600-ҳадис

600. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим:

«Ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром очиқ-ойдиндир. Иккисининг орасида иштибоҳли нарсалар бор, уларни кўпчилик одамлар билмайди. Ким шубҳалардан сақланса, дини ва шаънини пок тутибди. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушиб қолади. Худди қўриқхона атрофида қўй боқаётган чўпон каби. (Қўйлари) ундан ўтлаб қўйиши ҳеч гап эмас. Огоҳ бўлинглар! Ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бўлади. Огоҳ бўлинг! Аллоҳнинг қўриқхонаси – Унинг ҳаром қилганларидир. Огоҳ бўлинглар! Танада бир парча гўшт бор. Агар у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади, у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлинглар! У – қалбдир».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф энг улуғ ҳадислардан ҳисобланади. Уламоларимиз бу ҳадис Исломга мадор бўлган учта ҳадиснинг биридир, шунинг учун бу ҳадисни Исломнинг учдан бири, десак бўлади, де­йишган.

Бу ҳадисдан бошқа қолган икки ҳадис: «Албатта, барча ишлар ниятга боғлиқ», деб бошланувчи ва «Киши Исломининг гўзаллиги, ўзига беҳуда бўлган нарсани тарк қилишидадир», ҳадисидир, деганлар.

Имом Абу Довуд ушбу уч ҳадисга «Сизлардан бирингиз то ўзи яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам яхши кўрмагунича комил мўмин бўлмайди», деган ҳадис ҳам қўшилади», деганлар.

Бу ҳадиси шарифнинг улуғлиги шундаки, Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унда емоқ, ичмоқ, киймоқ, никоҳдаги ва бошқа ҳамма соҳалардаги нарсаларнинг ҳалол бўлиши қоидасини баён қилиб берганлар.

Шунингдек, у Зот бу ҳадисда ҳаром нарсаларни ҳам баён қилиб, ҳалолга уриниш, ҳаромдан ҳазар қилишга чақирадилар. Шу билан бирга, ҳалол билан ҳаромнинг ўртасида шубҳали нарсалар борлигини, ким дини ва обрўсини пок сақлай деса, шубҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиши зарурлигини таъкидладилар. Шубҳали нарсаларга яқинлашиш, худди подшоҳ ўзи учун хос қилган қўриқхона ёнида ҳайвон боқишдек хатарли эканини баён қиладилар.

Сўнгида эса бу жабҳада энг муҳим масала — қалб масаласи эканини, ҳалол-ҳаромда қалб солиҳ бўлиши лозимлигини тушунтирадилар.

Имом Ибн Арабий:

«Биргина ушбу ҳадиснинг ўзидан ҳамма аҳкомларни чиқариб олиш мумкин», деганлар.

Имом Қуртубий эса:

«Бу ҳадис ҳалол ва бошқа нарсаларни батафсил равишда ҳамда барча амаллар қалбга боғлиқ эканини ўз ичига олгандир. Шунинг учун ҳам барча аҳкомларни унга қайтариб солиштириб кўриш мумкин», деганлар.

Энди ҳадиси шарифни таҳлил қилиб чиқайлик:

«Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир».

«Ҳалол» сўзи луғатда «тугунни ечиш» маъносини билдиради.

Шариатда эса, ҳаромлик тугуни ечилган, яъни, ҳаромлик сифати йўқ нарсага ҳалол деб айтилади. Чунки ҳаром нарсанинг ман қилиш тугуни бўлади. Ҳалол нарсада ана ўша тугун бўлмайди.

Ҳадиси шарифда ҳалол очиқ-ойдиндир, дейилиши жуда кенг маънони англатади. Аввало, нималар ҳалол экани очиқ-ойдин: сув, сут, мева сувлари каби ичимликлар, нон, мева, полиз экинлари, Аллоҳнинг исми айтиб сўйилган ҳалол ҳайвонлар гўштлари, рухсат берилган кийимлар ва никоҳга олинган аёллар ҳалолдир.

Қолаверса, ушбу нарсаларга ишончли, шариатда рухсат берилган йўл билан эга бўлиш лозим. Ҳалол касб деганда, айнан шу маънода, яъни, ҳалол нарсага ҳалол йўл билан эга бўлиш ҳақида гап бормоқда. Бу ҳолат ҳам очиқ-ойдин, уни ҳамма билади. Ҳалол меҳнат, мерос, ҳадя, икки тараф розилиги билан бўлган тижорат туфайли қўлга кирган мулк ҳалол бўлади. Бу оддий ҳақиқатни билиш учун алоҳида тайёргарлик кўришнинг кераги йўқ. Мусулмон одам учун ҳалол нарсани талаб қилиш, ҳалолдан молу мулк топиш фарз ҳисобланади. Уламоларимиз ушбу ҳадиси шариф баъзи бир жоҳилларнинг дунёда сув ва набототдан бошқа ҳалол нарса қолмади, дейишларига раддиядир, шубҳа ва ҳаромнинг доирасини кенгайтириш жоҳиллик ва илмсизлик аломатидир, деганлар.

