«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ислом учун бирор нарса сўрашса, албатта берар эдилар. Ҳузурларига бир киши келган эди, унга икки тоғ ораси(ни тўлдирадиган)ча қўй бердилар. У қавмининг ҳузурига қайтиб бориб, «Эй қавмим, мусулмон бўлинглар! Чунки, Муҳаммад фақирликдан қўрқмайдиган кишининг атосини берар экан», деди. Киши мол-дунё истабгина мусулмон бўлар, лекин мусулмон бўлгач Ислом у учун дунё ва ундаги барча нарсалардан кўра суюклироқ бўлиб қолар эди».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссалом қўли очиқ ва саховатли киши бўлиб, ул зотнинг ўзлари умматларини ҳам сахийликка қизиқтириб, шижоатлантирган ҳолда шундай дердилар: “Сахий киши Аллоҳга яқин, инсонларга яқин, жаннатга яқин бўлади. Бахил киши Аллоҳдан узоқ, инсонлардан узоқ, жаннатдан узоқ, жаҳаннамга яқин бўлади”. (Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатлари – мақталиш ёки бирор маломатдан қочиш учун бўлмаган. Ёки фахр-ифтихор ва маддоҳлар мақташини ният этмаганлар. Балки Расулуллоҳнинг саховатлари динни ҳимоя қилиш, ҳидоят йўлига чорлашни қўллаб-қувватлаш ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганларга қарши чиқишга қаратилган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз мол-дунёни сақлашни асло ёқтирмаганлар. Қўлларига тушган ғанимат ва ўлжаларни камбағал ва муҳтож мўмин-мусулмонларга инфоқ қилганлар.
Пайғамбар алайҳиссалом етимлар бошини силаб беваларнинг моддий таъминотига ғамхўрлик қилганлар. Ўз хожайини билан пул бериш эвазига озод бўлишга келишиб олган қулларни озод қилардилар. Ислом динига мойил бўлган қалбларни улфат қилиш учун мол-дунёни аямаганлар. Бу каби тадбирлар у зотнинг ҳаётлари давомида кўп кузатилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзгалари ва оилаларидан кўра бошқаларга кўпроқ саховат кўрсатганлар. Бирон нарсага ўзлари энг ҳожатманд бўлишларига қарамай, бошқаларга берганлар. Ўзлари муҳтож бўлиб турганда ҳам буни ўйлаб ўтирмай, дарҳол ҳадя қилиб юборганлар.
Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ йўлида имкони борича кўпроқ инфоқ қилсалар ҳам, буни оз санардилар. Кўп нарсаларни ҳадя қилиб юборсалар ҳам кўп бердим, деб ҳисобламасдилар. Ислом йўлида у зотдан бирор нарса сўралса, ҳеч қачон рад жавобини олинмаган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда саховат шу даражага етгандики, бирор нарса сўраб келган одамни қуруқ қайтариш ёки “Ўзимизда ҳам йўқ” деб узр айтишдан ҳаё қилар эдилар. Бир киши ёрдам сўраб олдиларига келганда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳозир менда ҳеч нарса йўқ, бироқ менинг номимдан нарса сотиб ол. Қўлимизга бирор нарса тушса, ўзим бериб қўяман”, дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Эй, Аллоҳнинг Расули, унга ҳадя қилдингиз. Ахир Аллоҳ таоло ўзингиз қодир бўлмаган ишга сизни буюрмаган-ку!”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу сўз ёқмади. Сўнг ансорлардан бир киши келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули, инфоқ қилаверинг, Арш эгаси бўлган Зот озайтириб қўяди, деб ўйламанг”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар. Ансорий кишининг сўзидан юзларида хурсандчилик аломати пайдо бўлиб: “Мана шунга буюрилганман”, дедилар. (Имом Термизий ривояти).
Ҳунайн куни ҳам озод қилинган кишиларнинг қалбларини исломга мойил қилиш учун кўп ҳадялар улашдилар. Ўшанда туяларни юзталаб тарқатдилар. Бундай ҳадяни олганлар орасида Молик ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Сўнгра Молик ибн Авф бу ишларини деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мадҳ этиб, қасида ҳам битган. (Имом Муслим ривояти).
Саид ибн Мусайяб Сафвон ибн Умайядан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга жуда кўп ҳадя берганлар. У киши мен учун мусулмон бўлишимдан олдин инсонларнинг энг ёмони бўлсалар, ҳадя берганларидан сўнг инсонларнинг энг суюклисига айланганлар”. (Имом Термизий ривояти).
565 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: مَا سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَلَى الإِسْلَامِ شَيئاً إِلَّا أَعْطَاهُ، وَلَقَدْ جَاءَهُ رَجُلٌ، فَأَعْطَاهُ غَنَماً بَيْنَ جَبَلَينِ، فَرَجَعَ إِلَى قَومِهِ فَقَالَ: يَا قَوْمِ؛ أَسْلِمُوا، فَإِنَّ مُحَمَّداً يُعْطِي عَطَاءَ مَنْ لَا يَخْشَى الفَقْرَ، وَإِنْ كَانَ الرَّجُلُ لَيُسْلِمُ مَا يُرِيدُ إِلَّا الدُّنْيَا، فَمَا يَلْبَثُ إِلَّا يَسِيراً حَتَّى يَكُونَ الإِسْلَامُ أَحَبَّ إِلَيهِ مِنَ الدُّنْيَا وَمَا عَلَيْهَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2312/57، 58].