537. Абу Бурда ва Абу Мусо ал‑Ашъарий розияллоҳу анҳулардан ривоят қилинади.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир ғазотга чиқдик. Биз олти нафар эдик. Битта туямиз бор бўлиб, уни навбатма-навбат минар эдик. Оёқларимиз ёрилиб кетди. Менинг ҳам оёқларим ёрилиб, тирноқларим кўчиб кетди. Оёқларимизга латталарни ўраб олар эдик. Оёқларимизга латталарни боғлаб олганимиз учун Зотурриқоъ ғазоти деб номланди».
Абу Бурда айтдилар: Абу Мусо буни сўзлаб бера туриб, кейин буни кариҳ кўрди. У бирор амалини ёйиб юрган бўлиб қолишни истамагандек, «Мен буни айтиб юраман деб қилмаган эдим», деди».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: «Риқоъ» сўзининг бирлиги «руқъа» бўлиб, парча, қийқим деган маънони билдиради. «Зотурриқоъ ғазоти» дегани латта парчалари ишлатилган ғазот демакдир. Бу ғазот бешинчи ҳижрий санада бўлган. Бу ғазотнинг номланиши ҳақида бошқача қарашлар ҳам бор, бироқ ушбу ҳадисдаги гап машҳур ҳисобланади.
Бу ғазот Муҳориби Хасфа ва Бану Саълаба ғазоти ҳам дейилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алаиҳи васаллам ўшанда Нахл деган жойга тушганлар. Бу ғазот Хайбар ғазотидан кейин бўлган, чунки шу ғазот ишгирокчиси Абу Мусо ал-Ашъарий Хайбар ғазотидан кейин исломга кирганлар.
Жобир ибн Абдуллоҳ: «Пайғамбар алайҳиссалом асҳоблари бирлан бирга еттинчи ғазот, яъни Зотурриқоъ ғазоти куни хавф намозини ўқидилар. Бу ғазотнинг «Еттинчи ғазот» деб аталишига сабаб у Бадр, Уҳуд, Хандақ, Қурайза, Мурайсиъ ва Хайбар ғазотларидан кейин воқеъ бўлган», дейдилар.
Ваҳб ибн Кайсон ривоят қиладилар: «Мен Жобирдан эшитдимки, Пайғамбар алайҳиссалом Нахлнинг Зотурриқоъ мавзесига чиқибдилар. Шунда мусулмонлар билан Ғатафон мушриклари тўқнашиб қолибди, лекин жанг бўлмабди. Чунки, Аллоҳ таоло ҳар иккала томонни хавфлантириб қўйибди. Жаноб Расулуллоҳ шу ерда икки ракат хавф намози ўқибдилар»
Солиҳ ибн Хаввот Зотурриқоъда Жаноб Расулуллоҳ бирлан бирга ғазотда бўлган кишидан эшитганларини бундай деб ривоят қиладилар: «Пайғамбар алайҳиссалом шу куни хавф намози ўқидилар. Аввал бир гуруҳ Жаноб Расулуллоҳ бирлан бирга намозга саф тортди, иккинчи гуруҳ эса душман бирлан юзма-юз турди. Жаноб Расулуллоҳ биринчи гуруҳ билан бирга бир ракат ўқиб, тик турдилар, қавм эса ўзи мустақил иккинчи ракатни ўқиб, намозни тугатди. Кейин, улар бориб душман билан юзма-юз турдилар. Шунда иккинчи гуруҳ келиб Жаноб Расулуллоҳга иқтидо қилди, у зот қолган иккинчи ракатни ўқиб бўлиб, ўтирдилар, жамоат эса ўзи мустақил намозни ўқиб тугатди. Сўнг, Жаноб Расулуллоҳ улар бирлан биргаликда салом бердилар»
Бу ҳадисдан олинадиган хулосалар:
– Саҳобалар оддийлик ва зоҳидликда яшашгани, улар ана шу қийинчиликлар рози бўлган ҳолда сабр қилишгани.
– Агар риё ва овоза бўлиб кетишдан қўрқилмаса, солиҳ амалларни зикр қилиш ва Аллоҳнинг неъматларини гапириш жоизлиги.
– Агар риёга мубтало бўлишдан қўрқса, солиҳ амалларни зикр қилишнинг кароҳияти.
537 - وَعَنْ أَبِي بُردَةَ، عَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَرَجْنَا مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ في غَزَاةٍ، وَنحْنُ سِتَّةُ نَفَرٍ بَيْنَنَا بَعِيرٌ نَعْتَقِبُهُ، فَنَقِبَتْ أَقْدَامُنَا، وَنَقِبَتْ قَدَمِي، وَسَقَطَتْ أَظْفَارِي، فَكُنَّا نَلُفُّ عَلَى أَرْجُلِنَا الخِرَقَ، فَسُمِّيَتْ غَزْوَةَ ذَاتِ الرِّقَاعِ؛ لِمَا كُنَّا نَعْصُبُ عَلَى أَرْجُلِنَا مِنَ الخِرَق، قَالَ أَبُو بُردَةَ: فَحَدَّثَ أَبُو مُوسَى بِهَذَا الحَدِيثِ، ثُمَّ كَرِهَ ذَلِكَ، وَقَالَ: مَا كُنْتُ أَصْنَعُ بِأَنْ أَذْكُرَهُ! قَالَ: كَأَنَّهُ كَرِهَ أَنْ يَكُونَ شَيْئاً مِنْ عَمَلِهِ أَفْشَاهُ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 4128، م 1816].