60-ҳадис

60. Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги айтган нарсаларини ёдлаб олдим:

«Сени шубҳага солган нарсани қўйгин-да, шубҳалантирмайдиган нарсани ол. Чунки ростгўйлик хотиржамликдир, ёлғончилик эса саросимадир».

Имом Термизий ривояти. Уни ҳасан, саҳиҳ ҳадис деган. [2518]

 

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча оғиз сўз билан Исломдаги улкан қоидани асослаб бердилар: Шубҳали нарсалардан йироқ юрингиз. Фақат ҳалол-покиза неъматлар билан бўлинг!

Ибн Ҳажар Ҳайтамий мазкур ҳадис шарҳи сўнгида ёзадилар: "Ушбу ҳадис Ислом динининг улуғ қоидаларидан бири саналади. Ҳақ нурни тўсиб қўювчи шубҳа-гумонлар зулм-зулматларини ёриб ташлашда ҳам юқоридаги ҳадис асл-асос ҳисобланади".

 

Шубҳали нарсаларни тарк этмоқ лозим.

Ибодат, муомала ва умуман барча ўринларда шубҳали нарсалардан йироқ туриб, фақат ҳалол-покиза тарзда иш юритмоқ мусулмон кишини тақводор зотлар сафига қўшади. Шайтон васвасаларини даф этишда жуда фойдали бўлган мазкур хусусият инсон учун дунё ва Охиратда кўп хайрли оқибатларни юзага келтиради, иншоаллоҳ! Зеро, шубҳали нарсалардан йироқ юрган киши дини ва шаънини покиза сақлаб қолади. Аниқ ва ҳалол нарса банданинг қалбида заррача шубҳа туғдирмайди. Ҳалол билан ҳаёт кечириш кўнгилга ором бағишлайди. Унга эришган диллар ажиб саодатни туяди. Шубҳали нарсалардан инсон зоҳиран рози бўлса-да, унинг қалби ғашлик ва гумонлардан изтиробга тушади. Аслида маънавий йўқотиш сифатида унга мана шу аламли оғриқ ҳам етарли жазо бўлади. Бироқ энг катта йўқотиш ва бахтсизлик кейинроқ - инсон шубҳали нарсаларга кўникиб, аста-секин ҳаромга қўл ура бошлагач, бор бўйи билан кўринади. Чунки тақиқланган жой атрофида ўралашган кимса бир куни у ерга кириб қолиши ҳеч гап эмас.

 

Шубҳали нарсаларни тарк этиб, фақат ҳалол-покиза амалларга берилиш хусусида салафларнинг сўзлари ва ишларидан.

Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳу: “Ҳаром бўлиб қолишидан қўрқиб, айрим ҳалол нарсаларни тарк этиш камоли тақводир”.

Абу Абдурраҳмон Амрий: “Тақводор банда шубҳали нарсаларни шубҳа туғдирмайдиган ҳалол-покиза нарсаларга алмаштиради”.

Фузайл: “Одамлар тақвони оғир нарса деб ўйлашади. Мен икки йўл турган бўлса, ҳамиша қийинроғини танладим. Сени шубҳага солган нарсаларни қўйиб, шубҳага солмайдиган аниқ-ҳалол нарсаларни тут”.

Ҳассон ибн Абу Синон: “Тақводорликдан осон нарса йўқ: қачон сени бирор нарса шубҳалантирса, уни тарк этгин”.

Язид ибн Зариъ ўзига теккан беш юз минг (тилла) меросни тарк этди. Унинг отаси султонлар хизматини қиларди. Улкан меросни тарк этган Язид бир умр сават тўқиб, шунинг орқасидан кун кечирди.

Мисвар ибн Махрама тижорат учун жуда кўп дон сотиб олди. Куз пайтида кўкка булут чиққанини кўриб, кайфияти бузилди. Сўнг ўзининг бу қилиғидан норози бўлиб деди: “Во ажаб! Ҳали мен мусулмонларга фойдали бўлган ёмғирни ёмон кўрдимми?!” Шундан кейин ўша сотиб олган молидан мутлақо фойда қилмасликка қасам ичди. Унинг қароридан хабар топган Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Аллоҳ сени хайрли мукофотлар билан тақдирласин!”

Иброҳим ибн Адҳамдан сўрадилар:

- Нега Замзам сувидан ичмаяпсиз?

- Челагим бўлганда ичардим! - деб жавоб бердилар Ибн Адҳам. Замзам ёнига қўйилган челак султоннинг молидан эди. Ибн Адҳам унинг шубҳали эканига ишора қилдилар.

Юқорида айтилган мисоллар кимгадир ҳаддан зиёд муболаға бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ бир ҳақиқат ҳеч вақт хотиримиздан кўтарилмасин: уммат нопок-ҳаром ишлардан ўзини покиза сақламоғи ва ҳалол ҳаёт кечирмоғи учун ҳамиша ёрқин ҳаётий намуналарга эҳтиёж сезади. Агар ана шундай солиҳ мисоллар ва таъсирли сўзлар изсиз йўқолса, уммат аста-секин шубҳали ҳамда ҳаром нарсаларга кўникиб кетади. Зеро, меҳрибон, доно насиҳатгўйидан айрилган Ислом уммати ҳаёт сўқмоқларида жонли мисолларга доимо муҳтож.

Ростгўйлик хотиржамликдир, ёлғончилик эса саросимадир.

Киши бирор нарсанинг жавобини билишни истаса, фақат рост ва аниқ-тиниқ сўзни изласин. Ростгўйлик омонати шуки, қалб ундан хотиржамлик туяди. Ёлғон эшитганда эса қалб хижил бўлиб, шубҳа-гумонга тўлади.

Ушбу уч ҳадис бир-биридан ажралмайдиган эгизак ҳадислардир:

«Ростгўйлик хотиржамликдир, ёлғончилик эса саросимадир».

«Яхшилик қалб хотиржам бўлган нарса, ёмонлик қалбда ғашлик бўлган нарсадир»[1].

«Гарчи фатво берувчилар фатво берса ҳам қалбингдан фатво сўра»[2].



[1] Имом Аҳмад ривояти.

[2] Имом Аҳмад ривояти.

 

60 - الثَّاني: عَنْ أَبي مُحَمَّدٍ الْحَسنِ بْنِ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: حَفِظْتُ مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «دَعْ مَا يَرِيبُكَ إِلَى مَا لَا يَريبُكَ، فَإِنَّ الصِّدْقَ طُمَأْنِينَةٌ، وَالْكَذِبَ رِيْبَةٌ» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [2518].

قَوْلُهُ: «يرِيبُكَ» هُوَ بِفَتْحِ اليَاءِ وَضَمِّهَا، وَمَعْناهُ: اتْرُكْ مَا تَشُكُّ فِي حِلِّهِ، وَاعْدِلْ إِلَى مَا لَا تَشُكُّ فيه.

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш