592-ҳадис
592. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечанинг учдан бири ўтганда, ўринларидан туриб: «Эй одамлар, Аллоҳни зикр қилинглар. Исрофил алайҳиссалом биринчи сурни, кетидан иккинчисини чаладиган пайт келиб қолди. Ўлим ҳам ўзидаги мавжуд қўрқинг ила етиб келди, Ўлим ҳам ўзидаги мавжуд қўрқинч ила етиб келди», деб айтдилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ундоқ бўлса мен сизга салавот айтишни кўпайтирайми? (Кечанинг) қанча қисмида сизга салавот айтайин», десам, у зот: «Хоҳлаганингча», дедилар. Мен: «Тўртдан бир қисмидами?» дедим. У зот: «Хоҳласанг, бунга зиёда қилгин. Ўзинг учун яхши бўлади», дедилар. Мен: «Ярмидами?» десам, у зот: «Хоҳласанг, бунга зиёда қилгин. Ўзинг учун яхши бўлади», дедилар. Мен: «Учдан икки қисмидами?» десам, у зот: «Хоҳласанг, бунга зиёда қилгин. Ўзинг учун яхши бўлади», дедилар. Мен: «Ундоқ бўлса, мен )кечани( ҳаммасида сизга салавот айтайми?», десам у зот: «Агар шундай қилсанг-ку, барча ғамларингга кифоя қилиниб, гуноҳларингни кечириб юборилади», дедилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис, дедилар.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва салом айтиш Аллоҳ таолонинг амри ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарғиблари бўлгани учун мусулмонлар бу ишга доимий равишда мислсиз эътибор билан ёндошганлар. Барча ҳадис ва тасаввуф китобларида бу мавзуга алоҳида боблар бағишланган. Бу мавзуга бағишланган бутун бошли китоблар ҳам жуда кўп. Биз сизларга келган маълумотлардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиладиган ҳол ва жойлар

1. Намознинг биринчи ташаҳҳудида.

2. Намознинг охирги ташаҳҳудида.

3. Жаноза намозининг иккинчи такбиридан кейин.

4. Ийд, Жумъа намозлари хутбасида ва бошқа хутбаларда.

5. Муаззиннинг азонига жавоб бераётганда.

6. Иқомага жавоб берилаётганда.

7. Дуо пайтида.

8. Масжидга кираётганда ва чиқаётганда.

9. Сафо ва Марвада.

10. Одамлар тўпланганда ва тарқалганда.

11. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак номлари зикр қилинганда.

12. Лаббайка тамомланганда.

13. Ҳажарул Асвадни истилом – қўл билан ушлаб ёки узоқдан ишора қилиб ўпганда.

14. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида.

15. Бозорга ёки бирор жойга чиққанда.

16. Кечасидаги уйқудан турганда.

17. Қуръони Каримни хатм қилгандан кейин.

18. Жумъа куни.

19. Мажлисдан турганда.

20. Масжидларни кўрганда ва уларнинг олдидан ўтганда.

21. Ғам-ғуссага ботганда.

22. Бошга мушкул иш тушганда.

23. Мағфират сўралганда.

24. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари ёзилганда.

25. Одамларга илм етказилганда.

26. Наҳорнинг аввали ва охирида.

27. Гуноҳдан кейин каффорот исталганда.

28. Фақирлик ва ҳожатмандликка тушганда ёки уларнинг хафви бўлганда.

29. Совчилик қилинганда.

30. Акса урганда.

31. Таҳорат қилиб бўлганда.

32. Манзилга кираётганда.

33. Аллоҳнинг зикрига жамланиладиган жойларда.

34. Унутган нарсасини эсламоқчи бўлганда.

35. Ҳожатмандлик ориз бўлганда.

36. Қулоқ шанғиллаганда.

37. Намозлардан кейин.

38. Сўйиш сўйганда.

39. Садақага моли йўқ одам саловат айтса, садақа бўлади.

40. Уйқудан олдин.

41. Аҳамиятли гапни бошлашдан олдин.

42. Ийд намози жараёнида.

43. Таяммум ва ғуслдан кейин.

44. Тонг отгандан ва кун ботгандан кейин.

45. Тонгги намозга турганда.

