587. Яна у кишидан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Васият қиладиган нарсаси бор мусулмон кишининг ҳузурида васияти ёзилмаган ҳолда икки кеча тунашга ҳаққи йўқ», дедилар».
Бу ҳадис Бухорийнинг лафзлари бўлиб, Муслимнинг ривоятларидаги лафзда «уч кеча тунаши», бўлиб келган.
Ибн Умар: «Мен ушбу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганимдан бери, бирор кеча васиятим ёзилмаган ҳолда ўтқазмадим», дедилар.
Шарҳ: «Васият» луғатда етказиш маъносини англатади. Чунки, у билан васият қилгувчи бу дунёдаги яхшилигини охиратига ҳам етказади.
«Васият» шариат бўйича, ўлимдан кейин қўшимча ҳақ сифатида ихтиёрий садақа таъйин қилишдир. Исломнинг аввалида ота-она ва яқин қириндошлар фойдасига васият қилиш вожиб эди.
Мусулмон инсон ўлимидан олдин молининг бунчасини отамга, бунчасини онамга, яна бу қисмини фалончига, у қисмини пистончига беринглар, деб васият қилар эди.
Мерос оятлари тушиши билан бу нарсалар амалдан қолиб, қолган молни оят асосида меросхўрлар орасида тақсим қилиш жорий қилинди.
Васият қилиш эса мандуб бўлиб, фақат молнинг учдан бирига ўтадиган бўлиб қолди. Васият фақат уни қилган шахснинг вафотидан кейин амалга оширилади.
Иссиқ жонга ишониб бўлмас, киши бемор бўлиб ётиб қолиши билан васиятини гувоҳлар олдидан ёздириб қўйгани яхши. Чунки, бу молу-дунёга тегишли иш. Ёзиб қўйилмаса, кейинчалик меросхўрлар ўртасида жанжал чиқиб, қариндош-уруғ, ака-ука, опа-сингиллар ўртасига совуқлик тушиши мумкин. Баъзилар маййитнинг номидан хайру-эҳсон қилайлик, тарикасидан савобли жойларга сарф қилайлик деса, бошқалар кўнмаслиги мумкин. Шунинг учун меросдан ташқари хайр нарсага сарф қилмоқчи бўлса, молнинг эгаси кўзининг очиқлигида ўзи таъйин қилгани яхши. Савобли иш қилган бўлади. Аммо ёзишнинг ўзи кифоя қилмайди, гувоҳлар ҳам бўлиши керак. Ёзилган нарса гувоҳларсиз тан олинмаслиги мумкин.
Ушбу ишга амал қилиш йўқ даражасига тушиб қолганидан деярли ҳар бир маййитнинг орқасидан унинг молу мулки тўғрисида жанжал чиқади. Шу эътибордан ҳар бир мусулмон одам бу ишга эътибор билан қараши керак.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динор ҳам, дирҳам ҳам, қўй ҳам, туя ҳам тарк қилмадилар. Бир нарсани васият ҳам қилмадилар».
(Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган).
Бу ривоятдаги васият маъноси кишининг ўлими олдидан молу-мулки ҳақида васият қилмоғи ҳақидадир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз вафотларидан олдин васият қилмаганлар, чунки васият қилинадиган молу мулкнинг ўзи бўлмаган. Бу эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғворликлари, камтарликлари ва дунё ташвишидан узоқликлари аломатидир. Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни бундоқ ташвишдан ўзи фориғ қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, бир эркак ёки аёл олтмиш йил Аллоҳнинг тоатида амал қилур, сўнгра икковларига ўлим ҳозир бўлур. Ана шунда зарарли васият қилиб қўйиб иккисига ҳам дўзах вожиб бўлур», дедилар» деб туриб Абу Ҳурайра: «Қилинган зарар етказмайдиган васият ёки қарздан сўнг» оятини қироат қилди».
Абу Довуд ва Термизий саҳиҳ санад билан ривоят қилган.