Ўтган далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, уламоларимиз ўзига ҳаромлик сифати илашмаган ва касб қилиш сабабига ҳаром ёки макруҳ иш аралашмаган нарсани мутлақ ҳалол, деб таърифлайдилар.

Демак, мусулмон киши ўзи ҳалол бўлган нарсани шариатда ҳалол қилинган йўл билан топиб фойдаланиши керак. Аллоҳ таолонинг амри шу.

Аллоҳ таоло:

«Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир», дейди (Бақара сураси, 168-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло фақат мўминларни эмас, балки барча одамларни ҳалол нарсаларни ейишга даъват қилмоқда. Аллоҳ таоло ер юзидаги ноз-неъматларни бандалари учун яратган, уларнинг ҳалолларидан ейишга умумий рухсат бермоқда. Ҳалол неъматларни номма-ном санаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Улар жуда кўп. Ҳаром ва нопок нарсалар жуда ҳам оз, кези келганида улар санаб ўтилади.

Ейдиган нарсанинг ҳалол бўлишига Ислом динида катта аҳамият берилади. Жумладан, ушбу оятда ҳам бу нарса алоҳида таъкидланмоқда.

Ўтган аҳли солиҳларимиздан Саҳл ибн Абдуллоҳ:

«Нажот уч нарсада: ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишдадир», деганлар.

Ояти каримада ҳалол ризқларни ейишга зид қилиб шайтоннинг изидан эргашиш саналмоқда. Яъни, бу шайтоннинг йўлида юрганларгина ҳалол емайдилар, деганидир. Шайтон инсонларга ҳалол едирмаслик билан уларни Аллоҳ таолонинг итоатидан чиқаради. Шайтонга алданган нодон инсон эса ҳалол-ҳаромни фарқламай улкан гуноҳ қилаётганини ўзи билмайди, ҳатто ҳис этмайдиган даражага тушади. Унга ҳаромни емасликни насиҳат қилсангиз: «Нима бўпти есам?» дейди. Мана шу ҳоли унинг шайтонга қул эканига бир далилдир.

Аллоҳ таоло Моида сурасида:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилманг. Ҳадди­нгиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас.

Ва  Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг», дейди. (87—88-оятлар).

Аввал ўтган оятларда ва уларнинг тафсирида Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарса пок ва фойдали бўлиши айтилган эди. Бу ерда ўша покиза ва ҳалол нарсаларни ҳаром деб ҳукм чиқариш мумкин эмаслиги таъкидланмоқда. Чунки ҳукм чиқариш, жумладан, нима ҳалолу нима ҳаромлигининг ҳукмини чиқариш ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир. Аллоҳ ҳалол деган нарсани ким ҳаром деса ёки Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ким ҳалол деса, кофир бўлади. Ундай одам Аллоҳнинг илоҳлик сифатига, яъни, шариат ҳукмларини чиқариш сифатига шерик бўлишга уринган ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Ўзи белгилаб берганидан кам ишни қилиш нуқсон ва гуноҳ бўлганидек, Унинг белгилаб берганидан ортиқча қилишга уриниш ҳам тажовузкорлик ва гуноҳ ҳисобланади.

Шу қоидага кўра, Аллоҳ таоло ҳалол қилиб қўйган нарсани ўзига ҳаром қилиб, ўзини ўша нарсадан тийиш билан гўё Аллоҳга қурбат ҳосил қилишга уриниш ҳам гуноҳдир. Чунки ҳалол ва ҳаром қилувчи ягона Зот — Аллоҳ таолонинг Ўзидир.

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳаром йўл билан бировнинг молини ейишдан қатъий равишда қайтарган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

«Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун  ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг», деган (188-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни бир-бирларининг молини ботил — ҳаром йўл билан емоқдан қайтармоқда.

Ушбу ояти каримани тушунтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу  анҳу:

«Бу бир одам қарздор бўлади, лекин ўзига қарши ҳужжат йўқлигидан фойдаланиб, у молни олганидан тонади, дегани. Бировнинг молини ҳаромдан еб, гуноҳкор бўлаётганини билиб туриб, ҳокимга арз қилади», деган эканлар.

Гўё ҳоким ҳукм қилса, гуноҳ гуноҳликдан тушиб, ҳаром мол ҳалолга айланиб қоладигандек. Ҳолбуки, ҳокимнинг ҳукми ила ҳалол ҳаром бўлиб қолмайди ёки аксинча бўлмайди. Балки ҳамма нарсани кўриб-билиб турувчи Аллоҳ таолонинг ҳукми билан ҳалол ёки ҳаром бўлади. Ҳоким ҳамма нарсани кўра олмайди, била олмайди. У сиртдан кўрганига, талашаётганларнинг гапига, уларнинг ҳужжатига қараб ҳукм чиқаради.

