547. Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким одамлардан ҳеч нарса сўрамасликка менга кафолат беради? Мен унга жаннатга кафил бўламан», деганларида : «Мен», дедим. У ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамас эди».
Абу Довуд саҳиҳ иснод ила ривоят қилдилар.
Шарҳ: Савбон розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари (озод қилган қуллари) эдилар. Ушбу ҳадиси шарифни эшитган лаҳзаларидан бошлаб умрларининг охиригача ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамай ўтганлар. Келинг, Савбон розияллоҳу анҳу бу ишни қандай амалга оширганларини бошқа ривоятлар орқали яхшироқ ўрганиб чиқайлик.
Имом Ибн Можа келтирган ривоятда айтилишича: «Савбон розияллоҳу анҳу уловда кетаётганида қамчи қўлидан тушиб кетса ҳам бировга «анавини менга олиб бер», демас эди. Балки ўзи тушиб олар эди».
Абу Умомадан ривоят қилинишича, Савбон розияллоҳу анҳу байъат қилганда ҳам, бировдан ҳеч нарса сўрамасликка аҳд қилиб байъат қилган.
Абу Умома айтадилар:
«Савбонни Маккада одамлар энг зич жойда кўрдим. Улов миниб кетаётиб қўлидаги қамчиси одамларнинг елкасига тушар эди. Ўша одамлар қамчини олиб унга узатса олмас, ўзи ерга тушиб олар эди» (Имом Аҳмад, Насаий ва Табаронийлар ривоят қилишган).
Пайғамбар алайҳиссаломдан эшитилган ҳадисга амал қилиш қандоқ бўлишини бир кўриб қўйинг! Жаннатга кириш иштиёқи нечоғли кучли бўлишига бир эътибор қилинг! Бизни ҳам Аллоҳ таоло шундай даражаларга эриштирсин!
Яна бошқа бир мисол олиб кўрайлик:
Имом Аҳмад Ибн Абу Маликадан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Гоҳида Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қўлидан туясининг югани тушиб кетар эди. Шунда у туянинг билагига уриб чўктирар ва уни олар эди. Одамлар:
«Бизга айтсанг, олиб берар эдик», десалар, у киши:
«Мени ҳабибим соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлардан ҳеч нарса сўрамасликка амр қилган», дер эди.
547 - وَعَنْ ثَوْبَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ تَكَفَّلَ لِي أَلَّا يَسْأَلَ النَّاسَ شَيْئاً وَأَتَكَفَّلُ لَهُ بِالجَنَّةِ؟» فَقُلْتُ: أَنَا. فَكَانَ لَا يَسْأَلُ أَحَداً شَيْئاً. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ [1643].