Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Яримта хурмо (ни инфоқ қилиб) бўлса ҳам, дўзахдан сақланинглар», деб айтдилар.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Садақа бандани дўзах ўтидан сақлайдиган омиллардан бири эканини Ушбу ҳадисдан билиб олса бўлади. Ҳатто яримта хурмони садақа қилиб бўлса ҳам банда ўзини дўзах ўтидан сақлашга ҳаракатда бўлиши керак. Яримта хурмо нима бўлар эди деган хаёлга бормаслик керак. Оз садақани писанд қилмаслик, оз садақа берганларни масхара қилиш мунофиқларнинг иши экани Қуръони каримда баён қилинган.
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида айтади: «Мўминлардан кўнгилли бўлиб садақа қилувчиларни ва ўз кучлари етгандан бошқани топа олмайдиганларни айблайдиган ва масхара қиладиганларни Аллоҳ масхара қиладир ва уларга аламли азоб бўладир» (79-оят).
Бу оятни яхшироқ тушунишимизга ояти карима нозил бўлиши пайтдидаги ҳодисаларни ўрганишимиз ёрдам беради.
Ибн Жарир Табарий ва ибн Ҳиббон раҳматуллоҳи алайҳимолар Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига чиқиш пайтида одамларни садақа қилишга қизиқтирдилар. Абдурроҳман ибн Авф тўрт минг тилло танга келтириб: «Эй Аллоҳнинг Расули, молим саккиз мингдан иборат эди. Ярмини олиб келдим, ярмисини олиб қолдим», деди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ сенинг олиб келганингга ҳам, олиб қолганингга ҳам барака берсин», дедилар.
Абу Ақийм бир соъ хурмо келтириб: «Эй Аллоҳнинг Расули, икки соъ хурмо топган эдим, бир соъни Роббимга қарзга бераман, бир соъни аҳли аёлимга», деди. Мунофиқлар уни айблаб масхара қилдилар: «Абдурроҳман ибн Авф фақат риё учун берган эди, Аллоҳ ва Унинг Расули манавининг соъига муҳтожларми?!» дейишди. Мунофиқларнинг маломатидан кўп садақа берган ҳам, оз садақа қилган ҳам қутула олмади. Мунофиқлар ҳар доим ва ҳамма жойда маломатдан бошқага ярамайдилар. Ўзлари бирор иш қилмай, пул-мол сарфламай юрадилар. Аммо қилганларни айблаш ва масхара қилиш билан овора бўладилар.
Ояти каримада ундоқ кимсаларни: «Мўминлардан кўнгилли бўлиб садақа қилувчиларни ва ўз кучлари етгандан бошқани топа олмайдиганларни айблайдиган ва масхара қиладиганлар», деб васф қилинмоқда.
Халқимизда бу ҳолни тўлиқ васф қилувчи «Ўзи беролмайди, берганни кўролмайди», деган нақл бор. Улар мўмин-мусулмонларни масхара қиладилар, аммо вақти келганда уларни: «Аллоҳ масхара қилади ва уларга аламли азоб бўладир». Чунки уларнинг ишлари тузалиб бўлмайдиган даражада қаттиқ бузилган. Ҳатто Пайғамбар алайҳиссалом улар учун истиғфор айтсалар ҳам, гуноҳлари мағфират қилинмайди.
558 - وَعَنْ عَدِيِّ بْنِ حَاتِمٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «اتَّقُوا النَّارَ وَلَوْ بِشِقِّ تَمْرَةٍ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1417، م 1016].