Имом Бухорий Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алай­ҳиссалом:

«Мен бир одамман, холос. Талашганлар ҳузуримга келадилар. Баъзилари бошқаларидан кўра ҳужжатини яхшироқ кўрсатиши, мен эса унинг фойдасига ҳукм қилишим мумкин. Кимга бир мусулмоннинг ҳақидан ҳукм қилиб берсам, у дўзах ўтидан бир бўлакдир. Хоҳласа олиб, хоҳласа қолдириб кетсин», деганлар.

Зоҳирга қараб ҳукм чиқаргани учун ҳоким гуноҳкор бўлмайди. Имом Қуртубий «Оятдаги «ботил йўл билан емаслик»ка ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб мол топиш, ҳаром касбларни қилиб мол топиш ва бошқалар киради», деганлар.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида эса:

«Эй иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки нажот топсангиз», деган (130-оят).

Ҳофиз ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилишларича, берилган қарзнинг муддати тугаб қолганда қарз берувчи қарздорга: «Ёки қарзингни тўла ёки рибони кўпайтир», дер экан. Тўласа, тўлади, бўлмаса, қарз муддатини чўзиш эвазига рибонинг миқдорини ҳам кўпайтирар экан. Ҳар йили шундай бўлавергандан кейин рибо бир неча баробарга кўпайиб кетаркан. Ушбу ояти каримада ўша ҳолат муолажа қилинмоқда.

Нафси бузуқ баъзи кимсалар бу оятни ушлаб олиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Рибони бир неча баробар қилиб еманг», деган, демак, бир неча баробар оширмай, маълум фоиз еса бўлаверади, деган даъволарни ҳам қилишади. Бу даъволар жоҳиллик иллатидир, Аллоҳ таоло ҳаром этган нарсани ўзига ҳалол қилиб олиш йўлидаги ғаразли ҳаракатдир. Ҳолбуки, ояти карима воқеликдан келиб чиқиб, жоҳилият даврининг энг ёмон одатларидан бирини аста-секинлик билан муолажа этмоқда. Қолаверса, рибо ҳақида Қуръони каримда фақат битта шу оятгина бор эмас, ахир. Рибонинг ҳаромлигини баён қилувчи асосий оятлар Бақара сурасида келган. Унда: «Рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг», дейилган.

Гуноҳни, жумладан, рибохўрликни  ҳамма ҳам осонгина тарк қилавермайди. Бунинг учун, аввало, Аллоҳ таолога тақво қилиш лозим:

«Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, нажот топсангиз».

Албатта, Аллоҳга тақво қилган ва бу дунёю у дунёда нажот топишдан умидвор бўлган одамлар рибохўрлик қилмайдилар.

Нисо сурасида Аллоҳ таоло:

«Ва етимларга ўз молларини беринг. Нопокни покка алмаштирманг. Уларнинг молларини ўзингизнинг молларингизга қўшиб еманг. Зеро, бу катта гуноҳ бўлур», деган (2-оят).

Ушбу оятдаги хитоб умуман мусулмонлар оммасига, хусусан, етимларнинг кафилларига қаратилгандир. Балоғатга етмаган ёш болалар отаси ўлиб қолса, етим бўлишади. Уларни ота томонидан ёки улар бўлмаса, бошқа томондан бўлган қариндошлари ёхуд умуман бошқа бирорта мусулмон ўз кафолатига олади. Етимга кафил бўлган киши унинг барча ишларига, шу жумладан, молу мулкига ҳам раҳбарлик қилади. Етим бола ёш бўлиб, молу мулкни тўғри тасарруф қилишга салоҳияти етмагани учун кафил унинг мол-мулкини муҳофаза этишга масъул бўлади. Бола балоғатга етиши билан етимлиги тугайди. Энди у ўз ҳолича тасарруф қилишга ўтади. Вояга етган инсон сифатида ўз мол-мулкини тасарруф қилиш имконига эга бўлади. Шунинг учун ҳам оятдаги:

 «Ва етимларга ўз молларини беринг», деган жумлани «вояга етганларида» деган қўшимча ила англатиш керак бўлади. Жоҳилиятда, яъни, исломий низомдан бошқа тузумларда етимларнинг ҳақига эътибор берилмайди. Бу ҳақ доимо поймол қилинади, етим ҳақига хиёнат авж олган. Исломда эса, уларнинг ҳақлари тўла муҳофаза қилинган.

