594. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафар менинг навбатим бўлганда туннинг охирида Бақиъга чиқиб, «Ассалому ъалайкум дора қавмим муъминийна ва атокум маа тувъадуна ғодан муажжалуна ва иннаа иншааллоҳу бикум лаҳиқун. Аллоҳумма иғфир лиаҳли бақийъил ғорқад», (Ассалому алайкум, мўмин қавмнинг диёри! Сизларга эртага деб ваъда қилинган нарса келди. Кечиктирилгансиз. Биз ҳам, Аллоҳ хоҳласа, сизларга етишамиз. Аллоҳим, Бақиъул-ғарқад аҳлини мағфират қил), деб айтар эдилар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Бақиъ, Бақиъул-ғарқад – Мадинада, Масжиди набавийнинг чап тарафида жойлашган қабристон. Бақийъ аҳли Мадина қабристони бўлиб ким вафот этса ўша ерга кўмилган ва кўмилмоқда.
Демак, Бақийъга бориб зиёрат қилиб, у ердагиларнинг гуноҳини кечиришни сўрашни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг ўзи амр қилган.
Оиша онамиз қабристонга борганда у ерда ётганларга нима дейишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраганлар.
Шориҳлар «Кечиктирилгансиз» деган иборани «Сизларга ўлим етган, лекин ажру савоб ёки жазони тўлиқ олишингиз кейинроқ, киёмат кунида бўлади», деган маънода изоҳлашган.
594 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كُلَّمَا كَانَ لَيْلَتُهَا مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَخْرُجُ مِنْ آخِرِ اللَّيْلِ إِلَى البَقِيعِ، فَيَقُولُ: «السَّلَامُ عَلَيْكُمْ دَارَ قَوْمٍ مُؤمِنِينَ؛ وَأَتَاكُمْ مَا تُوعَدُونَ غَداً مُؤَجَّلُونَ، وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللهُ بِكُمْ لَاحِقُونَ، اللَّهُمَّ؛ اغْفِرْ لأَهْلِ بَقِيعِ الغَرْقَدِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [974].