«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бир киши бир даштда кетаётиб, булутлар орасидан «Фалончининг боғини суғор», деган овозни эшитди. Шунда ҳалиги булутлар йўналиб, ҳаррага ёмғир ёғди. Қараса, ҳалиги сувнинг ҳаммаси бир ариққа қуйилиб, тўлиб оқди. У сув ёқалаб кетди. Қараса, бир киши боғида ҳалиги сувни белкураги билан (жўякларга) буряпти. Шунда унга: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Исминг нима?» деди. У: «Фалончи» деб, булутлар орасида айтилган исмни айтди ва «Эй Аллоҳнинг бандаси! Нима учун исмимни сўраяпсан?» деди. «Мен мана бу сувни ёғдирган булутнинг орасида: «Фалончининг боғини суғор» деб, сенинг исмингни айтган овозни эшитдим. Сен бу ерда қандай (хайрли) иш қиласан?» деди. «Модомики сўрабсан, (қиладиган ишим шуки) мен ундан чиқадиган ҳосилни олиб, учдан бирини садақа қиламан; учдан бирини бола-чақам билан еймиз; учдан бирини эса ўзига сарфлайман», деди».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ҳақиқий машҳурлик ана шу. Сени ерда ҳеч ким танимасада самода танишади. Қанча-қанча машҳурлар бор. Уларни ерда кўпчилик танийди. Аммо Аллоҳ унга эътибор бермайди, илтифот қилмайди. У яхшиликда тонг оттирдими ёки ёмонликда тонг оттирдими Аллоҳ унга парво қилмайди.
Ҳақиқий машҳурлик Аллоҳ сени яхши кўриб Жаброил алайҳиссаломга: “Эй Жаброил! Мен фалончини яхши кўрдим. Сен ҳам уни яхши кўр”, дейиши ва Жаброил алайҳиссалом ҳам фаришталарга нидо қилиб: “Аллоҳ таоло фалончини яхши кўрди, сиз ҳам уни яхши кўринг”, демоғидир.
Ҳақиқий машҳурлик қўлингни дуога очганингда фаришталар: “Эй Аллоҳ! Таниқли бандангдан таниқли дуо келди”, дейишларидир.
Ҳақиқий машҳурлик бошингга бало келганида фаришталар шовқин солиб худди Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланганларида қилганлари каби сенинг ҳаққингда дуо қилиши ва сен учун барчаси сафарбар бўлишидир.
Ҳақиқий машҳурлик бу Аллоҳ таоло қалбингга боқиб унда Ўзидан бошқани кўрмаслиги, сени Ундан бошқани истамаслигингни билиши ва сени Ўзига муқарраб бандалар сафида ёзиб қўйишидир.
Ҳақиқий машҳурлик Аллоҳ таоло сендан рози бўлиб сени Ўзининг ибодатига мусаххар қилиши, сенга тоат эшикларини бир-бир очишидир. Агар У бир бандасини яхши кўрса уни Ўзи томон бошлайди.
Ҳақиқий машҳурлик мискинлар сени ўз боқувчилари деб билишлари, синган кишилар сени юпатувчи деб билишлари ҳамда фақирлар сени ўзларига ёрдамчи деб билишларидир.
Ҳақиқий машҳурлик самодаги машҳурликдир!
Олдинги умматлар ҳақида бу каби ажойиб сўзлар бор. Албатта биз Расулуллоҳ с.а.в.дан шу каби саҳиҳ ҳадислар орқали келган хабарларнигина тасдиқлаймиз.
574 – وَعَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «بَيْنَمَا رَجُلٌ بِفَلَاةٍ مِنَ الأَرْضِ، فَسَمِعَ صَوتاً فِي سَحَابَةٍ: اسْقِ حَدِيقَةَ فُلَانٍ، فَتَنَحَّى ذَلِكَ السَّحَابُ، فَأَفْرَغَ مَاءَهُ فِي حَرَّةٍ، فَإِذَا شَرْجَةٌ مِنْ تِلْكَ الشِّرَاجِ قَدِ اسْتَوعَبَتْ ذَلِكَ الْمَاءَ كُلَّهُ، فَتَتَبَّعَ الْمَاءَ، فَإِذَا رَجُلٌ قَائِمٌ فِي حَدِيقَتِهِ يُحَوِّلُ الْمَاءَ بِمِسْحَاتِهِ، فَقَالَ لَهُ: يَا عَبْدَ اللهِ؛ مَا اسْمُكَ؟ قَالَ: فُلَانٌ، للاِسْمِ الَّذِي سَمِعَ فِي السَّحَابَةِ، فَقَالَ لَهُ: يَا عَبْدَ اللهِ؛ لِمَ تَسْأَلُنِي عَنِ اسْمِي؟ فَقَالَ: إِنِّي سَمِعْتُ صَوتاً فِي السَّحَابِ الَّذِي هَذَا مَاؤُهُ يَقُولُ: اسْقِ حَدِيقَةَ فُلَانٍ لاِسْمِكَ، فَمَا تَصْنَعُ فِيهَا؟ فَقَالَ: أَمَّا إِذْ قُلْتَ هَذَا، فَإِنِّي أَنْظُرُ إِلَى مَا يَخْرُجُ مِنْهَا؛ فَأَتَّصَدَّقُ بثُلُثِهِ، وَآكُلُ أَنَا وَعِيَالِي ثُلُثاً، وَأَرُدُّ فِيهَا ثُلُثَهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2984].
«الحَرَّةُ» الأَرضُ الْمُلْبَسَةُ حِجَارَةً سُوداً: وَ«الشَّرجَةُ» بِفَتْحِ الشِّينِ الْمُعْجَمَةِ وَإِسْكَانِ الرَّاءِ وَبِالجِيمِ: هِيَ مَسِيلُ الْمَاءِ.