«Бир киши: «Энг афзал одам ким, эй Аллоҳнинг Расули?» деди. «Молу жони билан Аллоҳ йўлида жиҳод қиладиган мўмин», дедилар. «Кейин ким?» деди. «Кейин Роббига ибодат қилиб, (Бошқа ривоятда: Аллоҳга тақво қилиб) одамларни ўз ёмонлигидан сақлаб, қир-адирларда узлат қилган киши», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Агар банда узлатга чиқмоқчи булса у ўзининг халқдан ажраб бундай ёлғизликни хоҳлашида ўз ёмонлигидан одамларни саломат қўйишни эътиқод қилиши унинг ҳаққидир.
У одамлар ёмонлигидан ўзини саломат қилишни мақсад қилмайди.
Ушбу икки қисмнинг биринчиси ўз нафсига паст баҳо бериб ўзини кичик олишнинг натижасидир.
Иккинчиси эса халқга нисбатан ўзини ортиқлигини кўрсатишдир.
Ким ўзини кичик олса у камтардир.
Ким бирор кишига нисбатан ўзини ортиқ деб билса у такаббурдир.
Айрим одамлар бугунги кунда ўзингиз билганингиздек узлатга ва одамлардан ажраб ёлғиз қолишга мойил бўладилар.
Агар улардан нима учун узлатни ихтиёр қилгани ҳақида сўралса улар: “Одамларга яқин бўлиш фақат муаммолар келтиряпти” – дея жавоб бериб одамларни ёмон бўлиб кетгани ва уларга яқин бўлиш хатарли экани ҳақида гапиради, ўзини эса ушбу ёмонлик ва хатардан узоқ деб билади. Ўзининг тўғри ва яхши бўлишини ҳамда ҳолининг олийлигини улардан узоқлашиш орқали сақлаб қолишни истайди.
Бу одам ташқаридан қараганда софдил солиҳлар айтган нарсани қилиб узлатга чиқаётгандек кўринади. Лекин воқеликда эса у энг ёмон хулқ эгасидир.
У ўзича ўзини олий хулқ эгаси деб билади. Ўз динини саломат ва бўлиши мумкин бўлган нарсаларнинг энг афзали деб ўйлайди. Лекин у одамлар билан муомала қиладиган бўлса одамларни нопок, ўзини эса пок деб билади. Уларга яқинлашадиган бўлса нопок бўлиб қоламан деб ўйлайди.
Бу инсон устозлар айтганидек, мутакаббир одамдир. У ўзини бошқалардан афзал деб билади. Кимки ўзини одамлардан афзал деб ўйлаган бўлса аниқ ҳалок бўлибди.
Аммо Аллоҳга яқинлаштирувчи ҳақиқий узлатга чиққан софдил инсон ўзини нуқсону камчиликка тўлиб тошган одам деб билади. Агар у одамлар билан бирга ўтириб уларга сурканса улар бундан озор топиб қолишларига ишонади.
Эҳтимол улар ундан бирор ёмон хулқни кўриб қолсалар улар, «Бу шайх фозил одам, агар бу иш ёмон бўлганида у киши бу ишни қилмаган бўлар эди, дея улар менга тақлид қилиб қолишлари мумкин» – деб ўйлайди.
Бас кейин бу софдил одам айтади:
«Менинг хатойим ва фасодимнинг қайтиши ўзимга бўлиши ва одамлар менинг ёмонлигимдан озор топмасликлари учун одамлардан узоқда қолишим мен учун яхшироқдир».
Агар мана шу сабаб уни узлатга чақираётган бўлса бу инсон Аллоҳга муқарраб бўлган кишилардандир. Ана шунда гарчи бу одамда ёмонликлар бўлсада Аллоҳ таоло уни танлаб олади ва унга эҳтиром кўрсатади.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи Мадинаи мунавварада кўпинча одамлардан ажраб ёлғиз қолар эдилар. Айниқса осмонда булутлар тўпланиб момақалдироқ гумбурлаганида кўпроқ узлатга чиқардилар. У кишидан бунинг сабаби ҳақида сўралганда; «Мен Роббимнинг олдида қандай хато ва камчиликларга йўл қўйганимни ўзим биламан! Бу гумбурлашлар ўзида ҳалокат сабабларини яшириб огоҳлантириш олиб келаётгандек кўринади. Мен буни ўзим туфайли деб биламан. Бас кейин айбсиз одамлар ҳалокатига сабабчи бўлиб қолмаслигим учун ўзимни четга олиб узлатга чиқаман» – деб жавоб берган эдилар.
610 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَجُلٌ: أَيُّ النَّاسِ أَفْضَلُ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «مُؤْمِنٌ يُجَاهِدُ بِنَفْسِهِ وَمَالِهِ فِي سَبِيلِ اللهِ»، قَالَ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: «ثُمَّ رَجُلٌ مُعْتَزِلٌ فِي شِعْبٍ مِنَ الشِّعَابِ يَعْبُدُ رَبَّهُ» - وَفِي رِوَايَةٍ: «يَتَّقِي اللهَ - وَيَدَعُ النَّاسَ مِنْ شَرِّهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6494، م 1888/123].