504-ҳадис

504. Урва Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Оиша: «Эй жиян, Аллоҳга қасамки, биз бир ҳилолни, сўнг яна бир ҳилолни, сўнг яна бир ҳилолни – икки ойда учта ҳилолни кўрардик ҳамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида (ўчоққа) ўт ёқилмас эди». «Тирикчиликларингиз нима бўларди, холажон?» дедим. «Икки қора – хурмо билан сув бўларди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ансорий қўшнилари бўлиб, уларнинг маниҳалари бор эди. Улар ўшанинг сутидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга юборишар, у зот ўшани бизга берар эдилар», деди».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Хурмо билан сувнинг икки қора нарса деб аталишида тангликда қолишга ишора бор.

«Икки қора нарса – хурмо билан сув». Аслида хурмо қора рангли бўлади, аммо сув рангсиз, шаффоф бўлади. Арабларда икки нарсани жамлаб зикр қилганда бирини иккинчисига қўшиб айтиш бор. Масалан, ой билан қуёшни «икки ой» дейишади.

Маниҳа – бировга сутини соғиб ичиш учун бериб турилган соғин ҳайвондир. Кейинчалик ҳар қандай тортиқ ҳам маниҳа дейиладиган бўлиб кетган. Истилоҳда ҳосилидан фойдаланиш учун вақтинча берилган боғ-роғ, туя, қўй ва шу кабилар маниҳа дейилади.

Ҳадисдан олинадиган хулосалар:

– Агар ваъз насиҳат олинишига сабаб бўлса, киши хонадонидаги ҳолатини очиқча гапириш жоизлиги.

– Эргашиш ва сўзидан манфаат олиш мақсадида бировни яшаш тарзини сўраб, билиш. Худди Урва ибн Зубайр холалари Оиша онамиздан сўраганларидек.

– Қўнилар бир-бирига яхшилик қилиши лозимлиги.

– Соғин ҳайвонни фойдаланиш учун бериб туриш жаннатни вожиб қиладиган амаллардан экани ҳақида.

– Одамлар аҳли илмларга ғамхўр бўлиб, уларни эҳтиёжларини қондириб туришлари маҳбуб экани.

– Оила бошлиғи аҳли ва фарзандларини ўзидан устун қўйиб нарса улашиши маҳбуб экан. Худди Расулуллоҳ с.а.в. аҳлияларини сут билан сийлаганлари каби.

504 - وَعَنْ عُرْوَةَ، عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّهَا كَانَتْ تَقُولُ: وَاللهِ يَا ابْنَ أُخْتِي؛ إِنْ كُنَّا لَنَنْظُرُ إِلَى الْهِلَالِ، ثُمَّ الهِلَالِ ثُمَّ الْهِلاَلِ؛ ثَلاَثَةُ أَهِلَّةٍ فِي شَهْرَيْنِ، وَمَا أُوقِدَ فِي أَبْيَاتِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ نَارٌ، قُلْتُ: يَا خَالَةُ؛ فَمَا كَانَ يُعَيِّشُكُمْ؟ قَالَتْ: الأَسْوَدَانِ: التَّمْرُ وَالْمَاءُ، إِلَّا أَنَّهُ قَدْ كَانَ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ جِيرَانٌ مِنَ الأَنْصَـارِ، وَكَانَتْ لَهُمْ مَنَائِحُ، وَكَانُوا يُرْسِلُونَ إِلَى رَسُولِ اللهِ مِنْ أَلْبَانِهَا فَيَسْقِينَا. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6459، م 2972/28].


Улашиш
|
|
Нусха олиш