«Нопокни покка алмаштирманг» жумласида бировнинг молини ўз молига алмаштирмаслик, хусусан, етимларнинг молини ўз молига алмаштирмаслик тушунилиши лозим. Бу ҳол турлича кўринишларда бўлиши мумкин. Биз «мол» деганда фақат пулни тушуниб қолганмиз. Чунки узоқ давом этган худосиз тузум бошқа мулкка эгаликни ман қилган эди. Юқоридаги жумлани, уларнинг яхши молларини ўзингизнинг сифатсиз молингизга алмаштириб қўйманг, деб тушунса бўлади. Мисол учун, етимнинг яхши уйи, ери, чорваси, улуши ва бошқа мулк­лари бўлиши мумкин. Кафил етимнинг ўша яхши, сифатли молларини ўзиники қилиб, ўрнига ўзининг сифатсиз молини берса, нопокни покка алмаштирган ҳисобланади. Яъни, кафил ўзига нопок бўлган молни олиб, ўрнига ўзининг ҳалол молини берган—алмаштирган бўлади.

«Уларнинг молини ўзингизнинг молингизга қўшиб еманг».

Бу иборада ҳам етимларнинг ҳимояси  яққол кўриниб турибди. Кафилларинг: «Мен шу етимга кафилман, унга қараяпман, тарбия қиляпман», деган даъволар билан ўзига топширилган етимнинг молларини ҳам ўз молларига қўшиб еб юбориш одати бўлган. Бу ҳол етимга нисбатан катта зулм. Ояти карима етимнинг молини ейишни ман этиб, бу ишни катта гуноҳ деб эълон қиляпти:

«Зеро, бу катта гуноҳ бўлур».

Нисо сурасида Аллоҳ таоло:

«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли», деган (29-оят).

Бировнинг молини ботил йўл — ҳаром йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик ва бошқалар киради.

«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг».

Ояти каримада ботил йўл билан бировнинг молини ейишдан,

«Магар ўзаро розилик ила бўлган тижорат бўлса, майли», деб истисно қилинмоқда. Албатта, ҳалол ризқ топишнинг йўли фақат тижорат эмас. Аммо бу мақомда тижоратнинг зикр қилинишига сабаб–ботил йўл билан мол ейишнинг баъзи турларида тижоратга ўхшашлик бор. Мисол учун, Арабистон ярим оролида рибохўрлик авж олган эди. Аллоҳ таоло бу ишни ҳаром қилганида мушриклар рибо ҳам тижоратга ўхшаш, деган даъвони илгари сурдилар. Шунга ўхшаш тушунмовчиликлар ёки но­ўрин даъволарнинг бўлмаслиги учун ўзаро розилик билан бўлган тижорат истисно қилинмоқда. Чунки тижорат ҳалол меҳнат. Тожир меҳнат қилиб, молу пулини ишга солиб, ишлаб чиқарувчи ва харидор орасида восита бўлади. Бу вазифани бажариш учун орада анчагина хизматларни адо этади. Унинг келажакда фойда кўриш-кўрмаслиги, фойданинг оз ёки кўп бўлиши гумон. У касод бўлиш, синиб, молсиз-пулсиз қолиш эҳтимолларини  ҳам бўйнига олиб бу ишга қўл уради. Энг муҳим омиллардан бири–тижорат икки тарафнинг розилиги билан бўлади. Харидор рози бўлмаса, олиш-олмасликда эркин, бош­қа томонга кетаверади.

Бу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўп. Бир луқма ҳаром таом еган одамнинг неча кунлаб дуоси қабул бўлмаслигини биламиз.

Айниқса, мусулмон киши ҳаром йўл билан молу дунё касб қилишдан худди чўчқанинг гўштини ейиш­дан ҳазар қилгандек ҳазар қилиши керак. Ҳаром йўл билан молу дунё топган одам икки дунё­да шарманда бўлади. Бу дунёда азоб-уқубат, турли бало-офатларга йўлиқиб, у дунёда жаҳаннам ичида туриб, қорнига таом ўрнига оловни ейди.

«Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир».

Яъни, ҳалол билан ҳаром орасида шубҳали нарсалар бордир.

«У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар».

Бундоқ нарсаларни шариат илмларини пухта биладиган уламоларгина биладилар.

Демак, баъзи нарсаларнинг ҳалоллиги ҳам, ҳаромлиги ҳам очиқ-ойдин билинмайди. Ҳалол, дейин деса, ҳаромга ўхшайди, ҳаром, дейин деса, ҳалолга ўхшайди. Бундоқ нарсаларни шубҳали нарсалар, дейилади. Асосий мушкул худди шу нарсалардадир.

«Шубҳа» сўзи луғатда «ўхшаш» маъносини билдиради. Яъни, шубҳали нарса ўзидан бошқа нарсага ўхшашдек туюлади. Унинг аниқлиги йўқ бўлади.

