572-ҳадис

572. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бу киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Бахил билан инфоқ қилувчи худди эгнида кўкрагидан то бўғзигача темир совут бор икки кишига ўхшайди. Нафақа қилувчи нафақа қилар экан, (совут) унинг танаси узра чўзилиб [ёки узайиб] бораверади, ҳатто унинг бармоқларини ҳам ёпади ва (қадамининг) изини ўчиради. Бахил эса ҳеч нарса нафақа қилишни истамагани сари ҳар бир ҳалқа ўз ўрнига ёпишиб олади, уни (совутни) кенгайтиришга ҳаракат қилади, лекин у кенгаймайди», деяётганларини эшитди.

 

Шарҳ: Совут (жунна, жубба) одатда кичкина ҳалқачаларни бир-бирига киргизиш орқали ясалган. Сахий одам хайру эҳсон қилгани сари эгнидаги совути кенгайиб, узайиб бориб, бутун танасини ҳимоя қилган киши каби бало-офатлардан сақланиб, натижада кўнгли ёзилиб боради. Бахил эса совутининг ҳалқалари зичлашиб, бир-бирига киришиб, бўғзига ёпишиб қолган одам каби ҳимоясиз бўлиб, борган сари зиқналашиб, қалби торайиб боради. У турли йўллар билан ўзига таскин истайди, аммо иложини топа олмайди. Агар сахий бирор нарсани ҳар гал молидан эҳсон қилганида совути кенгайиб, узун бўлади, хаттоки у киши орқасидан судраб юрганидан, оёғи - қадам излари кўринмайди.

Набий алайҳиссалом бахил билан эҳсон улашувчи кишини зарбул масал қилдилар. Масалан жангга кираётган киши аввало душман қуролидан сақланиш мақсадида совут кийишни хоҳлайди. Маълумингизким, совут аввалги кийиладиган жойи, бўйин ва кўкрак ўринларидир. Кейин енгидан қўлини тиқади. Ундан сўнгра жасадини бошқа жойларини ёпиш учун  совутни паст қисмига ташлайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вожиб ва мустаҳаб нарсаларда молини инфоқ қилиш яхши амаллардан бўлиб, худди кенг совут кийганга ўхшатмоқдалар. Ана шунда, жамики баданини тўсиб, атрофидаги барча нарсадан ҳимоя қилади. Аммо бахилни  худди ўзини сақлаш учун совут кийган лекин, бўйни атрофига ёпишиб, кўкрак қисмида тўпланиб қолган кишига ўхшатмоқдалар. У бор кучи билан жасадини бошқа жойига етказишга ҳаракат қилади лекин қимирлата олмайди. Мана шу ҳолда жасади очиқ қолади. Шак шубҳа йўқки, бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан умматлари учун бир кўрсатма бўлиб, албатта садақа ва эҳсон қилувчи кишини ўзига фойда бўлиб, уни кўплаб тойилишлардан сақлаб, хатоларини ўчириб ва балоларини аритишга хизмат қилади. Аммо бахилик ва зиқналик уни акси бўлиб, зарари фақат эгасига бўлади. Уни ёмонлиги дунё ва охиратда ўзига қайтади. Ундан ташқари молидан барака тортиб олиниб, ҳеч қачон моли ўсмайди. У ҳар гал моли кенг-мўл бўлишини хоҳлайди аммо ҳеч кенгаймайди. У мана шу зиқналиги ва бахиллиги билан хасрат ва надоматдан бошқасини қўлга кирита олмайди.

 

Уламолар мана бу тамсилда Расулуллоҳ с.а.в. нимани ирода қилганликлари борасида турлича фикр билдирганлар. Хаттобий ва бошқаларнинг фикрича бу тамсилдан Расулуллоҳнинг мақсадлари шуки, ҳадисдаги қўлларнинг чўзилиши мажозий маънода бўлиб,  сахий инсон садақа қилмоқчи бўлса, қалби ёришиб нафси роҳат топади. Унинг қўллари унга бўйсунади ва  атога, беришга шошилади.

