501-ҳадис

501. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаннат дарвозаси олдида туриб қарасам, у ерга кираётганларнинг асосий қисми бечора-мискинлар экан. Давлатмандлар эса ушлаб турилибди. Фақат дўзах эгалари дўзах сари амр қилинган», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: “Фақирлик айб эмас. Аллоҳ фақирларни кўпроқ яхши кўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фақир бўлганлар. Қаноат туганмас хазинадир. Зоҳидлик фазилат, тамаъ разолатдир. Самимийлик фақирларнинг дастмоясидир. Бойлар бировларнинг қонини сўрувчи кишилардир” деб, шу гапларга ишонтиришади. Улар заифликка ва тадбирнинг озлигига рози бўладиган қилиб қўйишади.

Бироқ, ҳеч ким сизга Усмон ва “Жайшул Усра”, Талҳа ва унинг саховати, Зубайр ва унинг кўчмас мулклари, Ибн Авф ва унинг тижоратлари, Ибн Абу Ваққос ва унинг садақалари ҳақида ҳаргиз гапирмайди.

Ҳеч ким сизга саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куфрдан ва фақирликдан паноҳ сўраганлари, “Юқори қўл (берувчи қўл) пастки қўл (олувчи қўл)дан яхшироқдир”, “Кучли мўмин Аллоҳнинг наздида заиф мўминдан яхшироқдир” деган ҳадисларини ҳаргиз айтмайди. Балки улар сизга “Фақир, заиф, муҳтож бўлсангиз, ҳеч қиси йўқ” дейишади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

“Сен: “Аллоҳ Ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!” деб айт. “Улар ҳаёти дунёда иймон келтирганларга, қиёмат кунида эса фақат ўзларига хосдир”, деб айт. Биладиган қавмлар учун оятларни мана шундай муфассал баён қиламиз” (Аъроф сураси, 32-оят).

Динимизда бой бўлишдан қайтарилмаган, ҳадиси шарифларда мусулмоннинг қўлидаги ҳалол мол нақадар яхши эканлиги таъкидланган.

Унутманг, фақирлик айб эмас, шунингдек, бойлик ҳам. Жаннатга фақирлар киради, бойлар ҳам.

Бойлар ҳам жаннатга кириши учун қўлларидаги бойлик Аллоҳ рози бўладиган ишларга сарф этилиши, охиратга ажр сифатида захира бўлиши керак. Бундан ташқари бойлик инсоннинг қалбини эгаллаб олиб, яшашдан мақсади бойлик йиғиш бўлиб қолмаслиги, балки бойликни охиратда улуғ мақом топиш учун бир восита қилиб олиши керак.

 

501 - وَعَنْ أُسَامَةَ بْنِ زَيْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «قُمْتُ عَلَى بَابِ الجَنَّةِ، فَكَانَ عَامَّةَ مَنْ دَخَلَهَا الْمَسَاكِينُ، وَأَصَحَابُ الجَدِّ مَحْبُوسُونَ، غَيْرَ أَنَّ أَصْحَابَ النَّارِ قَدْ أُمِرَ بِهِمْ إِلَى النَّارِ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 5196، م 2736].

وَ«الجَدُّ» الحَظُّ وَالغِنَى، وَقَدْ سَبَقَ بَيَانُ هَذَا الحَدِيثِ فِي (بَابِ فَضْلِ الضَّعَفَةِ) [برقم 265].


Улашиш
|
|
Нусха олиш