«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир неча кишининг олдидан ўтиб қолди. Уларнинг олдида қовурилган қўй гўшти бор эди. Уни чақиришган эди, у ейишга кўнмади, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдан арпа нонга тўймай ўтиб кетдилар», деди».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Ҳамиша камбағалликдан шикоят қилиб юрганларни ёки бойлик, пул топиш орзусида ҳаловатини йўқотганларни кўрганда беихтиёр, «Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётларидан ибрат олинг, у зотнинг аҳли байти қандай кун кечирганига назар солинг, саҳобийларнинг, тобеъинларнинг турмушларини ўрганинг», дегинг келаверади. Бунга Ислом тарихида мисоллар тўлиб-тошиб ётибди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида ортларидан на бир динор ё дирҳам пул, на бир қул, на бир чўри қолдирмай, балки совутларини бир яҳудийга ўттиз соъ (бир соъ 2,176 килога тенг) таомга гаровда қолдириб дунёдан ўтдилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Мўминлар онаси Оиша бинти Абу Бакр розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёстиқлари теридан бўлиб, ичига хурмо қипиғи солинган эди” (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривояти).
Ҳар бир касалликнинг негизида тўқлик ётади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига тўлақонли амал қилган мўмин, тўқликнинг ортидан келадиган касалликларга чалинмайди.
«Касалликнинг фақатгина иккита сабаби бор. Биринчиси кўп ейиш, иккинчиси тўқ қоринга ейиш».
«Ошқозон касалликларнинг ўчоғидир. Парҳез эса давонинг бошидир».
Тўқлик — ҳар хил хасталикларни келтириб чиқаради, вужудни оғирлаштиради, уйқуни кўпайтиради, дангасаликка олиб келади, қалбни кўр қилади ва руҳни заифлаштиради. Тўқ киши таҳоратини кўп тутолмайди, кўп ухлайди ва қиёмул лайл каби буюк неъматдан маҳрум бўлади. Тўқлик инсонни гуноҳлардан қўрқмасликка, ёмонликларни тап тортмасдан қилишга олиб келади. Ақл яхши-ю ёмоннинг фарқига боролмайдиган, шукр қилолмайдиган бўлиб қолади. Шу сабабдан неъматлар камаяди, чунки неъматнинг шукри, унинг ортишига василадир. Тўқлик дунё муҳаббатига сабаб бўлади. Тўқ инсонга зикр қилиш оғир келади. Зикр эса калб зангини кетказади. Тўқ инсон ибодат завқини тополмайди. «Яқийн» деб аталмиш буюк неъматдан маҳрум бўлади. Тўқлик инсонни ғафлат сари етаклайди ва унинг сармояси бўлган умрини бекорчи нарсаларга сарфлашга сабабчи бўлади.
Очлик саломатликнинг калитидир, илмнинг шартидир.
Очлик инсонни Аллоҳдан узоқлашишига сабабчи бўлувчи ҳою-ҳавасларни камайтиради.
Очлик қалбни мунаввар қилади, руҳни тетиклаштиради.
Очлик вақтни ибодат билан ўтказиш имкониятини беради.
Очлик очларнинг аҳволини ҳис қилиб, уларга ёрдам беришга ундайди.
Яҳё ибн Муъаз Розий шундай деган: «Инсоннинг учта душмани бор: дунёси, шайтони, нафси. Дунёдан унда зуҳд қилиш билан, шайтондан унга қарши чиқиш билан, нафсдан шаҳватларни тарк қилиш билан ўзингни асра».
505 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْمَقْبُريِّ، عَنْ أَبي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّهُ مَرَّ بِقَومٍ بَيْنَ أَيْدِيهِمْ شَاةٌ مَصْلِيَّةٌ، فَدَعَوْهُ، فَأَبَى أَنْ يَأْكُلَ وَقَالَ: خَرَجَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مِنَ الدُّنْيَا وَلَمْ يَشْبَعْ مِنْ خُبْزِ الشَّعِيرِ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ [5414].
«مَصْلِيَّةٌ» بِفَتْحِ الْمِيمِ: أَيْ: مَشْوِيَّةٌ.