Эркак бўлсин, аёл бўлсин васият қилишда жуда эҳтиёт бўлиш кераклиги ушбу ривоятдан очиқ-ойдин кўриниб турибди. Умр бўйи тоат ибодатда ўтиб ўлим олдидан битта зарарли васият қилиш билан дўзахи бўлиб қолиш мумкин экан. Ўлими олдидан бировга, хусусан, ўз меросхўрларига зарар етказадиган васият қилиш мусулмон шахс учун ҳаромдир. Фалончига меросимдан берилмасин каби васиятлар зарарли васиятлар қаторига киради. Бундоқ васият қилиш нотўғри эканига Қуръони Каримнинг мерослар оятида ҳам ишора борлигидан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини айтиб бўлганларидан кейин, ўша оятни ҳам далил сифатида тиловат қилиб қўйганлар.
Мерос ҳақида сўз борганида васият масаласига ҳам алоҳида аҳамият бериш зарур. Чунки васият масаласида ҳам одамлар орасида жуда кўп келишмовчиликлар, турли фикрлар содир бўлади. Вафот этган одамлар томонидан ҳам гоҳида ноўрин васиятлар бўлиб туради. Аслида васият ҳам мерос ҳақидаги ояти каримада баён қилинади.
“Зарар қилмайдиган васиятни ёки қарзни адо этгандан сўнг. Булар Аллоҳнинг васиятидир. Ва Аллоҳ билувчи ҳамда Ҳалийм Зотдир” (Нисо, 12-оят)
Демак, мол-мулкини кимгадир васият қилиб қолдириш ҳам шаръан жоиз амал. Яъни бир инсон вафот қилишидан аввал меросхўрларини йиғиб “болаларим мен вафот қилганимдан кейин қолдирган мулкимдан фалончига мунча миқдорда беринглар” деса мана шу васият бўлади.
Аммо унинг ҳам бир қатор талаб ва қоидалари мавжуд бўлиб, қуйида уларга имкон қадар тўхталамиз.
1. Мулкдор одам ўзининг мерос молидан кимгадир васият қилишга мажбур эмас. Фуқаҳоларимиз бу масалани мустаҳаб амал дейдилар. Яъни васият қилмаса ҳам гуноҳкор бўлмайди. Васият қилиш ёки қилмаслик мулк эгасининг ўз ихтиёридаги ишдир.
2. Мулкдор одамнинг ўз молидан васият қилиши меросхўрларидан бошқа одамларнинг номига адо қилинади. Чунки меросхўрларга мерос молидан белгиланган улуш бордир. Улар ўша мерос улушига эга бўладилар.
Бунинг асоси қуйидаги ҳадиси шарифдир:
“Албатта Аллоҳ таоло (мерос борасида) барча ҳақдорларнинг ҳаққини белгилаб бергандир. Меросхўрлар учун васият қилинмайди”. (Абу Довуд, Термизий, ибни Можа, Аҳмад ва Байҳақийлар ривояти).
Борди-ю маййит шу каби васиятни тайинлаган бўлса ҳам у васият бажарилмайди. Чунки гуноҳ ва маъсиятга қаратилган васиятлар амалга оширилмайди.
3. Васият қилинган мулк миқдори марҳум қолдирган мулкнинг 3/1 қисмидан ошмаслиги керак. Масалан, Абдуллоҳ вафот қилишидан аввал болаларига “мендан кейин ўзим таълим олган мактабга мулкимнинг ярмини ўтказиб беринглар” деса унинг бу васияти молининг 3/1 қисмида бажарилади. Чунки унинг қолган мулки меросхўрлар орасида ҳар бирининг белгиланган миқдордаги улушига қараб тақсимланиши керак.
4. Марҳум мулкининг ҳаммасини меросхўрларидан бошқага васият қилган бўлса ва бу ишга унинг меросхўрлари рози бўлсагина мазкур васият тўлиқ амалга оширилади. Аммо меросхўрлар рози бўлмасалар ҳам мулкнинг 3/1 қисми айтилган ўринга топширилади. Бу борада меросхўрларнинг рози ёки норозилиги эътиборга олинмайди.
Айни шу масалада васият қилинган мулк, ўз эгасига топширилмаса уни олган одам гарчи марҳумниинг меросхўри бўлса-да бировнинг ҳақини ўзлаштириб олган бўлади. У мулкни тасарруф қилиш ушбу меросхўр учун ҳаромдир. Яъни бировнинг ҳақини еган бўлади.
