540. Абу Абдураҳмон Муовия ибн Абу Суфён Сахр ибн Ҳарб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сўрашда хиралик қилманглар. Аллоҳга қасамки, бирортангиз мендан бирон нарса сўраса-ю, ўша сўрагани учун ўзим истамаган ҳолда бирор нарса берсам, берган нарсамга ҳаргиз барака берилмайди».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Аслида мусулмон одам мискин, фақир-камбағал бўлиши керак эмас. Қўлидан келган барча ҳалол имкониятларни ишга солиб, ўзини ўзи таъминлаб фаровон турмуш кечиришга интилиши лозим. Бу мусулмонга фарз. Аммо дунё бир хил турмайди, турли ҳодисалар рўй беради, инсон хоҳлаган нарса бўлавермайди. Ана шу сабабга кўра танг ҳолатга тушиб қолган мусулмон ҳам ўзини бардам тутиши керак. Одамлар унинг бу ҳолини билиб қолмаслиги керак. Дарҳол бировлардан ёрдам, садақа сўрашга шошилиш яхши эмас. Ўзини ана шундоқ тутган одам мискин бўлади. Бошқа мусулмонлар уларни қидириб топишлари, закотга ҳақдор санаб, ҳақларини топширишлари лозим.
Одамлардан хиралик ила нарса сўраб юриш, бир-икки луқма учун ҳам тиланишдан қайтмаслик тиланчининг иши. Тиланчилик эса, мусулмонликда қоралангандир.
540 – وَعَنْ أبي عَبْدِ الرَّحْمَنِ مُعَاوِيَةَ بْنِ أبي سُفْيَانَ صَخْرِ بْنِ حَرْبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لاَ تُلْحِفُوا بِيَ الْمَسْأَلَةَ، فَوَاللهِ؛ لَا يَسْأَلُنِي أَحَدٌ مِنْكُمْ شَيْئاً، فَتُخْرِجَ لَهُ مَسْأَلَتُهُ مِنِّي شَيْئاً وَأَنَا لَهُ كَارِهٌ، فَيُبَارَكَ لَهُ فِيمَا أَعْطَيْتُهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1038].