Уламоларимиз ҳалол ва ҳаром бобидаги шубҳали нарсани икки хил эътиқодни тақозо қилувчи икки нарса содир бўлгани учун икки хил эътиқодга сазовор бўлган нарса шубҳали нарса, дейилади, деганлар.

Демак, шубҳали нарсалар бир неча хил бўлади:

1. Бир нарсанинг ҳалоллиги ҳақида бир томондан, ҳаромлиги ҳақида иккинчи томондан далил келган бўлса, улардан қайси бири олдин эканлиги билинмаса, у шубҳали нарса бўлади.

Бунга уламоларимиз келажакда ўрганиладиган «Мухобара» номли муомалани мисол қиладилар.

2. Шариатда ҳукми баён қилинган бўлса ҳам маш­ҳур бўлмагани учун кўпчилик билмайди.

Мисол учун, «зобб» номли калтакесакдан катта, эчкиэмардан кичик ҳайвон ҳалол, аммо ўша ҳайвон яшамайдиган жойларда буни кўпчилик билмайди.

3. Умумий маъно ёки қиёсдан олинадиган ҳукм бўлиб, уламолар турлича тушунган нарсалар.

4. Шариатда мубоҳлиги ёки мубоҳ эмаслиги ҳақида ҳукм келган, аммо вақтинчалик ёки доимий эканлиги ҳақида ихтилоф бор нарсалар.

Ёввойи эшак, хачир ва отга ўхшаш бу нарсаларнинг ҳукмини, ҳалол ёки ҳаромлигини мужтаҳид уламолар оят, ҳадис, ижмоъ, қиёс ва бошқа фиқ­ҳий қоидалар билан солиштириб ўрганиб чиқадилар. Сўнгра ҳалол ёки ҳаром эканлиги ҳақида ҳукм чиқарадилар. Шундан кейин у ҳалоллик ёки ҳаромлик сифатини олади. Юқорида келтирилган фикрлар мазкур ҳайвонларнинг зотидаги ҳалоллик ёки ҳаромлик ҳақидаги маълумотларга асосланади.

Аммо зоти ҳалол нарсани бирор кишига ҳалол мулк бўла олишига тегишли шубҳалар ҳам бир неча хил бўлади:

Биринчи хили, ҳалол ёки ҳаром қилувчи сабабда шубҳа пайдо бўлиши.

Мисол учун, бир одам асли ҳалол қушга ўқ отди. Бу хилдаги овланган қуш аслида ҳалол бўлади. Лекин отилган қуш сувга тушсаю, овчи уни сувдан олиб чиққанда ўлган бўлса, шубҳа бўлади. Қуш отилган ўқ билан ўлдими ёки сувга тушиб бўғилиб ўлдими, билиб бўлмайди. Уламолар бу ва бунга ўхшаш шубҳали ҳолатларга ҳаромлик устун эканига фатво чиқарганлар.

Бундоқ шубҳалар, айниқса, ҳалол билан ҳаромнинг аралашиб кетишидан келиб чиқади. Мисол учун, бир дона ҳаром ўлган ҳайвон гўшти битта ёки ўнта ҳалол йўл билан сўйилган ҳайвонларнинг гўштига аралашиб кетса, ҳамма гўшт шубҳали бўлиб қолади. Ҳаром гўштни ажратиб олишнинг имкони бўлмагани учун мазкур бир ёки бир неча маълум ҳайвон гўшти ҳам ҳаром, деб эълон қилинади.

Яна бир мисол. Бир йигитнинг эмикдош синглиси бор, унга уйланиши шариат ҳукми бўйича ҳаром. Лекин ўша қиз ким эканлиги айнан маълум эмас. Фақат бешта-ўнта ёки маълум адад қизлардан бири эканлиги билинади, холос.

Шу ҳолатда шариат ҳаром қилган кишини никоҳлаб олиш шубҳаси туғилади ва адад чегараланган бўлганидан, шубҳадан қочиб, уларнинг бирортасига ҳам уйланмаслик вожиб бўлади.

Иккинчи хили, чегараланган ҳаром нарса чегараланмаган ҳалол нарсага аралашиб кетиши. Бу ҳолда ҳам шубҳа ҳосил бўлади. Лекин катта мушкуллик эътиборидан шариат бундоқ ҳолатларда ҳалолликни ғолиб ҳисоблайди.

Мисол учун, ўзи билан эмикдош бўлган қиз шаҳарнинг қизларидан бири эканини яхши билади. Аммо ким эканини билиб бўлмайди. Шу сабабдан ҳамма аёлларни унга ҳаром деб эълон қилинмайди, балки хоҳлаганига уйланаверади. Уламолар иттифоқи шундоқ.

