522. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Эй одам боласи! Ортиқчасини сарфлашинг ўзинг учун яхшидир. Унга мумсиклик қилишинг эса ўзинг учун ёмондир. Қаноатли бўлсанг, маломатга қолмайсан. (Садақани) қарамоғингдагилардан бошла».
Имом Термизий ривояти.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда ризқ-рўз масаласи, унга қандоқ муносабатда бўлиш, кимга қачон ва қандоқ нафақа қилиш ҳақида умумий қоида бўлиб қолган асослар эълон қилинмоқда:
1. «Ортиқчасини аямаслик яхшидир».
Мусулмон кишининг ўзидан ортиб қолган нарсани муҳтож кишиларга бермай олиб туриши яхши эмас. Бахиллик ва савоб ишлашни хоҳламаслик бўлади.
2. «Мумсиклик қилмоқ ёмондир».
Мусулмон киши мумсик бўлмаслиги керак. Мумсиклик ҳеч кимга яхшилик келтирмаган. Мумсиклик одамларнинг ҳам, Аллоҳ таолонинг ҳам ғазабига сабаб бўладиган ёмон сифатдир.
3. «Ўзига етарли бўлган маломат қилинмас».
Бировнинг топгани ўзига учма-уч етади. Бундоқ одамни хайр-эҳсон қилмаяпсан, деб маломат қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Шунингдек, ундоқ одам ўзини ўзи ҳам маломат қилмаслиги керак.
4. «Ўз аҳли аёлингдан бошла».
Ўзидан оширган одам нафақа беришни аввало аҳли аёлидан бошлаши керак. Бу унинг бўйнидаги вожибдир.
Имом Муслимнинг ривоятларида қуйидаги қўшимча бор:
5. «Устун қўл остин қўлдан яхшидир».
Ҳар бир мусулмон хайр-эҳсон берувчи қўл соҳиби бўлиш учун ҳаракат қилмоғи лозим ва, аксинча, остин қўл – хайр-эҳсон олувчи қўл соҳиби бўлмасликка уриниши керак.
522 - وَعَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَا ابْنَ آدَمَ؛ إِنَّكَ أَنْ تَبْذُلَ الفَضْلَ خَيْرٌ لَكَ، وَأَنْ تُمْسِكَهُ شَرٌّ لَكَ، وَلَا تُلَامُ عَلَى كَفَافٍ، وَابْدَأْ بِمَنْ تَعُولُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [ت 2343، م 1036].