5. Васиятни ижроси марҳумнинг бўйнидаги қарзлари ўз эгаларига етказилганидан кейин амалга оширилади. Чунки пайғамбар соллолоҳу алайҳи васаллам шундай тадбиқ қилганлар.
6. Агар васият қилувчи мулкини ношаръий, ножоиз жойларга васият қилса, унинг васияти эътиборга олинмайди ва бажарилмайди.
Васият учдан биргадир!
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Фатҳ йили бемор бўлиб, унинг сабабидан ўлимга яқинлашдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Шунда: «Эй, Аллоҳнинг Расули, менинг кўп молим бор ва биргина қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Молимнинг ҳаммасини васият қилайми?» дедим.
«Йўқ», дедилар.
«Молимнинг учдан иккисиничи?» дедим.
«Йўқ», дедилар.
«Яриминичи?» дедим.
«Йўқ», дедилар.
«Учдан бириничи?» дедим.
«Учдан бир. У ҳам кўпу. Албатта, сен меросхўрларингни бой ҳолларида ташлаб кетишинг, уларни юк бўлиб одамлардан тиланиб юрадиган қилиб ташлаб кетишингдан яхшироқдир. Сен ҳар қандай нафақа қилсанг ҳам, албатта, ажр оласан. Ҳаттоки, аёлингнинг оғзига тутган луқма учун ҳам ажр оласан», дедилар. «Эй, Аллоҳнинг Расули, энди ҳижратимдан ажраб қоламанми?!» дедим. «Сен мендан кейин ажраб қолиб Аллоҳнинг розилигини ирода қилиб солиҳ амал қилсанг, албатта, мартабанг ва даражанг зиёда бўлур. Шоядки, сенининг ажраб қолишингдан бир қавмлар манфаат бўлсалар ва бошқалари зарар тортсалар. Эй, бор Худоё, асҳобларимнинг ҳижратларини олдингга ўтказгин ва уларни ортларига қайтармагин!» дедилар».
(Имом Бухорий, Муслим, Абу Довудлар ривояти).
– Бемор бўлиб ётган одам молини васият қилиш ҳақида қайғурмоғи, билмаса биладиган кишидан сўрамоғи лозимлиги. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу айнан шундоқ қилдилар.
– Вафот этаётган киши молининг ҳаммаси, учдан иккиси ёки яримини хайр ишига васият қилиши жоиз эмаслиги.
– Вафот этаётган киши молининг учдан бирини хайри-эҳсон ишига васият қилса жоизлиги.
– Агар ундан озроқ бўлса яна ҳам яхшилиги.
– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга учдан бирга рухсат бериб туриб, кейин, учдан бири кўп, деб қўйишлари шуни кўрсатади.
– Васият айтаётган кишининг васияти учдан бирдан кўпга ўтмаслигини ўргандик. Ўша ҳукмни жорий қилинишига ушбу ҳадиси шариф далил эканини ҳам билдик. Бундоқ қилишда меросхўрларнинг ҳақини ҳимоя қилиш, ҳамда молу-мулк эгасига ўз вафотидан олдин хайри-эҳсон қилишга ҳам маълум даражада имкон бериш бордир.
– Мусулмон киши ўз фарзандларига орқасидан молиявий таъминот қолдириб кетишга ҳаракат қилмоғи яхши эканлиги.
– Васиятни ёзишга шошилишга тарғиб. Чунки инсон қачон вафот этишини билмайди.
587 – وَعَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا حَقُّ امْرِيءٍ مُسْلِمٍ لَهُ شَيءٌ يُوصِي فِيْهِ، يَبِيتُ لَيْلَتَيْنِ إِلَّا وَوَصِيَّتُهُ مَكْتُوبَةٌ عِنْدَهُ » مُتَّفَقٌ عَلَيهِ، هَذَا لَفْظُ البُخَارِيِّ [خ 2738، م 1627].
وَفِي رِوَايَةٍ لِمُسْلِمٍ: «يَبِيتُ ثَلَاثَ لَيَالٍ». قَالَ ابْنُ عُمَرَ: مَا مَرَّتْ عَلَيَّ لَيْلَةٌ مُنذُ سَمِعتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ ذَلِكَ إِلَّا وَعِنْدِي وَصِيَّتِي [1627/4].