526-ҳадис

526. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаларни кетма-кет оч ўтказардилар. Оилаларининг кечки овқатга бирор егулиги бўлмас эди. Кўпинча нонлари арпа унидан тайёрланган бўлар эди», дедилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан, саҳиҳ, дедилар.

Шарҳ: Ушбу ривоятларнинг барчасида мусулмон ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши экани ҳақида сўз кетмоқда. Мусулмон инсон турмуши яхши бўлиши учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо ризқ бериш Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига берилган ризқ-насиба Аллоҳнинг иродаси ила келмоқда, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри эмас.

Мусулмон одам Аллоҳ таоло томонидан берилган ризққа сабр қилиб, қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришади.

Пайғамбар алайҳиссалом оли байтларига ўлмагудек миқдорда қут беришнигина сўраган эканлар.

Ҳақиқий бойлик молу дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидадир.

Ушбу таълимотларни ҳар бир мусулмон яхшилаб ўрганиб, ўзига сингдириб олиши ва ҳаётга татбиқ қилиши лозим. Ана шундагина орамизда молу дунё деб одам ўлдирадиганлар, ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик қиладиганлар, фирибгарлик, алдамчилик, ёлғончилик ва бошқа разолатларни қиладиганлар қолмайди.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки неъмат борки, кўп одамлар уларда алданиб қолурлар. Улар соғлиқ ва бўш вақт», деганлар.

 

526 - وَعَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَبِيتُ اللَّيَالِيَ الْمُتَتَابِعَةَ طَاوِياً، وَأَهْلُهُ لَا يَجِدُونَ عَشَاءً، وَكَانَ أَكْثَرَ خُبْزِهِمْ خُبْزُ الشَّعِيرِ.

رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [2360].


Улашиш
|
|
Нусха олиш