527-ҳадис

527. Фазола ибн Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон одамларга (имом бўлиб) намоз ўқиб берсалар, кишилар очликдан намозда туриб йиқилиб тушишар эди. - Улар аҳли суффалар эди -. Ҳаттоки аъробийлар: «Мана шулар жиннилардир», дейишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлсалар, уларнинг ҳузурларига бориб: «Агар сизлар Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўзингиз учун тайёрлаб қўйилган нарсаларни билганингизда эди, бундан ҳам зиёда оч ва муҳтож қолишни яхши кўрган бўлар эдинглар», деб айтардилар.

Имом Термизий ривоят қилиб саҳиҳ ҳадис, дедилар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз бошчиликларида саҳобалар янги ҳижрат қилиб келганларида Мадинаи Мунавварада очлик ҳукм сурар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтда тасалли бериб, синиқ қалбларга сурур бағишлардилар.

«Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни очликнинг фазилатларини баён қилаётган эдилар. Шунда, бир киши: «Ҳазрат! Очликнинг ҳам бирор фазилатлари борми?», деди. Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ:

«Ҳа, агар Фиръавнга очлик етганда эди, у ҳолда у ҳеч қачон худолик даъвосини қилмаган бўлар эди. Фиръавн қорни доим тўқ юрганлиги сабабли, худолик даъвосини қилган эди», дедилар. Қачонки, қорин тўқ бўлса, у ҳолда банда ўз ҳаддини унутади. Аллоҳ таоло биз ожиз бандаларига ўз ҳаддимиз ва мавқеимизни ёдга солишлик учун Рамазон рўзаларини фарз қилди. Токи, бизга бироз очлик ҳам етсин ва чанқоқлик ҳам етсин. Шунда биз икки маҳал овқатланишлари мушкул бўлган, ғариб, бечора мискинларнинг оғир ҳолатларини ҳис қиламиз. Демак, рўзада ва оч юришда жуда кўп ҳикматлар бор. 

 

 

527 - وَعَنْ فَضَالَةَ بْنِ عُبَيْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا صَلَّى بِالنَّاسِ يَخِرُّ رِجَالٌ مِنْ قَامَتِهِمْ فِي الصَّلَاةِ مِنَ الخَصَاصَةِ - وَهُمْ أَصْحَابُ الصُّفَّةِ - حَتَّى يَقُولَ الأَعْرَابُ: هَؤُلَاءِ مَجَانِينُ، فَإِذَا صَلَّى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ انْصَرَفَ إِلَيْهِمْ فَقَالَ: «لَوْ تَعْلَمُونَ مَا لَكُمْ عِنْدَ اللهِ تَعَالَى، لأَحْبَبْتُمْ أَنْ تَزْدَادُوا فَاقَةً وَحَاجَةً». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ صَحِيحٌ [2368].

«الخَصَاصَةُ»: الْفَاقَةُ وَالجُوعُ الشَّدِيدُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш