551. Абу Абдуллоҳ Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бировингизнинг арқонларни олиб, кейин тоққа келиб, ортида бир боғлам ўтин олиб келиб сотгани ва бу билан Аллоҳ унинг шаънини сақлагани беришса -беришмаса, одамлардан тиланганидан яхшироқдир», дедилар».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Инсоният тарихида бу каби ўз меҳнати билан ҳаёт кечиришга тарғиб бўлмаса керак. Бировдан бир нарса сўраб олиб турмуш кечириш ўрнига, арқонни олиб, далага чиқиб ўтин териб келиб сотиш яхши.
Баъзи бир кишилар ўтин териб сотиш, мардикорлик қилиш ёки шунга ўхшаган ишларни қилишни ор ҳисоблайдилар. Аммо бировга ёлвориб, бир нарса сўраб ейишни ўзларига эп кўрадилар. Ёки айримлар бировнинг ҳақини турли ношаръий йўл ва услублар ила ҳаромдан олиб ейишлари билан кериладилар. Ҳолбуки, бировдан сўраб олиб кун кечириш ҳақиқий ор қилинадиган ишдир. Бировнинг ҳақини ҳаром йўл билан олиш эса, катта гуноҳдир. Аксинча, ҳалол йўл билан, пешона тери тўкиб ҳаёт кечириш энг тўғри, энг шарафли ишдир. Ризқ топиш учун қилинадиган ҳалол меҳнатнинг катта-кичиги, обрўли-обрўсизи бўлмайди. Энг ҳақиқий обрў меҳнат ила ҳалол ризқ топишдир. Энг ёмон обрўсизлик эса, бошқаларнинг топганидан кун кўришдир. Ислом таълимоти шу. Исломдан, унинг таълимотларидан узоқда бўлганда бу меъёр ва ўлчовлар ҳам тескарисига ўзгаради. Аслида тиланчилик Ислом жамиятига ёт бўлиб, унда ҳар қандай ҳалол меҳнат рағбатлантирилади.
Чиндан ҳам, мусулмон киши бировдан сўраб турмуш ўтказгандан кўра, ўтин териб сотиб кун кўришни афзал билади. Ҳар қандай шароитда ҳам ҳалол меҳнати билан ҳаёт кечиришга уринади.
551 - وَعَنْ أَبِي عَبْدِ اللهِ الزُّبَيْرِ بْنِ العَوَّامِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لأَنْ يَأْخُذَ أَحَدُكُم أَحْبُلَهُ ثُمَّ يَأْتِيَ الجَبَلَ، فَيَأْتِيَ بِحُزْمَةٍ مِنْ حَطَبٍ عَلَى ظَهْرِهِ، فَيَبِيعَهَا، فَيَكُفَّ اللهُ بِهَا وَجْهَهُ، خَيْرٌ لَهُ مِنْ أَنْ يَسْأَلَ النَّاسَ، أَعْطَوْهُ أَوْ مَنَعُوهُ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [1471].