521-ҳадис

521. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларнинг яхшиларингиз менинг замондошларимдир. Сўнгра улардан кейин келганлардир, сўнгра улардан кейин келганлардир. – Имрон: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки марта ёки уч марта айтдиларми, билмайман», деди. – Кейин шундай бир қавм келадики, улар гувоҳлик сўралмаган ҳолда гувоҳлик беришади, хиёнат қилишади, омонатдор бўлишмайди, назр қилиб, вафо қилишмайди, уларда семизлик зоҳир бўлади».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат ўз умматларининг энг яхшиси, балки, инсоният тарихидаги барча умматларнинг энг яхшиси ҳақида хабар бермоқдалар. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари барча умматларнинг афзали эканлиги ҳаммага маълум ва машҳурдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматлари ичидан энг яхшиларини улар яшаган аср­лар бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларга бўлиб, бирин-кетин зикр қилмоқдалар:

1. «Умматимнинг энг яхшиси менинг асримдагилардир».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аср­лари энг яхши аср, яъни «асри саодат» эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бинобарин, ўша асрда яшаб ўтган мусулмонлар, яъни, саҳобаи киромлар нафақат мусулмон умматининг, балки барча умматларнинг энг яхшиси эканлигини ушбу ҳадисдан билиб олмоқдамиз. Саҳобаи киромлар ана шундоқ бахтга сазовор бўлганлар.

Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатдошлари бўлиш, у зотнинг муборак юзларини кўриш, сўзларини эшитиш, Қуръони Карим оятларининг нозил бўлиши ва бошқа кўплаб афзал ҳолатларнинг бевосита иштирокчилари бўлиш бахтига муяссар бўлганлар. Ушбу китоб ҳам бошқа кўплаб китоблар сингари оз бўлса-да, ана шу ҳақиқатни ёритишга қаратилгандир.

2. «Сўнгра улардан кейин келадиганлари».

Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асрларидан кейинги аср мусулмонлари у зотнинг асрларидаги энг яхшилардан кейин, иккичи ўринда турадиган яхшилардир. Булар тобеъинлар асри мусулмонларидир. Қайси мусулмон саҳобалардан бирорталарини ҳаётда кўрган бўлса, у тобеъин ҳисобланади.

Ушбу ҳадиси шариф тобеъин розияллоҳу анҳум­ларнинг асри саҳобаи киромлар асридан кейинги аср эканлиги, уларнинг ўзлари эса, саҳобаи киромлардан кейинги энг яхши мусулмонлар эканлигига далилдир.

3. «Сўнгра улардан кейин келадиганлари».

Бу учинчи асрдир. Бу асрда яшаган мусулмонлар тобеъинлардан кейин келган, саҳобаларни кўра олмаган мусулмонлар авлодидир. Улар «таба тобеъинлар» деб аталадилар. Ушбу учинчи аср ҳам, ундаги мусулмонлар авлоди ҳам соф Ислом таълимотлари асосида яшаган, ўзларида бузилишлар содир бўлмаган авлод эканликларига ушбу ҳадиси шариф далилдир.

«(Имрон, билолмадим, у зот ўз асрларидан кейин икки асрни зикр қилдиларми ёки учни, деди.)»

Ҳадиси шарифнинг ровийи Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу шакка тушиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки асрни айтдиларми, уч асрни айтдиларми, англай олмаган экан. Омонат юзасидан ўзларида борини ривоят қилган эканлар. Аммо бошқа ривоятлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уч асрни айтганларини таъкидлайди.

«Сўнгра сиздан кейин бир қавм бўлур».

Тўртинчи асрга келиб, энг яхши асрлар силсиласига футур етиш бошланар экан. Яхшилигига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам гувоҳлик берган мазкур асрлардан кейин бошқача бир қавм пайдо бўлар экан. Ўша қавмнинг сифатларида қуйидаги қусурлар бор экан.

«Гувоҳлик берурлар, улардан гувоҳлик сўралмас».

Улар талаб қилинмаса ҳам, гувоҳлик беришга ҳаракат қилар эканлар. Бу эса тақво камлигининг аломатидир. Саҳобаи киромлар фақат талаб қилингандагина Аллоҳ таоло учун гувоҳлик берганлар. Гувоҳликни ўзларига, қариндошларига қарши бўлса ҳам, тўғри берганлар. Гувоҳлик сўралмаса ҳам, гувоҳликка борадиганлар ғаразгўй бўлишлари турган гап. Кейинги асрларда кишиларда тақво ҳисси қолмагани учун шундоқ бўлишини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиндан айтиб қўйган эканлар. Шундоқ бўлди ҳам.

«Хиёнат қилурлар, уларга ишонилмас».

Ўша яхшилигига Пайғамбар алайҳиссалом гувоҳлик берган уч асрдан кейин келадиган асрлардаги кишилар омонатга хиёнат қиладиган бўладилар. Улар хиёнаткор бўлганликлари туфайли уларга ҳеч ким ишонмай қўяди. Саҳобаи киромлар хиёнат нималигини билмаган жамоа бўлганлар. Шунинг учун ҳатто душманлар ҳам уларга ишониб, омонатларини қўйганлар. Афсуски, ке­йинги авлодларда бу олиймақом хислат йўқолди.

«Назр қилурлар, вафо қилмаслар».

Вафодорлик саҳобаи киромларнинг доимий хислатлари бўлган эди. Улар назрга ҳам, қасамга ҳам ва бошқа вафо қилиш лозим бўлган ҳар қандай нарсага тўлиқ вафо қилар эдилар. Кейинги авлодларда ушбу ажойиб хислатнинг ҳам йўқолганлиги бутун инсоният учун бахтсизликдир.

«Ҳамда уларда семизлик зоҳир бўлур», дедилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ке­йинги авлодларнинг тақводан узоқлашганлиги, бепарволиги, ҳавои нафсга, айшу ишратга берилганлиги ичларида семириш тарқалишига сабаб бўлганлигини ҳам таъкидлаб айтмоқдалар. Бу ҳам набавий мўъжизалардан бири. Ҳозирги кунда энг кўп ташвишга сабаб бўлаётган муаммолардан бири ортиқча семириб кетишдир.

Саҳобаи киромлар бунга ўхшаш нуқсонлардан холи эдилар. Улар ёлғон гувоҳлик нима, хиёнат нима, аҳдга вафосизлик нима ва ортиқча семиз­лик нима эканлигини мутлақо билмаганлар. Биз ҳам у зотлардан ўрнак олишимиз керак.

521 - وَعَنْ عِمْرانَ بْنِ الحُصَينِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: «خَيْرُكُمْ قَرْنِي، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ» قَالَ عِمْرَانُ: فَمَا أَدْرِي قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مَرَّتَيْنِ أَوْ ثَلاَثاً «ثُمَّ يَكُونُ بَعدَهُمْ قَوْمٌ يَشْهَدُونَ وَلَا يُسْتَشْهَدُونَ، وَيَخُونُونَ وَلَا يُؤْتَمَنُونَ، وَيَنْذِرُونَ وَلَا يُوفُونَ، وَيَظْهَرُ فِيهِمُ السِّمَنُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6428، م 2535].


Улашиш
|
|
Нусха олиш