Шунингдек, молу дунёга ҳаром аралашгани маълум, лекин ўша ҳаромнинг аниғи номаълум. Шунинг учун олди-сотди ёки емоқ-ичмоқни тарк қилиш вожиб бўлмайди. Бундоқ бўлса, кишилар катта танг­ликда қоладилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар вақтларида рибохўрлик, ўғирлик содир бўлган, кўп молу мулкка аралашиб кетган, лекин пул муомаласи ёки ўғирланган нарсалар жинсидан бўлган ашёларни сотиб олиш ман қилинмаган. Уламоларимиз бунга ўхшаш нарсаларни сўраб-суруштириб, четлашга уриниш васвасадир, дейдилар.

Учинчи хили, чегараланмаган ҳаром чегараланмаган ҳалолга аралашиб кетиши. Бундай пайтда ҳаромлигига ҳужжат-далил бўлган нарсанигина ҳаром, деб айтилади. Бошқа нарсалар ҳалоллик ҳукмини олади. Чунки шариат ҳукми бўйича аслида моллар ҳалолдир. Кишилардаги фисқ ғолибдир. Шариат қоидаси бўйича асл билан ғолиб тўқнашиб қолса ва ғолибнинг аниқ белгиси бўлмаса, асл устун келади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар даврида ҳаромдан топилган мол-дунё, рибохўрлик фойдаси, ўлжадан беркитиб олинган нарсалар, баъзи таланиб олинган моллар аралашиб кетган.  Ҳеч ким, мазкур нарсаларнинг ҳаром ҳолида ҳалол молларга аралашиб кетишига қарамай, бозорни ёпишга ёки олди-берди қилмасликка амр қилмаган.

Ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳу насроний аёлнинг идишидан таҳорат қилганлар. Саҳобаи киромлар ғайридин юртлардан келтирилган кийим-кечак ва бошқа матоларни сотиб олиб ишлатар эдилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шубҳали нарсаларда етук олим кишилардан сўраб олиб тасарруф қилиш керак бўлади. Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинким, ўтган мужтаҳид олимларимиз бундоқ масалаларни жуда ҳам яхшилаб ҳал этиб, китобларга ёзиб кетганлар.

Ҳозирги уламолар ўша китоблардан фойдаланган ҳолда жавоб беришлари осон. Ўтган вақтларда мавжуд бўлмаган масалаларни эса, Ислом фиқҳи академияларидаги уламолар ҳал қилмоқдалар.

«Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўйи учун покланган бўлади».

Яъни, ҳалоллигида шубҳа бор нарсадан сақланган одам дини ва обрўйини поклаган бўлади. Шунинг учун муаййан шубҳали нарсадан узоқда бўлиши керак.

Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ўзингни шубҳага солган нарсани тарк эт, ўзинг­ни шубҳага солмаган нарсани ол!» деган гаплари қоидадир.

Шубҳали нарсага нисбатан муносабат бир неча хил бўлади:

1. Вожиб.

Ўзиники ёки ўзганики экани аниқ бўлмаган молни олмаслик.

2. Мустаҳаб.

Молининг кўпи ҳаром бўладиган одам билан муомала қилмаслик.

3. Макруҳ.

Аллоҳ таоло рухсат берган нарсаларни ва ҳадисларни олмаслик.

Лекин шубҳанинг ҳам чегараси бор. Бўлиши қи­йин нарсаларни ўзига фараз қилиб, турли хаёллар билан турли шубҳалар қилишни васваса, дейилади.

Уламоларимиз бундоқ васвасага бир қанча мисоллар келтирадилар. Бу юртда менинг қариндошларим ўтган экан, шу ердан уйлансам, билмай қариндошимга уйланиб қўймай, деб бутун бошли бир юртдан уйланишни тарк қилиш, очиқ жойдаги сувни нажосат тушган бўлиши мумкин, деб ишлатмаслик, бирор кийимни менинг қўлимга тушишидан олдин нажосат теккан бўлиши мумкин, деб ювишга ўхшаш ишлар шулар жумласидандир.

Имом Қуртубий бундоқ ишлар парҳезкорлик эмас, шайтоний васвасадир. Чунки буларда шубҳа маъносидаги ҳеч нарса йўқ. Бундоқ нарсаларнинг содир бўлиши шариатни билмасликдан келиб чиқади, дейдилар.

Имом Ҳарамайннинг оталари Имом Абдуллоҳ ибн Юсуф ал-Жувайнийга янги кийимни бўяш, қуритиш вақтида ерга тушиши бор, нажосат тегиши бор, деб ювиб ташлаб киядиган кишилар зикр қилинди. У кишининг қаттиқ аччиқлари чиқди ва:

«Бу хорижийларнинг тариқатидир! Уларни Аллоҳ таоло ноўрин жойда ташвиш қилиш ва эҳтиёт бўладиган жойда бепарво бўлиш балосига учратган. Буни қилувчи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳоба ва тобеинларнинг ишига эътироз қилувчидир. Чунки у зотлар янги кийимни ювмасдан кияр эдилар. Уларнинг асрларидаги кийимнинг ҳоли бизнинг асримиздаги кийимнинг ҳоли каби эди. Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ки­йимларни ювишга амр қилган бўлсалар махфий қолмас эди», дедилар.

Албатта, бу шаклдаги васвасага берилиш Ислом шариати руҳидан узоқ нарсадир. Лекин муаййан шуб­ҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиш зарур. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифнинг давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсага алоҳида эътибор бермоқдалар:

«Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади».

Яъни, ҳалоллигида шубҳа бор нарсаларни олиб, еб-ичиб, ишлатиб юрган одам ҳаромга тушиши турган гап. Чунки:

«Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши осон».

«Қўриқхона» деганда Ислом давлати бошлиғи томонидан жиҳодга миниладиган ва давлат мулки ҳисобланадиган ҳайвонларни боқиш учун ажратиб, чегаралаб қўйилган яйловга айтилган. У давлат томонидан қўриқланади. Ким ўша яйловда ўз ҳайвонини боқса, қоидани бузган ҳисобланади ва жазога тортилади.

Табийки, мазкур қўриқхонага энг яқин жойда ҳайвон боққан одамнинг ҳайвонлари қўриқхонага тушиши ва ундан ўтлаб қўйиши жуда ҳам осон. Чунки энг яқин жойда турибди, бир ҳаракат билан қўйми-молми ёки бошқа ҳайвонми қўриқхона ўтидан ейиши ва эгаси жавобгар бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Шубҳали нарсаларга яқин юрадиган одамнинг ҳоли ҳам худди шундоқ. Хоҳлаган лаҳзада, ўзи билмай қолиб, ҳаромни олиб, еб ёки муомалага киритиб қўйиши мумкин.

Оқибатда обрўйи тўкилиб, динига путур етиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам динини, обрўйини пок ҳолда сақлаш ниятида бўлган киши шубҳали нарсаларга умуман яқинлашиши керак эмас.

Худди шу маънони яна ҳам кучлироқ таъкидлаш мақсадида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бошқа бир мисол келтирадилар:

«Огоҳ бўлингким! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир».

Ўша қўриқхонада подшоҳнинг ҳайвонларидан бош­қа ҳар қандай ҳайвоннинг юриши қатъийан ман қилинган. Ушбу қоидани бузган одам эса, тегишли жазога тортилган. Подшоҳнинг жазосидан қўрққан одам қўриқхонага ўзи ҳам яқинлашмайди, ҳайвонини ҳам яқинлаштирмайди. Эҳтиёт бўлмаган одам эса подшоҳнинг жазосига тортилиши ҳеч гап эмас.

«Огоҳ бўлингким! Албатта, Аллоҳнинг қўриқхонаси, Унинг ҳаром қилган нарсаларидир».

Яъни, Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалари худди подшоҳнинг қўриқхонасига ўхшайди. Ким ўша ҳаром қилинган нарсаларга яқинлашса, унинг ҳаромга йўлиқиши осонлашади, ҳаром ишни қилган одам эса, Унинг жазосига учрайди. Ҳаром ишни қилган одам учун икки дунёда ҳам турли-туман жазолар бордир.

Ҳаром нарсаларни еган, улардан фойдаланган кимсаларга бу дунёда соғликлари бузилиши, турли бало-офатларга гирифтор бўлиши ҳамда охиратда ўзига яраша оғир жазолар тайин қилиниши муқаррар.

Ҳаром йўлдан мол топганларга ҳам қўлларини кесиш ва бошқа турли тан жазолари билан бирга, бало-офатларга йўлиқиш, ибодати ва дуоси қабул бўлмаслик каби руҳий-маънавий жазолар бор. Охиратда эса дўзах азоби бўлиши турган гап.

«Огоҳ бўлингким! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким! Ўша нарса қалбдир».

Бу иқтибосда «солиҳ» сўзи «бузуқ» сўзига қарама-қарши маънода ишлатилганига эътибор беришимиз керак.

Ушбу жумлаларда қалбнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти баён қилинмоқда.

«Қалб» деб луғатда «бир нарсани ағдаришга» нисбатан айтилади. У бир хилда турмай у ёқ-бу ёққа ағдарилиб тургани учун ҳам «қалб» деб аталган. Ислом тушунчаси бўйича қалб икки хил: зоҳирий ва ботиний бўлади.

Зоҳирий қалб кўкракнинг чап томонида жойлашган конус шаклли гўшт парчасидир. У инсоннинг зоҳирий – жисмоний қисмига жон вазифасини ўтайди.

Ботиний қалб эса, нуроний, латиф, билувчи нарса бўлиб, инсонни инсон қилувчи нарса ҳам ўшадир.

У инсоннинг ақлий, руҳий-маънавий ҳаётида жон вазифасини ўтайди.

Қалбни бизнинг тилимизда «юрак» ҳам дейилади.  Ушбу ҳадиси шарифда таъкидланишича, қалб инсоннинг ёмон ёки яхши бўлиши учун асосий омил бўлар экан. Унинг ёмон ёки яхши бўлиши эса, ҳалол ва ҳаромга боғлиқ.

Ушбу ҳақиқат қадим замонда фақат руҳий-маънавий жиҳатдан тушунилган. Ҳаромхўрлик қилган одам гуноҳкор бўлиши ва охиратда дўзахга тушиши маъносидагина тушунилган.

Ҳозирги кунда эса, юрак жисмимизни ҳаётда ва соғликда тутиб турадиган нарса сифатида билинади. У ишлаб турса, жисмда ҳаёт бўлади, у соғлом бўлса, жисм ҳам соғлом бўлади, у хаста бўлса, жисм ҳам хаста бўлади, деб фикр қилинади.

Аслида эса, ҳадисдан ушбу икки тушунчанинг умумлаштирилган маъноси тушунилмоғи лозим.

Илмий равишда собит бўлишига қараганда, Ислом шариатида ҳаром қилинган нарсаларни таом сифатида тановул қилган одам хасталикка чалинар экан. Чунки Ислом зарарли нарсаларни ҳаром қилган. Ҳаром нарса истеъмол қилингандан сўнг танда қонга айланади. Юрак эса, қон ҳайдайдиган аъзодир. Зарарли нарсалардан пайдо бўлган зарарли қон юракнинг хасталанишига сабаб бўлиши эса, илмий ҳақиқатдир. Юрак хаста бўлгандан кейин эса, ҳадиси шарифда айтилганидек, жисмнинг ҳаммаси бузуқ бўлади.

Худди шу ҳолат ботиний қалбга нисбатан ҳам ҳосил бўлади. Ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, алдамчилик, босқинчилик каби ҳаром йўллар билан ўзига мол-мулк топган одамлар гуноҳкор бўладилар. Мазкур гуноҳлар зарари эса, уларнинг ботиний қалбларини хаста қилади. Ҳаром­хўрлик давом этаверса, маънавий хасталик бориб-бориб, маънавий ўлимга айланади.

Шунинг учун ҳам қалб жисмга нисбатан подшоҳ кабидир, дейилади. Подшоҳдан яхши амр чиқса, фуқароларга яхши бўлганидек, юракдан яхши ниятлар чиқса, жисмнинг бошқа аъзоларига яхши бўлади.

Ҳар доим бўлганидек, ҳозирда ҳам ушбу буюк ҳадиси шарифни яхшилаб тушунишга, унга яхши амал қилишга жуда ҳам муҳтожмиз.

Ҳалол нима эканини билиб олиб, доимо ҳалолга етишиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Ҳаром нима эканини яхшилаб билиб олиб, доимо ундан ҳазар қилишимиз лозим.

Шубҳали нарсалардан узоқда бўлиш жуда ҳам зарур. Уламолардан сўраб-суруштириб, ҳалоллиги аниқ бўлган нарсани ўзимизга раво кўришимиз зарур.

Агар уламолар шубҳали нарсаларнинг ҳалоллигига фатво бермасалар, унга мутлақо яқин йўламаслигимиз керак.

600 - وَعَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّ الحَلَالَ بَيِّنٌ، وَإِنَّ الحَرامَ بَيِّنٌ، وَبَيْنَهُمَا مُشْتَبِهَاتٌ لَا يَعْلَمُهُنَّ كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، فَمَنِ اتَّقَى الشُّبُهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِدِينِهِ وَعِرْضِهِ، وَمَنْ وَقَعَ فِي الشُّبُهَاتِ، وَقَعَ فِي الحَرَامِ، كَالرَّاعِي يَرْعَى حَوْلَ الحِمَى يُوشِكُ أَنْ يَرْتَعَ فِيْهِ، أَلَا وَإِنَّ لِكُلِّ مَلِكٍ حِمًى، أَلَا وَإِنَّ حِمَى اللهِ مَحَارِمُهُ، أَلَا إِنَّ فِي الجَسَدِ مُضْغَةً؛ إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الجَسَدُ كُلُّهُ، وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الجَسَدُ كُلُّهُ: أَلَا وَهِيَ القَلْبُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ، وَرَوَيَاهُ مِنْ طُرُقٍ بأَلْفَاظٍ مُتَقَارِبَةٍ [خ 52، م 1599].


Улашиш
|
|
Нусха олиш