546-ҳадис

546. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Кимга қашшоқлик етганда буни одамларга арз қилса, қашшоқлиги аримайди. Ким буни Аллоҳга арз қилса, тезда ёки бироздан кейин унга Аллоҳ ризқни тезлатади».

Абу Довуд ва Термизийлар ривояти. Термизий ҳасан ҳадис, дедилар.

Шарҳ: Инсон қачон бирор дард ёки ғам ташвишга ботса, қарздор бўлиб қолса, уй жойсиз қолса, икки ҳолатдан бири бўлади. Биринчиси бу Аллоҳнинг қаҳри ва азобидир. Иккинчиси банданинг даражаси баланд бўлиши ва унга ажру савобни кўплаб берилишига сабабдир.

Иккиси орасида фарқ

Иккиси орасидаги фарқ шуки, биринчига мубтало бўлган киши Аллоҳ таолога юзланишни тарк қилади, тақдирига норози бўлади ва ҳаммага Аллоҳдан шикоят қилади. “Нега мени бунчалар балога гирифтор қилмаса? Нима гуноҳим бор? Ҳамма пул топмоқда, нима учун менга ризқ эшиклари ёпилиб қолган. Ёки ҳамма саломату менгина шундай дардга чалинганман” деяверади. Аллоҳ буюрган намоз, рўза ва бошқа фарзларни тарк қилади. Балолардан қутилиш чораларини қилсада, тавбага шошилиш, дуода бўлиш ва қилган хатоларини тўғрилашни, қилган зулм ва жафоларини тадоригини кўришни тарк қилади. Бу ҳолга тушиш бадбахтлик аломатидир.

Иккинчиси эса, агар бошига бало тушиши билан тавбага шошилиб, дуога қўл очиб: “Эй Аллоҳим, мен заифман, ночорман. Бунданда ортиғ балоларга лойиқман. Шундай бўлсада Ўз фазл-караминг ила менга нажот бергин” дейди. Дилида хатоларига афсус, тилида истиғфор бўлади. Юзидан ғами намоён бўлсада тилида Аллоҳдан шикоят қилиш, дилида нафратланиш деган нарса бўлмайди. Аксинча аввалгиданда ибодат ва зикрга машғул бўлади. Қилган хатоларини ўйлаб уни тўғрилашга киришади. Бу бало Аллоҳнинг раҳматидир, бу Аллоҳнинг ўша бандага муҳаббати борлиги ва унинг даражасини юқори бўлишини аломатидир.

Дунё ғамдан холи эмас

Баъзида кишилар: “Муҳаббат ҳам шундай бўладими? Яхши кўрган бандасини ҳам шундай балога гирифтор қиладими? Аллоҳ яхши кўрса, ором устига ором бахш этмасмиди?” дейишади. Бу дунё жаннат эмас, синов майдонидир. Инсон пайғамбар, валий, подшоҳ, бой ёки фақир-мискин бўладими, ким бўлишидан қатъий назар бирор дардга йўлиқиши, бошига ғам ташвиш тушишидан холи бўлмайди. Бир кун совуқ бўлса, бир кун иссиқ бўлади.  Бу дунёда соғлик ва касаллик, хурсандчилик ва хафагарчилик, роҳат ва ғам ташвиш бирга юради. Фақат азобу-азоб дўзахда, орому-ором жаннатда бўлади. Бу дунёда беғам бўлиш йўқ.

Аллоҳнинг ҳар кимга берган давлати алоҳидадир

Аллоҳ кимгадир иймон ва соғлик давлатини берса, кимгадир молу-дунё, кимгадир солиҳ фарзандалар, кимгадир бошқарувчилик ва яна кимгадир бошқа нарсаларни берган. Худди шунингдек кимгадир бирор дардни берган бўлса, кимгадир фарзандсизлик, кимгадир ноқобил фарзандларни ва яна кимларга турли-туман ғам ташвишни берган. Кимгадир бойлик бериб, соғлигини олиб қўйган, кимгадир соғлик бериб бойлигини олиб қўйган. Хуллас ҳамманинг ҳоли алоҳида-алоҳидадир. Ҳамма қайсидир бир имтиҳонда ва ҳар ким ўзига берилган дардга ҳам неъматга ҳам шукур қилиши керак.

Демак ҳадисдан оладиган хулосамиз шуки, инсон муҳтож бўлиб, ночор ҳолга тушиб қолганида ҳолини одамларга эмас, Аллоҳга шикоят қилиб, дардини у зотга жойнамоз устида ҳавола қилиши уқтирилмоқда.


546 - وَعَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ أَصَابَتْهُ فَاقَةٌ فَأَنْزَلَهَا بِالنَّاسِ لَمْ تُسَدَّ فَاقَتُهُ، وَمَنْ أَنْزَلَهَا بِاللهِ، فَيُوشِكُ اللهُ لَهُ بِرِزقٍ عَاجِلٍ أَوْ آجِلِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [د 1645، ت 2326].

«يُوشكُ» بِكَسْرِ الشِّينِ: أَي يُسرِعُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш