«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Икки кишидан бошқага ҳасад қилиш йўқ: Аллоҳ мол-дунё берган-у, уни ҳақ йўлда сарфлаб юборишга муваффақ қилинган кишига ҳамда Аллоҳ ҳикмат ато этган-у, у билан ҳукм чиқариб, уни ўргатадиган кишига».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: «Ҳасад» аслида бошқага берилган неъматнинг заволини орзу қилишни англатади. Бу гуноҳ ҳисобланади. Гоҳида «ҳасад» сўзи «ҳавас қилиш» маъносида ҳам келади. Яъни, бошқа кишига берилган неъматни кўриб, уни ўзида ҳам бўлишини орзу қилиш маъносида ҳам ишлатилади. Бунга араблар «ғибта», дейдилар. Ушбу ҳадиси шарифдаги «ҳасад» сўзи ана ўша ғибта – ҳавас қилиш маъносида келган.
Демак, фақат икки нарсадагина бировга берилган неъматни кўриб туриб, ўзига ҳам ўшандай неъмат берилишини орзу қилиш мумкин.
«(Биринчиси) Аллоҳ мол-дунё берган-у, уни ҳақ йўлда сарфлаб юборишга муваффақ қилинган киши».
Яъни, «менга ҳам Аллоҳ шу одамга бергандай молу дунё ато қилганида мен ҳам шу одамга ўхшаб уни яхшилик йўлида сарф қилар эдим», деб ҳавас қилса бўлади.
«(Иккинчиси) Аллоҳ илм-ҳикмат ато этган-у, у билан ҳукм чиқариб, уни ўргатадиган киши».
Ўша одамга ҳам бошқа мусулмонлар ҳавас қилса бўлади. Илм билан ҳукм чиқариш ўша илм тақозо этган нарсага ўзи амал қилиш ва одамларни ҳам шунга чақиришдан иборатдир.
Ҳаётимизда бу ҳадисга амал қилишга ниҳоятда муҳтож эканимизни айтиб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.
Ҳозирги кунда молу дунёси борларимиз уни Аллоҳ таолонинг розилиги учун сарфламайдилар. Аксинча, кўпроқ Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган ишларга ишлатадилар. Ваҳоланки, мулкдор, бадавлат кишиларимиз бундан тийилишлари, Аллоҳ берган молу дунёни Аллоҳ таоло рози бўладиган савоб ишларга сарфлашлари керак.
Ортиқча молу дунёси йўқларимиз эса, мулкдорларга ёмон маънодаги ҳасад кўзи билан қараймиз. «Нима учун менда йўқ молу дунё унда бўлиши керак?», деган ҳасад билан куйиб-ёнамиз. Фақат ҳасад ўтида ёнибгина қолмай, ўша биродаримизнинг молу дунёси завол топишини соғинамиз.
Аслида эса бадавлат одамга ҳасад эмас, ҳавас қилишимиз керак. «Кўз тегмасин фалончига, Аллоҳ таоло молу дунё неъматини керагича берибди, ўзига буюрсин! Аллоҳ таоло бизга ҳам унга берганидек молу дунё ато этса, биз ҳам яхши, ҳалол-пок, савоб йўлларга бу киши каби сарф қилишимизни насиб этсин», дейдиган бўлишимиз керак.
Ҳозирги кунда илмлиларимиз ўзи жуда ҳам кам. Илми борлар ичида эса, илмига амал қиладиганлари ундан ҳам кам. Илмсизларимиз эса жуда ҳам кўп. Илмлиларга ҳасад қилиб, уларга душманлик қиладиганларимиз эса бундан ҳам етарли.
Бу ҳолда ҳеч қачон яхшиликка эриша олмаймиз. Агар унга эришмоқчи бўлсак, худди ушбу ҳадисда иршод қилинганидек, ҳаммамиз илмга уриниб, олим бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Аллоҳ илм берганлар ўзига берилган илмга амал қилишлари, бошқаларга таълим беришлари ва ўша илмга амал қилишни уларга ҳам тайинлашлари керак. Илми йўқларимиз эса, илмлиларга ҳавас ва эҳтиром назари билан қараб, «Аллоҳ бизга ҳам илм берса, унга амал қилиб, бошқаларга ўргатсак эди», дейишлари зарур.
556 - وَعَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا حَسَدَ إِلَّا فِي اثْنَتَينِ: رَجُلٌ آتَاهُ اللهُ مَالًا، فَسَلَّطَهُ عَلَى هَلَكَتِهِ فِي الحَقِّ، وَرَجُلٌ آتَاهُ اللهُ حِكْمَةً، فَهُوَ يَقْضِي بِهَا وَيُعَلِّمُهَا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 73، م 816].
وَمَعْنَاهُ: يَنَبِغِي أَلَّا يُغْبَطَ أَحَدٌ إِلَّا عَلَى إحْدَى هَاتَينِ الخَصْلَتَيْنِ.