Бахил эса, садақа қилиш ҳаёлига келган вақтда нафсининг очкўзлиги тутади, ва қалби сиқилиб, қўллари тортилади ва натижада инфоқ қилишдан юз буради. “Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундоқ кишилар, ҳа, ўшалар  ютувчиларди” (Ҳашр сураси 9-оят).

Ибни Баттолнинг фикрича, Расулуллоҳ с.а.в. бу тамсилдан қуйидаги нарсани ирода қилганлар: “Либос инсон устидан ташлаганда уни ўраб иссиқ совуқдан сақлагани каби  садақа  ҳам соҳибини гуноҳларига каффорат бўлади ва уларни ўчириб юборади. Бахил кимсанинг нафси  инфоқ қилишга рози бўлмайди. Ва натижада гуноҳларидан покланмай қолаверади. Бу  кийим баданнинг очиқ жойларини ҳимоя қилмай бу ўринлар ҳар хил офатларга нишон бўлишига ўхшайди.

Баъзи олимларнинг фикрича, Аллоҳ таоло эҳсон қилувчининг инфоқи сабабидан, худди либос  инсоннинг айбларини яширгани каби уни айбларини дунё ва охиратда  яширади. Бахил  эса, калта кийим кийган ва авратлари очиқ қолиб икки дунёда шарманда бўлган инсонга ўхшайди.

Бошқа фикрларга кўра, бу ҳадис садақа, эҳсон билан молни кўпайиши ва бахиллик билан молни камайишга тамсили, мисолидир.

Ҳадиснинг “темирдан совут кийган”  жумласида шунга ишора қиладики, қаттиқлик ва маҳкам тутиш инсоннинг табиатидир. Инсон туғилар экан у билан бирга харислик ва орзу умидлар ҳам бирга қўшилиб туғилади.

“Ҳатто, бармоқлари беркилиб, узунлигидан юрган излари ўчиб кетади” жумласидан кўзда тутилган мақсад шуки, садақа ва эҳсон худди ерга судралиб юрадиган узун кийим ва совут ўз соҳибининг оёқ изларини ўчириб юборганидек инсоннинг камчиликларини яширади ва хатоларини ўчиради.                                                   

 “Ҳар-бир ўрами ўз ўрнида қолади” яъни бахил  инсон садақа қилмоқчи бўлганида нафси очкўзлик қилади, юраги сиқилади, қўллари тортилади. Натижада садақа қилмайди. Бу эса совут ёки  либос  бўйин ва кўкрак атрофида қолиб, ҳар бир ўрами ўз ўрнида қотиб қолганга ўхшайди. Соҳиби либосини ва совутини кенгайтириб   баданининг бошқа очиқ  жойларини ёпмоқчи бўлади,  лекин у кенгаймайди.

 

572 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَثَلُ البَخِيلِ وَالْمُنْفِقِ، كَمَثَلِ رَجُلَيْنِ عَلَيْهِمَا جُنَّتَانِ مِنْ حَدِيدٍ، مِنْ ثُدِيِّهِمَا إِلَى تَرَاقِيهِمَا، فَأَمَّا الْمُنْفِقُ: فَلَا يُنْفِقُ إِلَّا سَبَغَتْ - أَوْ وَفَرَتْ - عَلَى جِلْدِهِ حَتَّى تُخْفِيَ بَنَانَهُ، وَتَعْفُوَ أَثَرَهُ، وَأَمَّا البَخِيلُ، فَلَا يُرِيدُ أَنْ يُنْفِقَ شَيئاً إِلَّا لَزِقَتْ كُلُّ حَلْقَةٍ مَكَانَهَا، فَهُوَ يُوَسِّعُهَا فَلَا تَتَّسِعُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1443، م 1021].

وَ«الجُنَّةُ» الدِّرعُ، وَمَعنَاهُ: أَن الْمُنْفِقَ كُلَّمَا أَنْفَقَ سَبَغَتْ، وَطَالَتْ حتى تجُرَّ وَرَاءَهُ، وَتُخْفِيَ رِجلَيهِ وأَثَرَ مَشيهِ وخُطُواتِهِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш