553-ҳадис
553. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Довуд алайҳиссалом қўл меҳнати орқали тирикчилик қилардилар», деб айтдилар.

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Бу ҳадисда ҳам пешона тери билан топилган молу мулк билан ҳаёт кечириш афзал экани баён қилинмоқда. Ҳамма халқларда ҳам «емоқ» сўзи умумий маънода ишлатилиши маълум. Молу мулкни еди, деганда кийиш ва бошқа эҳтиёжларига ишлатилиши ҳам тушунилаверади.

Пайғамбарлар ичидан Довуд алайҳиссаломни алоҳида зикр қилинишида нима ҳикмат бор? Бундан ўз меҳнати ила топилган нарсани ейиш муҳтожликка боғлиқ эмаслиги келиб чиқади. Чунки Довуд алайҳиссалом дунёни сўраган подшоҳ бўлганлар. Дунёнинг ҳаммаси у Зотнинг ихтиёрларида бўлган. Лекин шундоқ бўлса ҳам темирчилик қилиб, совут ясаб, ана шундан тушган маблағни тирикчиликларига ишлатганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз меҳнатлари билан топилган нарсадан ҳаёт кечирганлар. Ҳатто уйдаги таомларини ҳам ўз қўллари билан тайёрлаганлар. Оиша онамиз рози­йаллоҳу анҳодан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларида қандоқ қилар эдилар, деб сўралганида, у Зот ўз аҳллари меҳнатида бўлар эдилар, намозга иқомат айтилса, чиқар эдилар, деб жавоб берганлар.

553 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «كَانَ دَاوُدُ عَلَيهِ السَّلَامُ لَا يَأْكُلُ إِلَّا مِنْ عَمَلِ يَدِهِ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [2073].


Улашиш
|
|
Нусха олиш