568-ҳадис

568. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Садақа бериш билан мол-дунё камайиб қолмайди. Аллоҳ таоло кечиримли бўлган бандасининг иззат-шарафини зиёда қилади. Бирор киши Аллоҳ учун ўзини ҳокисор тутса, Аллоҳ азза ва жалла уни мартабасини баланд қилади», дедилар.

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: «Садақа» сўзи луғатда бировни икром қилиш нияти ила эмас Аллоҳ таолога қурбат нияти ила бериладиган нарсадир. Бу мано закот ва ихтиёрий садақани ўзи ичига олади.

«Садақа» уламолар истилоҳида Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш нияти ила тириклик чоғида эвазсиз мулк қилиб беришдир.

Роғиб Асфиҳоний айтади: «Садақа инсон ўз молидан қурбат нияти ила чиқарган нарсадир. Закотга ўхшаб. Аслида ихтиёрий мол чиқаришни садақа дейилади. Фарз мол чиқаришни закот дейилади. Гоҳида ҳар бир яхшилик ишни ҳам садақа дейилиши бор.

Агар молни муҳтож кишига эвазсиз мулк қилиб беришдан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш кўзланса, садақа бўлади.
Агар молни бериладиган шахс олдига уни улуғлаб ва меҳрини қозониш учун олиб борилса, ҳадия бўлади.

Ўлими олдида мол улашиш атийяя бўлади.
Бошқа ҳолатларда ҳиба бўлади.

Садақанинг садақа деб аталишига сабаб у ўз эгасининг иймони ва нияти содиқлигини тасдиқлаши учундир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин-мусулмон бандаларини садақа қилишга тарғиб қилган. Мазкур оятлардан баъзиларини тақдим қилишга ижозат бергайсиз.

Аллоҳ таоло «Мунофиқуун» сурасида айтади: «Сизлардан бирингизга ўлим келиб «Эй Роббим, агар мени оз муддатга таъхир қилиб турсангда, садақа қилиб солиҳлардан бўлиб олар эдим», дейишидан олдин Биз сизга ризқ қилиб берган нарсадан инфоқ қилиб қолинглар» (10-оят).

Куч-қувватнинг борида, молу-дунёнинг етарлиги да ҳеч нарса хаёлга келмай, садақа қилишни эсга ҳам олмай юриб-юриб, ўлим элчиси эшик қоқиб келганда Аллоҳга ёлбориб «мени бир оз ўлдирмай тургин, садақа қилиб, аҳли солиҳдан бўлиб олай», дегандан фойда йўқ. Балки ёшликда, куч-қувватнинг борида ибодатларни ўрнида адо этиб, садақаларни қилиб аҳли солиҳлардан бўлиб олиш керак.

Ана ўшанда ўлим элчиси ҳам ҳеч нарсадан қўрқмай, ҳеч нарсага афсус қилмай кутиб олинади. Ҳа, вақтида Аллоҳ таоло берган ризқдан жойини топиб инфоқ қилиб қолиш керак. Кейин эса кеч бўлади.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: «Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхшидир. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (271-оят).

Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига тоат ошкора кўринади ва ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам мазкур садақадан тушиб қолиши мумкинлиги олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, уни махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади. Ояти каримада: «Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхшир», дейилганида, фарз садақалар кўзда тутилган.
«Агар махфий қилсангиз», дейилганида, ихтиёрий садақалар кўзда тутилган.

«... ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир».
Яъни, садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир.

Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.

Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлади:

«Сиздан гуноҳларингизни ювадир».

Бу ваъда ўз навбатида кишиларнинг қалбини ларзага солади, тақво ҳиссини ортдиради.

«Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир».
Ҳар бир амалингизга ўзига яраша мукофот ёки жазо беради.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ушбу ояти кариманинг тафсирида қилинган ривоятда у киши айтадиларки: «Аллоҳ таоло ихтиёрий садақада махфийликни жорий қилган. Бу борада махфийси ошкорасидан етмиш марта кўп савобга эга бўлади. Фарз садақанинг ошкорасини махфийсидан йигирма беш марта афзал қилган».

Маълумки, одамнинг топган мол-мулкидан ўз ихтиёри билан бошқа кишиларга садақа қилиши осон эмас. Бунинг учун доимий равишда тарғибот олиб бориб, одамлар қалбидаги бахиллик, молга бўлган ҳирс ҳисларини йўқотиш керак бўлади.

Иккинчидан, сахийлик даражасига етганларида риёкорликни йўқотиш учун ҳаракат қилмоқ лозим бўлади.

Ҳаётий тажрибада ҳам мол сарфлашни йўлга қўйишдан кўра, риёдан қочишни йўлга қўйиш қийин эканлиги кўрилган. Кишиларда қилган садақасини, яхшилигини одамлар билишини хоҳлаш табиати кучли.

 

 

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: «Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур ва садақаларни ўстирур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас» (276-оят).

Бандалар пул-молларини зиёда бўлиши учун рибохўрлик қилишади ва ўзларига келган фойдани санаб юришади.

Аслини олганда иши бунинг тескариси.
«Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур».

Судхўрнинг пули ҳисоб жиҳатидан кўп бўлса ҳам Аллоҳ унинг баракасини кўтариб, егани ўзига юқмайдиган қилиб қўяди. Судхўрни турли касалликларга дучор қилади, тинчлигини, хотиржамлигини олади. Яна биз билмайдиган кўп бало-офатларга дучор қилади.

Шунингдек, сиртдан қараганда, садақа қилган кишиларнинг моли камайганга ўхшайди. Аслида эса, иш бунинг тескариси бўлади: Аллоҳ «садақаларни зиёда қилур». Агар ҳисобда садақа қилувчининг моли ҳажми оз бўлса ҳам, Аллоҳ унга барака ато қилади, бало-офатлардан сақлайди, ўзини тинч, хотирини жам қилади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи қилган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Рибо гарчи кўпайса ҳам, оқибати, албатта, озайишга қайтади», деганлар.

Имом Муслим ва Имом Термизийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Ким ҳалол касбидан бир дона хурмо миқдорича садақа қилса, зотан Аллоҳ ҳалолдан бошқани қабул ҳам қилмайди, албатта, Аллоҳ уни ўнг қўли билан қабул қилади ва сизлар тойчоқни ўстирганингиздек, ўстириб, Уҳуд тоғича қилади», деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши пок садақа қилган бўлса, Аллоҳ покдан бошқа нарсани қабул ҳам қилмайди, албатта, уни қўйган пайтида, Роҳманнинг кафтига қўяди. Албатта, Аллоҳ бирингизнинг бир дона хурмосини, худди у тойчоғини ёки бўталоғини тарбия қилгандек тарбия қилиб, тоғчалик қилади».

Ушбу ҳадиси шарифда мўмин-мусулмонларга ҳаром молдан жуда эҳтиёт бўлиш таъкид ила тушунтирилмоқда. Молни инфоқ, садақа қилиш, Закот бериш яхши нарса экани, аммо шундай яхшилик учун мол ҳалол-пок бўлиши шарт эканлиги уқтирилмоқда. Чунки, Аллоҳ таоло ҳалол-пок бўлмаган молдан қилинган садақани қабул қилмайди.
Баъзи бир кишилар Закот, садақа молни поклайди, деган тушунчани суиистеъмол қилиб, ҳаром-харишдан топган молидан бир оз садақа бериб, энди молим пок бўлди, деса, гаплари нотўғри эканига ушбу ҳадис далилдир.
Закот ва садақага инфоқлар ҳалол молдан бўлгандагина қабул қилинади ул молни поклайди, ўсишига, баракасига сабаб бўлади. Ҳаром йўл билан, яъни ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, мансабини ишлатишлик, қимор, ҳаром нарсалар сотиш, ҳаром ишлар қилиш каби йўллар билан топилган ифлос молни ҳеч нарса покламайди.

Баъзи ҳукамоларимиз ҳаром молни садақа билан покламоқчи бўлганларни нажосатни сийдик билан ювмоқчи бўлаётганларга ўхшатганлар.

Садақа қилинган бир дона хурмо Аллоҳнинг кафтида туриб, тоғдек катталашиб кетар экан, савоби ҳам шу даражада катта бўлар экан.

Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга садақанинг катта-кичиги бўлмаслигини тушунтирмоқдалар. Хурмонинг бир донаси жуда кичкина нарса, бироқ банда шуни садақа қилса ҳам, эътиборсиз қолмас экан. Бу нарса бориб Аллоҳ Таолонинг қўлига тушар экан. Банда садақа қилган нарсанинг Аллоҳнинг қўлига тушиши жуда улуғ нарсадир. Ўша турган ҳолида қолиши ҳам катта нарса эди, бироқ Аллоҳ Таоло бу садақани худди бир ҳайвоннинг янги туғилган боласини авайлаб катта қилгандек, ўстириб, катта қилар экан, бориб-бориб, бу бир дона хурмо катта адирдек савобга айланар экан.
Демак, қўлдан келган ҳар қандай яхшиликни қилавериш керак экан, кичик бўлгани учун паст санаб, беписандлик қилмай, ихлос билан садақа қилавериш керак экан.


568 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا نَقَصَتْ صَدَقَةٌ مِنْ مَالٍ، وَمَا زَادَ اللهُ عَبْداً بِعَفْوٍ إِلَّا عِزّاً، وَمَا تَوَاضَعَ أَحَدٌ للهِ إِلَّا رَفَعَهُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2588].

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш