589. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ерга тўртбурчак чиздилар. Ўртасига ундан ташқарига чиқадиган қилиб бир чизиқ чиздилар. Мана шу ўртадагисининг икки ёнига кичкина чизиқлар чиздилар ва шундай дедилар: «Мана бу инсон. Мана бу уни ўраб турадиган [ёки ўраб турган] ажали. Мана бу, ташқаридагиси – унинг орзуси. Мана бу кичик чизиқлар кўргиликлар. Буниси тегмай қолса, униси домига тортади, униси тегмай қолса, буниси домига тортади».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Инсонни чап ва ўнг тарафидан келаётган бало ўқлардан Аллоҳ таоло ҳимоя қилиб сақлаб қолмоқда. Бу ҳақдаги бир оят шундай:
“Олдингиздан ва орқангиздан эргашган пойлоқчилар бордир. Сизларни Аллоҳнинг амри билан қўриқлаб турадилар. Бир халқ, ўз ичидаги бирон нарсани бузмагунигача Аллоҳ ҳам уни бузмайди. Агар Аллоҳ бир халққа ғам-ташвиш беришни истаса, ҳеч ким тўхтата олмайди. Улар билан Аллоҳни ўртасига тушадиган бирон бир дўстлари ҳам йўқдир” (Раъд сураси, 11-оят)
Инсон бу дунёда яшар экан, Аллоҳ таоло томонидан турли хил дард ва ғам-ташвишлар билан синалади. Инсоннинг бирор дардга чалиниши ёки бошига турли хил ташвишлар тушишининг сабаблари кўп. Улардан баъзилари Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган ишларни қилиб юрган инсонларни огоҳлантириш, уларни ҳушёр торттириш ёки жазолаш учун юборилса, баъзилари эса мўмин инсонларга шунчаки синов тариқасида берилади.
Аслида, буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг адолатидан, бандаларига меҳрибонлигидан, шу синовлар орқали бандасининг даражасини кўтариш ва яна ажру мукофотлар ҳам беришидан далолатдир.
Бошига турли синовлар тушган баъзи инсонлар Аллоҳ таолога юзланишни тарк қиладилар, ўз тақдирларидан норози бўлиб, бу ҳақда ҳаммага шикоят қиладилар. Лекин ўз қилган гуноҳларини тан олиб тавбага шошилиш, дуода бўлишни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Бундай ҳолатга тушиш бадбахтлик аломатидир.
Бошқа бир инсонлар эса ундай пайтларда дарров ҳушёр тортиб, тавбага, истиғфорга шошиладилар. Уларнинг юзида ғам-ташвиш аломатлари намоён бўлса-да, тилларида Аллоҳдан шикоят қилиш, дилларида нафратланиш деган нарса бўлмайди. Аксинча, аввалгидан ҳам кўпроқ зикр ва ибодат билан машғул бўладилар. Бу ҳолат Аллоҳнинг ўша бандага муҳаббатининг зиёдалиги ва охиратда унинг даражасини юқори кўтаришининг аломатидир.
Бу дунё ғам-ташвиш ва синовлардан холи эмасдир. Шундай экан, ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир инсон билан соғлик ва касаллик, хурсандчилик ва хафагарчилик, роҳат ва ғам-ташвиш бирга юради. Яъни, инсон ўзига жон ато этилганидан бошлаб токи ўша жони танасини тарк этгунича синовлар гирдобида, фақат сабр-тоқат билан ва машаққатда ҳаёт кечиради. Аллоҳ таоло айтганидек: «Дарҳақиқат, Биз инсонни меҳнат-машаққатга яратдик» («Балад» сураси, 4-оят). Аллоҳ таоло дунё ҳаётини яратди ва уни ғам-ташвишлар, дард-аламлар, меҳнату машаққатлар ҳовлиси қилди. Мазкур ҳадис айни биз айтган фикримиз билан боғлиқдир.
589 - وَعَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَطَّ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ خَطّاً مُرَبَّعاً، وَخَطَّ خَطّاً فِي الْوَسَطِ خَارِجاً مِنْهُ، وَخَطَّ خُطُطاً صِغَاراً إِلَى هَذَا الَّذِي فِي الوَسَطِ مِنْ جَانِبِهِ الَّذِي في الوَسَطِ، فَقَالَ: «هَذَا الإِنْسَانُ، وَهَذَا أَجَلُهُ مُحِيطاً بِهِ - أَوْ قَدْ أَحَاطَ بِهِ - وَهَذَا الَّذِي هُوَ خَارِجٌ أَمَلُهُ، وَهَذِهِ الخُطَطُ الصِّغَارُ الأَعْرَاضُ، فَإِنْ أَخْطَأَهُ هَذَا، نَهَشَهُ هَذَا، وَإِنْ أَخْطَأَهُ هَذَا نَهَشَهُ هَذَا». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [6417].