6-ҳадис

6. Мўминлар онаси Умму Абдуллоҳ Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир қўшин Каъбага ғазот қилади. Сайҳонлик ерга етганларида уларнинг аввалу охири ерга юттирилади», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, қандай қилиб уларнинг аввалу охири ерга юттирилади, ахир уларнинг орасида бозорчилар ва ўшалардан бўлмаганлар ҳам бор‑ку?» дедим. У зот: «Уларнинг аввалу охири ерга юттирилади, сўнгра (қиёмат куни) ниятларига қараб тирилтириладилар», дедилар».

Муттафақун алайҳ. Бу лафз Бухорийники.

 

Шарҳ: Ушбу ривоятни имом Бухорий «Буйуъ» китобида, имом Муслим «Китабул фитан ва ашротус соаҳ» ва «Масобийҳ» китобининг ҳажга тааллуқли бўлимнинг «бабу ҳарами макка» бобида ривоят қилишган.

Имом Нававийнинг «Саҳиҳул Муслим»га ёзган шарҳларида сайҳонлик ер деганда Мадинанинг Зулҳулайфа қаршисидаги тепалик деб айтганлар.

 

Имом Муслим Умайя ибн Сафвон бобоси Абдуллоҳ ибн Сафвондан қилган қуйидаги ривоятни келтиради:

«Ҳафса менга айтди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Бир қўшин мана шу Байтни бузмоқчи бўлиб, унга ҳужум қилади. Улар бир текис ялангликка келишганда ўртадагиларни ер ютади, бошидагилар орқадагиларни чақиришади, кейин уларни ҳам ер ютиб кетади. Улар ҳақида хабар берадиган биргина қочоқдан бошқа ҳеч ким қолмайди».

 

Имом Муслим мўминларнинг онаси (Ҳафса ёки Умму Салама) розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бу Байтга – яъни Каъбага – ҳимоячиси йўқ, саноғи кам, ҳарбий тайёргарлиги ҳам бўлмаган одамлар қочиб келиб, беркинишади. Кейин уларга бир қўшин юборилади ва ўшалар бир текис ялангликка етганида уларни ер ютиб юборади».

(Ровий) Юсуф айтади: «Ўша кунларда шомлик қўшин Маккага қараб юраётган эди. Абдуллоҳ ибн Сафвон: «Аллоҳга қасамки, бу ўша қўшин эмас», деди».

Бу ҳодиса қачон бўлишини Аллоҳ билади. Демак бу ғайб ишларига тааллуқлидир.

Мазкур зикр қилинган пайтда барча кишилар ёмонларнинг касофати сабаб ерга юттирилади, кейин ният ва мақсадларига қараб тирилтирилади. Агар ниятлари яхши бўлса хайрли, ёмон бўлса оқибат ёмон бўлади.

 

Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан қуйидаги ривоятни келтирадилар:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуларида ғайриодатий тарзда оёқ-қўлларини қимирлатдилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, уйқунгизда илгари қилмаган бир нарсаларни қилдингиз», дедик. Шунда у зот: «Воажаб, умматимдан бир тоифа одамлар Байтга қочиб кирган бир қурайшлик туфайли Байтни бузмоқчи бўлишади. Лекин бир текис ялангликка келишганда уларни ер ютиб юборади», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, ахир бу йўлда ҳар хил одам жамланган бўлиши мумкин-ку?» дедик. У зот: «Ҳа, уларнинг ичида кўриб-билиб турган ҳам, мажбурланган ҳам, мусофирлар ҳам бўлади. Ҳаммалари бирданига ҳалок қилинади, лекин кейин турли хилқатда тирилтирилади. Аллоҳ уларни ниятларига кўра тирилтиради», дедилар».

