541-ҳадис
541. Абу Абдураҳмон Авф ибн Молик Ашжаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Тўққиз ё саккиз ёки етти киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. У зот: «Аллоҳнинг Расулига байъат қилмайсизларми?» дедилар. Биз яқиндагина байъат қилгандик. Шу боис: «Сизга байъат қилганмиз­ку, эй Аллоҳнинг Расули!» дедик. У зот яна: «Аллоҳнинг Расулига байъат қилмайсизларми?» дедилар. Биз: «Сизга байъат қилганмиз­ку, эй Аллоҳнинг Расули! Хўп, нимага байъат қилайлик? Қайси нарсага байъат қиламиз?», дедик. У зот: «Аллоҳга ибодат қилиш, Унга ҳеч нарсани шерик қилмаслик, беш маҳал намоз ўқиш, итоат қилишга ва – яширин бир гапни пичирладилар – одамлардан ҳеч нарса сўрамасликка», дедилар.

Дарҳақиқат, ана ўшаларнинг баъзилари қамчиси тушиб кетса ҳам, бирор кишидан уни узатиб юборишни сўрамаганини кўрганман».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: «Байъат» арабча сўз бўлиб, луғатда «сотиш» маъносини англатади.

Истилоҳда эса давлат бошлиғиликка номзод одамнинг бошлиқ бўлишига рози бўлган шахснинг унга вафодорлигини ифода қиладиган, ваъдага ўхшаш аҳдномасини билдиради.

Бу маъно Қуръони Каримда икки марта: бири Фатҳ сурасида, иккинчиси Мумтаҳана сурасида зикр қилинган.

Аввалгиси эркакларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъатлари ҳақида бўлса, кейингисида аёлларнинг у зотга байъатлари хусусида айтилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларидаги байъат – аҳднома Исломга кириш ва унинг амалларини бажариш ҳақида бўлган.

Ўша вақтдаги байъатнинг баъзи тарафлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига, у зотга итоат қилишга бўлган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин халифага байъат қилиш йўлга қўйилган. Бу байъат ўзига хос сиёсий маънони акс эттирган. Давлат бошлиғи лавозимига сайлаш ва бошлиқ сифатида унга итоат қилиш маъносида бўлган.

Одамлардан бирон нарса сўрасангиз, бериш-бермасликлари даргумон. Агар берсалар, миннат қилишади. Рад этсалар, сизга хўрлик ва хорлик қолдиришади. Чўзилган қўлнинг силтаб ташланиши нафсга нафрат олиб киради. Кўнгил ойнасини чил-чил қилади. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи асҳобларидан байъат қабул қилаётганларида ҳеч қачон одамлардан сўрамаслик хусусида аҳд-паймон олганлар. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу, Абу Зарр Ғифорий разияллоҳу анҳу, Савбон ва Авф ибн Молик разияллоҳу анҳум ана шундай байъат берганлар сафида эдилар. Улар қамчилари ёхуд туяларининг жилови ерга тушиб кетса ҳам, ўзлари тушиб олардилар. Бировлардан илтимос қилмасдилар. (Муслим ва Абу Довуд ривоятлари).

Қодир ва Енгилмас Зотдан мадад сўранг;

Ёрдам аслида ҳар нарсага қодир Зотдан сўралади. Биз барча каттаю кичик муаммолар қаршисида кўмакка муҳтожмиз. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким на фойда ва на зарар келтира олади. Фақат Парвардигор мададигина ҳақиқий нусратдир. Аллоҳ мададидан мосуво бўлган кимса аниқ бадбахтдир! “Агар сизларга Аллоҳ ёр бўлса, ҳеч ким сизлардан ғолиб бўлмас. Ва агар сизларни ёрдамсиз қўйса, Ундан ўзга ҳеч бир зот ёрдамчи бўлмас”. (Оли Имрон сураси, 160-оят).

Қалблар Аллоҳ таоло измидадир. Пок Парвардигор уларни Ўзи хоҳлаган тарафга буриб қўюр. Модомики, шундай экан, келинг, ҳақиқий Хожамиз, Берувчимиз, Сақлагувчимиз, фазлу марҳамати чексиз Аллоҳ таолога илтижо қилайлик. Ҳар бир мушкулот қаршисида фақат У Зотни зикр этиб, қуллик мақомида туриб таваккул этайлик. “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас Аллоҳнинг Ўзи унга етарлидир!” (Талоқ сураси, 3-оят). “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз”. (Фотиҳа сураси, 5-оят).

 

Аллоҳдан ўзгадан мадад тилаш, ўзгалар ёрдамига кўз тикиш заифлик ва хорлик белгисидир;

Ёрдам сўраб қўл чўзган киши ўзининг ожизлигини, муҳтожлигини ҳолати билан эътироф этиб турган бўлади. Айни муҳтожлик инсонда фақат ва фақат Аллоҳ таолога нисбатан мавжуддир. Зеро, мадад тиламоқ ибодат моҳияти саналади. Аллоҳдан ўзгага кўз тикиш хорликдан бошқа нарса эмас. Аслида ёрдам сўралувчи фойда етказиш ва зарарни даф этишга ҳамда сўровчининг мақсадини рўёбга чиқаришга қодир бўлмоғи шарт. Мазкур сифат ҳам Ёлғиз Пок Парвардигор имконидадир. Кимда-ким ожиз бандани мана шундай деб ўйласа, умиди пучга чиқади. Ўзи ёрдамга муҳтож бўлган инсондан умидвор бўлмоқ оқиллар иши эмас. “Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олувчи йўқдир!” (Юнус сураси, 107-оят). “Аллоҳ одамлар учун не бир раҳмат-марҳаматни очиб қўйса, бас, уни тутиб қолувчи бўлмас ва нени тутиб қолса, бас, Ундан сўнг уни (бандаларга) юборувчи кимса бўлмас”. (Фотир сураси, 2-оят).

541 - وَعَنْ أَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ عَوفِ بْنِ مَالِكٍ الأَشْجَعِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا عِنْدَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ تِسَعْةً أَوْ ثَمَانِيَةً أَوْ سَبْعَةً، فَقَالَ: «أَلَا تُبَايِعُونَ رَسُولَ اللهِ؟» وَكُنَّا حَدِيثَ عَهْدٍ بِبَيْعَةٍ، فَقُلْنَا: قَدْ بَايَعْنَاكَ يَا رَسُولَ اللهِ!! ثُمَّ قَالَ: «أَلَا تُبَايِعُونَ رَسُولَ اللهِ؟» فَبَسَطْنَا أَيْدِينَا وَقُلْنَا: قَدْ بَايَعْنَاكَ يَا رَسُولَ اللهِ، فَعَلَامَ نَبَايِعُكَ؟ قَالَ: «أَنْ تَعْبُدُوا اللهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئاً، وَالصَّلَوَاتِ الخَمْسِ، وَتُطِيعُوا - وَأَسَرَّ كَلِمَةً خَفِيَّةً - وَلَا تَسْأَلُوا النَّاسَ شَيْئاً» فَلَقَدْ رَأَيْتُ بَعْضَ أُولَئِكَ النَّفَرِ يَسْقُطُ سَوْطُ أَحَدِهِمْ فَمَا يَسْأَلُ أَحَداً يُنَاوِلُهُ إِيَّاهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1043].


Улашиш
|
|
Нусха олиш