59. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ростгўйлик эзгуликка бошлайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши фақат рост гапираверса, ниҳоят сиддиқ бўлади. Ёлғон фисқ-фужурга бошлайди, фисқ-фужур эса дўзахга бошлайди. Киши ёлғон гапираверса, ниҳоят Аллоҳнинг ҳузурида каззоб деб ёзилиб қолади».
Муттафақун алайҳ. [Б, 6094. М, 2607]
Шарҳ: Абулқосим Қушайрий: «Сидқ-ростгўйликнинг энг ози сиру-ошкорада баробар бўлиш», деганлар.
Саҳл Тустарий: «Банда ўзини ёки бошқани алдаса, ростгўйлик ҳидини ҳидламайди», дедилар.
Устоз Абу Аъло Даққоқ: «Ихлос – халқни мулоҳаза қилишдан сақланиш, сидқ – нафсни хабардор қилишдан асрашдир. Мухлисда риё бўлмайди. Содиқда ужб бўлмайди», дедилар.
Ужб – ўзи билан, амаллари билан фахрланиш, амалларини кўп деб билиш ва ўша амалларига суянишдир. Амалларни неъматларни берувчи Зотга эмас, ўзига нисбат беришдир. Ужбнинг энг катта зарари – солиҳ амалларни ҳабата қилиб юборади, яхшиликларни йўқ қилиб, мазамматни пайдо қилади.
Ҳорис Муҳосибий айтдилар:
«Содиқ қалбининг салоҳияти сабабидан халойиқнинг қалбидан барча қадри чиқиб кетса ҳам эътибор қаратмайди. Зарра мисқолича гўзал амалларидан одамлар бохабар бўлишини севмайди. Одамлар ёмон амалидан хабардор бўлишларини кариҳ кўрмайди».
Ҳасан Басрий айтдилар:
«Агар сен содиқлар билан бирга бўлишни истасанг дунёда зоҳид бўлишни ва ислом миллатига озор беришдан ўзингни тийишни лозим тут».
Албатта сидқ-ростгўйлик мақталган ҳислатлардандир. Шунинг учун баъзи саҳобаларда жоҳилият даврида ҳам, исломиятда ҳам ёлғон кузатилмаган. Ростгўйлик иймон аломатидир. Шунингдек ёлғон мунофиқлик аломатидир.
Ростгўйликни сиддиқлик калити ва ғояси қилди. Сўзида, амалида ва ҳолатида ёлғончи бўлган кимса у даражага аниқ ета олмайди. Хусусан Аллоҳнинг исми ва сифатларида ёлғонга чиқарган кимса сиддиқликка эриша олмайди. Яъни, Аллоҳ Ўзига нисбат берган исм ва сифатни инкор қилиб, Ўзидан инкор қилган исм ва сифатни исботган киши асло сиддиқ бўла олмайди. Шунингдек дини ва шариатида ёлғон ишлатган кимса, яъни Аллоҳ ва расули ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб, ҳаром қилмаган нарсани ҳалол қилган, вожибни соқит қилиб, вожиб бўлмаган нарсани вожиб қилган, маҳбуб нарсани макруҳ қилган, маҳбуб бўлмаган нарсани маҳбуб дейишлик сиддиқларга зид бўлишдир. Яна шунингдек ўзини содиқ, мухлис, зоҳид ва таваккалчиларга ўхшатиб олган киши ҳам сиддиқ бўлмайди. Чунки аслида бу каби хислатлар унда топилмайди. Ҳатто икки савдолашувчидаги ростгўйлик савдода баракани олиб келса, ёлғон савдодаги баракани ўчириб юборади.
Имом Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ айтдилар:
«Сидқ лафзи олти маънода ишлатилади. 1. Сўздаги сидқ. 2. Ниятдаги сидқ. 3. Хоҳиш ва иродадаги сидқ. 4. Азму-қарордаги сидқ. 5. Азму-қарорга вафо қилишдаги сидқ. 6. Диннинг барча мқомотларидаги сидқ. Ким мана шуларнинг барчасидаги сидқ билан васфланса, у сиддиқдир. Чунки у киши сидқ-ростгўйликка муболаға тарзида эришди».
59 - فَالأَوَّلُ: عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ الصِّدْقَ يَهْدِي إِلَى الْبِرِّ، وَإِنَّ الْبِرَّ يَهْدِي إِلَى الجَنَّةِ، وَإِنَّ الرَّجُلَ لَيَصْدُقُ حَتَّى يَكُونَ صِدِّيقًا، وَإِنَّ الْكَذِبَ يَهْدِي إِلَى الفُجُورِ، وَإِنَّ الفُجُورَ يَهْدِي إِلَى النَّارِ، وَإِنَّ الرَّجُلَ لَيَكْذِبُ حَتَّى يُكتَبَ عِنْدَ اللهِ كَذَّابًا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6094، م 2607].