569. Абу Кабша Умар ибн Саъд Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Бу киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:
«Уч нарсага қасам ичаман ва сизларга бир ҳадисни гапириб бераман. Сизлар уни ёдлаб олинг:
Банданинг моли садақадан камайиб қолмайди. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар» (ёки шунга ўхшаш бир калима). Мен сизга бир ҳадис айтаман, ёдлаб олинглар: «Албатта, дунё тўрт нафарникидир:
Бир бандага Аллоҳ молини ҳам, илмини ҳам ризқ қилиб берган. У бу билан Роббисига тақво қилур. Силаи раҳм қилур. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билур. Бу энг афзал даражадир.
Бир бандага Аллоҳ илмни ризқ қилиб берибди-ю, молни ризқ қилиб бермабди. У содиқ ниятли бўлиб, агар молим бўлганида фалончининг амалини қилар эдим, дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг ажри баробардир.
Бир бандага Аллоҳ молни ризқ қилиб берибди, аммо илмни бермабди. У илмсиз равишда молини тўғри келган тамонга сочади. У билан Роббисига тақво қилмайди, силаи раҳм қилмайди. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билмайди. Бу энг ёмон даражадир.
Бир бандага Аллоҳ молни ҳам, илмни ҳам ризқ қилиб бермабди. У эса, агар молим бўлганида фалончининг амалини қилар эдим, дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг гуноҳи баробардир», дедилар».
Имом Термизий ривояти. Имом Термизий уни ҳасан, саҳиҳ ҳадис деб айтганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа иборалар билан ўта муҳим ҳақиқатларни баён қилмоқдалар. Ҳадиси шарифда зикр этиладиган ҳақиқатларнинг жуда ҳам муҳим эканига аввалдан қасам ичишлари ҳам бунга далолат қилиб турибди.
Ҳадиснинг аввалида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарсага қасам ичаман», демоқдалар.
Жуда муҳим бўлмаса, у киши ҳеч қачон қасам ичмайдилар. Хўш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қасам ичиб таъкидлашларига арзийдиган ўша уч нарса нима экан?
1.«Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас».
Банда ўз молидан бошқа бировга садақа берса, зоҳиран унинг моли садақа қилиб берилган миқдорча камайганга ўхшайди. Лекин аслида эса, Аллоҳнинг наздида у кўпаяди. Ақалли нуқсонга учрамайди. Аллоҳ таоло садақа қилинган молга барака беради, унинг эвазига бошқа томондан зиёда қилади. Садақа қилинган мол эса, бу дунёдан у дунёга кўчирилган бўлди, холос.
Бир гуруҳ одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Сўйилган ҳайвоннинг тўртдан бири қолди, холос, қолганини садақа қилдик», деганларида, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тўртдан биридан бошқаси қолибди», деганлар.
2. «Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур».
Бу ўч олиш имконига эга бўлатуриб, ўзига зулм қилган одамни афв қилиб юбориш фазилатли иш эканини кўрсатади. Золимнинг зулмини рад этиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи. Аммо шахсий масалаларда бировдан зулмга учраб, уни кечириб юбориш ҳам фазилат. Чунки ўзаро афв қилиш бўлмаган жамиятда тартибсизлик, зулм кўпаяди. Бундай жамият аъзолари орасида ўзаро душманлик руҳи кучаяди. Оқибатда бундай жамият таназзулга юз тутади.
Афвнинг фазилати тўғрисида ҳам тегишли бобда алоҳида сўз юритгаймиз, иншааллоҳ.
3. «Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар».
Банда осонлик билан ризқ топиш йўлига ўтиб, дангасалик қилса, тиланчиликни ўзига раво кўрса, Аллоҳ таоло уни камбағаллик сиртмоғига солиб қўяди.
Ислом кишиларни пешона тери билан, ҳалол-пок меҳнат орқали кун кўришга чақиради. Тиланчилик билан ҳаёт кечиришни қоралайди. Гарчи Исломда тиланчиликка изн берилса ҳам, ноилож қолганда, иффат ила қилиниши кўзда тутилган. Тиланчилик яхши нарса эмаслиги кўплаб ҳадисларда уқдирилган. Ҳатто тиланчи тиланчилик қилаверса, юзидан бир парчадан гўшти узилавериб, қиёмат куни юзида гўшт қолмай тирилади, деган маънодаги ҳадис ҳам келган.
Ҳадисда шу жумладан кейин «ёки шунга ўхшаш бир калима» деган ибора келган. Бу ҳолат жуда кам бўлса-да, баъзи бир ривоятларда учрайди, буни «Ровийнинг шаки» дейилади, яъни, ровийнинг қулоғига яна шунга ўхшаш бир калима ҳам эшитилганга ўхшаган-у, аниқ етмаган, шунинг учун омонатга хиёнат бўлмасин, деб ҳолатни ҳам баён қилиб қўйган.
Сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитиб турган саҳобаларга:
«Мен сизларга бир ҳадис айтаман, ёдлаб олинглар», дедилар.
Бу ҳам айтиладиган ҳадис ўта муҳим эканига далолат қилади. Қани, ўша ҳадисни батафсил ўрганиб чиқайлик-чи, унда яна қандай ҳикматлар ҳақида гап кетади экан.
«Албатта, дунё тўрт нафарникидир».
Яъни, бу дунёда яшайдиган одамлар тўрт хилга бўлинадилар:
1. «Бир бандага Аллоҳ молини ҳам, илмини ҳам ризқ қилиб берган. У бу билан Роббисига тақво қилур. Силаи раҳм қилур. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билур. Бу энг афзал даражадир».
Яъни, мазкур тўрт хил одамлардан биринчи хилига Аллоҳ таоло ҳам молу дунё, ҳам илм-маърифат берган бўлади. Шу билан бирга, ўша одам ўзи эришган нарсалар ила Роббисига тақво қилиб яшайди. Молу дунёсини Аллоҳ кўрсатганидек, сарфлайди. Илмини ҳам тақво йўлида ишлатади. Силаи раҳм, қариндошлик алоқаларини яхши қилиб боради. Ҳам молу дунёдаги, ҳам илмдаги Аллоҳнинг ҳаққини адо қилади. Молининг закотини бериб, ундан садақалар қилади, Аллоҳнинг дини йўлида сарфлайди. Илмига амал қилиб, кишиларни тўғри йўлга чақиради ва ҳоказо. Бу мазкур тўрт тоифа ичида энг афзал даражадир.
Демак, Ислом нуқтаи назарида энг яхши одам молу мулкка ҳам, илмга ҳам соҳиб бўлиб, ҳар икки соҳада ҳам Аллоҳнинг ҳаққини адо этгувчи, қариндош-уруғларига яхшилик қилгувчи тақводор кишидир. Бунда Исломда молу дунё қораланади, деганларга раддия бор.
Ислом назарида молу дунёнинг айни ўзи ёмон нарса эмас, балки унга ҳирс қўйиш, уни нотўғри йўлларга сарфлаш ёмон. Молу дунё бўлсаю уни тўғри йўл билан, шариатда кўрсатилганидек, жойига сарфлаш жуда ҳам яхшидир. Шу боис ҳадиси шарифда энг яхши тоифадаги одамда ҳалиги шартлар билан молу дунё бўлиши маъқул кўрилмоқда.
2. «Бир бандага Аллоҳ илмни ризқ қилиб берибди-ю, молни ризқ қилиб бермабди. У содиқ ниятли бўлиб, агар менинг молим бўлганида фалончининг амалини қилар эдим, дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг ажри баробардир».
Ҳадисни бу бобда келтирилишига ҳам шу қисми сабаб бўлган. Чунки бу ерда киши ниятига яраша савоб олиши ҳақида сўз кетмоқда.
Бу ерда васфи келган одам Ислом назарида энг афзал бўлмаса ҳам яхши одам ҳисобланади. Унинг ўзига яраша илми бор. Илмига амал ҳам, тақво ҳам қилади. Аллоҳнинг ҳаққини адо этади. Молу мулки бўлмаса ҳам Аллоҳга тақво қилиш, Аллоҳнинг ҳаққини адо этишни орзу қилади. Агар молим бўлганида, олдин зикри келган одамга ўхшаб яхши амалларни бажарар эдим, деб ният қилади. Аллоҳ таоло унга шу яхши нияти учун молу мулк сарфламаса ҳам сарфлаганнинг ажру савобини беради. Чунки у ниятига содиқ одам, агар моли-пули бўлганида Аллоҳнинг йўлида сарфлаши турган гап эди. У худди шу ният билан яшамоқда.