46. Таҳажжуд намозини ўқиб бўлганда.

47. Мактуб ёзганда ва бошқалар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишнинг фойда ва самаралари:

1. Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниш.

2. Аллоҳ таолонинг саловотига мувофиқ иш қилиш.

3. Фаришталарнинг саловотига мувофиқ иш қилиш.

4. Бир саловот учун Аллоҳ таолодан ўн саловот олиш.

5. Бир саловот учун ўн даража кўтарилиш.

6. Бир саловот учун ўн ҳасанот ёзилиши.

7. Бир саловот учун ўн гуноҳнинг ўчирилиши.

8. Дуонинг қабул бўлиши.

9. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига мушарраф бўлиш.

10. Гуноҳларнинг мағфират қилиниши.

11. Ғам-ғуссадан фориғ бўлиш.

12. Қиёмат куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлиш.

13. Саловот камбағал учун садақа ўрнига ўтиши.

14. Ҳожатларнинг раво бўлиши.

15. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтган одамга Аллоҳ таоло ва Унинг малоикалари саловот айтадилар.

16. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтувчи покланади.

17. Саловот айтиш бандага жаннат башоратини беради.

18. Қиёмат кунининг даҳшатларидан нажот беради.

19. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саловот айтувчига жавоб берадилар.

20. Бандага унутган нарсасини эслатади.

21. Мажлисни поклашга сабаб бўлади.

22. Саловот фақирликни кетказади.

23. Саловот бандадан бахиллик сифатини кетказади.

24. Саловот дуои баддан қутулишга сабаб бўлади.

25. Саловот ўз эгасини жаннат йўлига элтади.

26. У ўз эгасини мажлис нохушлигидан сақлайди.

27. Ҳамду сано билан бошланган дуони тамомлайди.

28. Банданинг сиротдаги нурини тўлиқ қилади.

29. Банда у билан жафодан чиқади.

30. Саловот баракага сабаб бўлади.

31. У бандани Аллоҳ таолонинг раҳматига эриштиради.

32. Саловот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг бардавомлиги сабабчисидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишнинг ҳукмлари:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга умр давомида бир марта саловот айтиш фарздир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намознинг охирги ташаҳҳудида саловот айтиш суннатдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга намоздан ташқарида барча вақтларда саловот айтиш мустаҳабдир.

Уламолар барча анбиёларга саловот айтиш жоизлигини таъкидлаганлар.

Пайғамбарлардан бошқалар ўзларига саловот айтишлари жоиз эмас.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб туриб, ортидан у зотнинг оли, асҳоблари ва атбоъларига айтиш мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг энг мукаммал ва батамом саловотлари бўлсин!.

592 - وَعَنْ أُبَيِّ بْنِ كَعْبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إِذَا ذَهَبَ ثُلُثُ اللَّيْلِ، قَامَ فَقَالَ: «يَا أَيُّهَا النَّاسُ؛ اذْكُرُوا اللهَ، جَاءَتِ الرَاجِفَةُ، تَتْبَعُهُا الرَّادِفَةُ، جَاءَ الْمَوْتُ بِمَا فِيهِ، جَاءَ الْمَوْتُ بِمَا فِيْهِ» قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ إِنِّي أُكْثِرُ الصَّلَاةَ عَلَيْكَ، فَكَمْ أَجْعَلُ لَكَ مِنْ صَلَاتي؟ فَقَالَ: «مَا شِئْتَ» قُلْتُ: الرُّبُعَ؟ قَالَ: «مَا شِئْتَ، فَإِنْ زِدْتَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكَ» قُلْتُ: فَالنِّصْفَ؟ قَالَ: «مَا شِئْتَ، فَإِنْ زِدْتَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكَ»، قُلْتُ: فَالثُّلُثَينِ؟ قَالَ: «مَا شِئْتَ، فَإِنْ زِدْتَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكَ» قُلْتُ: أَجْعَلُ لَكَ صَلَاتِي كُلَّهَا؟ قَالَ: «إِذاً تُكْفَى هَمَّكَ، وَيُغْفَرُ لَكَ ذَنْبُكَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [2457].


Улашиш
|
|
Нусха олиш