573. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким ҳалол топганидан бир дона хурмо миқдорича садақа қилса, – ҳолбуки, Аллоҳ фақат ҳалолини қабул қилади – Аллоҳ уни ўнги билан қабул қилади. Сўнгра уни эгаси учун худди бирингиз ўз тойчоғини ўстирганидек ўстиради, ҳатто у тоғдек бўлиб кетади».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ҳадисда Аллоҳ таолога «ўнг қўл» ва «кафт» нисбатлари бериш тушунтириш маъносидадир. «Ўнг қўли билан қабул қилиб олади» жумласининг маъноси яхшилаб, эҳтимом ва хурсандлик билан қабул қилади, дейилганидир. Шунингдек, «кафтида ўсади» дегани, Аллоҳнинг ҳузурида алоҳида эътиборга сазовор бўлиб кўпаяди, деганидир.
Ушбу ҳадиси шарифда мўмин-мусулмонларга ҳаром молдан жуда ҳам эҳтиёт бўлиш таъкид ила тушунтирилмоқда. Молни инфоқ, садақа қилиш, закот бериш яхши нарса экани, аммо шундай яхшилик учун мол ҳалол бўлиши уқтирилмоқда. Чунки Аллоҳ таоло ҳалол бўлмаган молдан қилинган садақани қабул қилмайди.
Баъзи бир кишилар закот, садақа молни поклайди, деган тушунчани суиистеъмол қилиб, ҳаром-харишдан топган молидан бир оз садақа бериб, энди молим пок бўлди, дейдилар. Бу тўғри эмаслигига ушбу ҳадис далилдир.
Закот ва садақа қилинган нарсалар ҳалол молдан бўлгандагина қабул қилинади, у молни поклайди, ўсишига, баракасига сабаб бўлади. Ҳаром йўл билан, яъни, ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, қимор, ҳаром нарсалар сотиш, ҳаром ишлар қилиш каби йўллар билан топилган ифлос молни ҳеч нарса покламайди.
573 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ تَصَدَّقَ بِعَدْلِ تَمْرَةٍ مِنْ كَسْبٍ طَيِّبٍ - وَلَا يَقْبَلُ اللهُ إِلَّا الطَّيِّبَ - فَإِنَّ اللهَ يَقْبَلُهَا بِيَمِينِهِ، ثُمَّ يُرَبِّيهَا لِصَاحِبِهَا، كَمَا يُرَبِّي أَحَدُكُمْ فَلُوَّهُ حَتَّى تَكُونَ مِثْلَ الجَبلِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1410، م 1014].
«الفَلُوُّ» بِفَتْحِ الفَاءِ وَضَمِّ اللَّامِ وَتَشْدِيدِ الوَاوِ، وَيُقَالُ أَيْضاً: بِكَسْرِ الفَاءِ وَإِسْكَانِ اللَّامِ وَتَخْفِيفِ الوَاوِ، وَهُوَ: الْمُهْرُ.