3. «Бир бандага Аллоҳ молни ризқ қилиб берибди, аммо илмни бермабди. У илмсиз равишда молини тўғри келган томонга сочади. У билан Роббисига тақво қилмайди. Силаи раҳм қилмайди. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билмайди. Бу энг ёмон даражадир».
Энг афзал ва яхши одамларни васф қилиб бўлинганидан кейин энди энг ёмон даражадаги одамни васф қилиш бошланди. Бундай одамга Аллоҳ таоло молу дунё берар экан, аммо илм бермас экан. Илми бўлмаганидан кейин илмлилардан сўраб, тасарруф қилса бўлар эди. Аммо бу жоҳил одам ундай қилмай ўзича тасарруф қила бошлади. Аллоҳ таоло унга ризқ қилиб берган молу дунёни илмсиз равишда тўғри келган томонга сочди, ҳаром-хариш ишларга, фисқу фасодга сарфласа сарфладики, қариндош-уруғларига силаи раҳм ҳам қилмади. Бундай одам ўзига ризқ қилиб берилган молу дунёдаги Аллоҳнинг ҳаққини ҳам билмайди, закотини, хайр-садақасини бермайди. Аллоҳ ризқ қилиб берган мол-дунёни Аллоҳнинг йўлига эмас, аксинча, гуноҳ йўлларга сарфлайди. Демак, бундай одам албатта энг ёмон даражадаги киши бўлиши турган гап.
4. «Бир бандага Аллоҳ молни ҳам, илмни ҳам ризқ қилиб бермабди. У эса, агар молим бўлганида фалончининг амалини қилар эдим, дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг гуноҳи баробардир».
Тўртинчи тоифадаги одамда молу дунё ҳам, илм-маърифат ҳам йўқ. Шу билан бирга, бу одамнинг нияти ҳам бузуқ. Илмли бўлишни хаёлига ҳам келтирмайди. Аммо молим бўлса, фалончининг амалини қилар эдим, деб юқорида зикр қилинганидек, илм берилмай мол берилган, молини фисқу фасодга сарфлаган одамга ўхшашни орзу қилади. Бу одам нияти бузуқ бўлгани учун ниятига яраша гуноҳ олади. Ёмон амал қилмаса ҳам агар имкони бўлса, тап тортмаслиги эътиборидан унга гуноҳ ёзилади.
Бу ҳадиси шарифнинг ҳикмати қанчалар улуғ эканини билиш учун унинг ёғдуси ила бугунги кунимиз воқеълигига бир назар ташлаб чиқишимизнинг ўзи кифоя.
Зулмга учраган одамларнинг сабр қилиши ҳам шунга ўхшаш. Аввало, Аллоҳ учун сабр қиладиганлар кам. Урина-урина, қўлидан бир нарса келмаганидан кейин сабр эсига тушадиганлар бўлиши мумкин. Лекин зулмга сабр қилиш туфайли иззати ошишини эътиқод даражасига кўтара олганлар кам. Бу масалада ҳам ушбу ҳадиси шариф ҳикмати даражасига кўтарилишга муҳтожмиз.
Ислом дини тиланчиликни қанчалик қоралашига қарамасдан «мусулмонман», деб юрганлар ичида тиланчиларнинг кўплиги кишини ҳайратга солади. Тиланчилик қилаётганлар бу ишни ўзларига касб қилиб олганлар, десак муболаға бўлмайди. Исломда ночор қолган одамга бир ёки икки марта, ўзини ўнглаб олгунча тиланчилик қилишга изн берилган. «Қути лаа ямути» бўлмаган киши учун тиланчилик қилишга рухсат берилган. Лекин ҳозирги кунимиздаги тиланчиларнинг кўплари бу шартларга риоя қилмайдилар. Улар ҳамма нарсалари бўлатуриб ҳам, қорин тўйғазиш учун эмас, бошқа нарсаларга эришмоқ ниятида тиланчилик қилаверадилар. Шунинг учун ҳам баракадан узоқлар, тиланчилик қилиб қанча топсалар ҳам бирлари икки бўлмайди. Қолаверса, булар Ислом ва мусулмонлар ҳақида бошқалар наздида ёмон тасаввур қолдирадилар.
Энди ҳадиси шарифнинг иккинчи қисмини воқеълигимизга таққослаб кўрайлик. Ичимизда молу дунё ва илмни бирданига тутганлар борми?
Аксинча, мусулмонларда молу дунё билан илм бирга бўлиши мумкин эмас, деган бир тушунча бор. Илмли одам молу мулк учун ҳаракат қилсаёқ маломатга учрайди. Моли борлар эса илмга уринмайди. Оқибатда илмлилар илмсиз бойларга қарам бўлиб қолади. Тирикчилик ўтказаман, деб жоҳиллар ҳузурида илмини хор қилади. Гап фақат диний илм ҳақида кетаётгани йўқ. Илмнинг қайси соҳасига назар солманг шу ҳолатни кўрасиз. Илм эгалари молу дунёсиз, молу дунёси борлар илмсиз.
Исломда эса, молу дунё билан қўшиб илмга эгалик қилган киши энг юқори даражадаги одам ҳисобланиб турибди.
Бугунги кунда дунёнинг ҳеч қаерида мусулмонларчалик мол-дунёни тўғри келган томонга сочадиганлар йўқлиги ҳаммага маълум. Ўйламасдан қилинадиган сарф-харажатлар, исроф ва риёкорликлар тўлиб-тошиб ётибди.
Тўртинчи тоифа одамлари орамизда жуда ҳам кўплиги кишини чуқур қайғуга солади.
Бу ҳолатдан чиқиш учун эса, динимиз таълимотларини, хусусан, ушбу ўрганган ҳадисимизни ҳаётимизга холис ва тўғри татбиқ қилишимиз лозим.
569 - وَعَنْ أَبِي كَبْشَةَ عُمَرَ بْنِ سَعْدٍ الأَنمَاريِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «ثَلَاثَةٌ أُقْسِمُ عَلَيهِنَّ، وَأُحَدِّثُكُمْ حَدِيثاً فَاحْفَظُوهُ: مَا نَقَصَ مَالُ عَبْدٍ مِنْ صَدَقَةٍ، وَلَا ظُلِمَ عَبْدٌ مَظْلَمَةً صَبَرَ عَلَيهَا إِلَّا زَادَهُ اللهُ عِزّاً، وَلَا فَتَحَ عَبْدٌ بَابَ مَسْأَلَةٍ إِلَّا فَتَحَ اللهُ عَلَيْهِ بَابَ فَقْرٍ - أَوْ كَلِمَةً نَحْوَهَا - وَأُحَدِّثُكُمْ حَدِيثاً فَاحْفَظُوهُ -: قَالَ إِنَّمَا الدُّنْيَا لأَرْبَعَةِ نَفَرٍ:
عَبْدٍ رَزَقَهُ اللهُ مَالًا وَعِلْماً، فَهُوَ يَتَّقِي فِيْهِ رَبَّهُ، وَيَصِلُ فِيْهِ رَحِمَهُ، وَيَعْلَمُ للهِ فِيْهِ حَقّاً، فَهَذَا بِأَفْضَلِ الْمَنَازِلِ.
وَعَبْدٍ رَزَقَهُ اللهُ عِلْماً، وَلَمْ يَرْزُقْهُ مَالًا، فَهُوَ صَادِقُ النِّيَّةِ يَقُولُ: لَوْ أَنَّ لِي مَالًا لَعَمِلْتُ بِعَمَلِ فُلَانٍ، فَهُوَ نِيَّتُهُ، فَأَجْرُهُمَا سَوَاءٌ.
وَعَبْدٍ رَزَقَهُ اللهُ مَالًا، وَلَمْ يَرْزُقْهُ عِلْماً، فَهُوَ يَخْبِطُ فِي مَالِهِ بِغَيرِ عِلْمٍ، لَا يَتَّقِي فِيْهِ رَبَّهُ وَلَا يَصِلُ فِيهِ رَحِمَهُ، وَلَا يَعْلَمُ للهِ فِيْهِ حَقّاً، فَهَذَا بأَخْبَثِ الْمَنَازِلِ.
وَعَبْدٍ لَمْ يرْزُقْهُ اللهُ مَالًا وَلَا عِلْماً، فَهُوَ يَقُولُ: لَوْ أَنَّ لِي مَالًا لَعَمِلْتُ فِيهِ بِعَمَلِ فُلَانٍ، فَهُوَ نِيَّتُهُ، فَوِزْرُهُمَا سَوَاءٌ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ.