٍ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ بْن نُفَيْلِ بْنِ عَبْدِ الْعُزَّى بْنِ رِيَاحِ بْنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ قُرْطِ بْنِ رَزَاحِ بْنِ عَدِيِّ بْن كَعْبِ بْنِ لُؤَيِّ بْنِ غَالِبٍ القُرَشِيِّ العَدَوِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّمَ يقُولُ: «إنَّما الأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ، وَإِنَّمَا لِكُلِّ امْرِئٍ مَا نَوَى، فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ ورَسُولِهِ فَهِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ، وَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ لِدُنْيَا يُصِيبُهَا، أَوِ امْرَأَةٍ يَنْكِحُهَا فَهِجْرَتُهُ إِلَى مَا هَاجَرَ إلَيْهِ» متَّفَقٌ على صحَّتِه، رَوَاهُ إِمَامَا الْمُحَدِّثِينَ: أَبُو عَبْدِ اللهِ مُحَمَّدُ بنُ إِسْمَاعِيلَ بْنِ إِبْرَاهِيمَ بْنِ الْمُغِيرَةِ بْنِ برْدِزْبَهْ الْجُعْفِيُّ الْبُخَارِيُّ، وَأَبُو الحُسَيْنِ مُسْلمُ بْنُ الْحَجَّاجِ بْنِ مُسْلِمٍ القُشَيْريُّ النَّيْسَابُوريُّ رَضِيَ الله عَنْهُمَا في «كِتَابَيهِمَا» اللَّذَيْنِ هُمَا أَصَحُّ الْكُتُبِ الْمُصَنَّفَةِ [خ 1، م 1907].