 

Имом Бухорийда қилинган қуйидаги ривоятда Зайнаб бинти Жаҳш: «Эй Аллоҳнинг Расули, орамизда солиҳлар бўла туриб ҳам ҳалок бўлаверамизми?» деганларида, у зот: «Ҳа, агар нопоклик кўпайса», деганлар».

 

Энди бу нарсани акси бўлиши ҳам мумкин. Яъни яхши ва солиҳ кишиларга ёндошса, улар билан бирга бўлади.

Имом Муслим Абу Ҳурайрадан қилган ривоятда қуйидаларни келтирдилар.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ табарока ва таолонинг зикр мажлисларини қидириб, сайр қилиб юрадиган эркин фаришталари бор. Агар улар зикр бўлаётган мажлисни топишса, ўша ерга ўтириб олиб, бир-бирини қанотлари билан ўраб, зикр қилувчилар билан осмон ўртасини тўлдиришади. Улар тарқалиб кетишса, булар ҳам кўтарилиб, осмонга чиқишади. Шунда Аллоҳ азза ва жалла улардан сўрайди, ваҳоланки Ўзи уларнинг ҳолатини билувчироқдир:

– Қаердан келдинглар?

– Ердаги бандаларинг олдидан келяпмиз. Улар Сенга тасбеҳ, такбир, таҳлил ва таҳмид айтишяпти, Сендан сўрашяпти.

– Улар Мендан нимани сўрашяпти?

Улар Сендан жаннатингни сўрашяпти.

– Улар Менинг жаннатимни кўришганми?

– Йўқ, эй Роббим!

– Агар жаннатимни кўрганларида қандай бўларди?

Улар Сендан паноҳ ҳам сўрашяпти.

– Улар Мендан ниманинг ёмонлигидан паноҳ сўрашяпти?

– Дўзахингдан, эй Роббим!

– Улар Менинг дўзахимни кўришганми?

– Йўқ.

– Агар дўзахимни кўрганларида қандай бўларди?

Улар Сендан мағфират ҳам сўрашяпти.

Мен уларни кечириб юбордим ва сўраган нарсаларини бердим. Паноҳ тилаган нарсаларидан Ўз паноҳимга олдим.

– Роббим, уларнинг ичида бир хатокор банда бор эди. У ўтиб кетаётиб, улар билан бирга ўтириб қолган эди.

– Уни ҳам кечирдим. Бу шундай қавмки, улар билан ҳамсуҳбат бўлганлар бадбахт бўлмайди».

 

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Зулм аҳлига етган азоб бўлмаслиги учун улардан йироқ бўлиш, улар билан бирга ўтиришдан четланиш, ботил аҳли ва шунга ўхшаш тоифалардан ҳам йироқ бўлиш.

2. Яхшилар билан ҳамроҳ бўлиб, уларга яқин юришга тарғиб.

3. Ҳадисларда келган бу каби нарсаларга ишониб, хабарда келган нарсаларга иймон келтириш. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳавойи нафсларидан гапирмайдилар. 

6- وَعَنْ أُمِّ الْمُؤْمِنِينَ أُمِّ عَبْدِ اللهِ عَائشَةَ رَضيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّمَ: «يَغْزُو جَيْشٌ الْكَعْبَةَ، فَإِذَا كَانُوا بِبَيْدَاءَ مِنَ الأَرْضِ يُخْسَفُ بأَوَّلِهِمْ وَآخِرِهِمْ». قَالَتْ: قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ، كَيْفَ يُخْسَفُ بَأَوَّلِهِمْ وَآخِرِهِمْ وَفِيْهِمْ أَسْوَاقُهُمْ وَمَنْ لَيْسَ مِنهُمْ؟ قَالَ: «يُخْسَفُ بِأَوَّلِهِم وَآخِرِهِمْ، ثُمَّ يُبْعَثُونَ عَلَى نِيَّاتِهِمْ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ: هَذَا لَفْظُ الْبُخَارِيِّ [خ 2118، م 2884].


Улашиш
|
|
Нусха олиш