«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Яқинда кишининг энг яхши мулки қўй бўлиб қолади. Унинг кетидан тоғу тошларга, яйловларга чиқиб кетиб, динини фитналардан олиб қочади».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: «Узлат» сўзи луғатда тана ёки қалб билан бирон нарсадан узоқлашишдир.
Истилоҳда, Аллоҳдан тўсадиган нарсалардан ва одамлардан узоқлашиш узлатдир.
Уламоларга кўра, фитналар кўпайганида, ер юзида бузғунчилик авж олганида узлат қилиш афзалдир. Лекин ўша фитнани бартарф этиш имкони бўлса, қўлидан келганича тузатишга ҳаракат қилади. Фитна зоҳир бўлмаган вақтда узлат қилиш ҳақида уламолар турли фикрларни айтишган. Жумладан, жумҳур уламолар наздида, киши одамларнинг ёмонлигидан саломат бўлса, уларга аралашиб юриши афзал. Сабаби, бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, улардан кейинги саҳобалар, тобеинлар тутган йўлдир. Бунга Аллоҳ таолонинг бирдамликка чақиргани, ўзаро ихтилоф қилишдан қайтаргани ҳақидаги оятларни далил қилинган.
Ҳадиси шарифларнинг бирида: “Одамларга аралашиб, уларнинг азиятларига сабр қилган мўмин, уларга қўшилмасдан озорларига тоқат қилолмаган мўминдан яхшироқдир”, дейилган (Ушбу ҳадисни Имом Аҳмад ривоят қилган).
Одамларга аралашишда фойдаларни жалб қилиш, Ислом шариатидаги маросимларга гувоҳ бўлиш, мусулмонларга фойда келтириш, беморларни зиёрат қилиш, жанозада қатнашиш, салом бериш, амру маъруф, наҳий мункар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш, муҳтожларга ёрдам бериш каби манфаатлар бор.
Бу зоҳирда халқ билан, ботинда Ҳақ билан бўлиш демакдир. Солик моддий борлиғи билан халққа аралашиб, турли башарий ва ижтимоий фаолиятларда қатнашиб, ҳаёт талаб қилаётган амалларни бажариб, қалбида доимо Аллоҳнинг ҳузурида эканлигини, Уни бир лаҳза бўлсада эсдан чиқармасликдир. Бу ҳол доимий зикр маъносини ҳам билдириб, зикрда эришиладиган энг охирги босқичдир.
Баъзи уламолар фитналардан саломат бўлган вақтда ҳам узлат қилиш афзал эканини айтиб, фақат бунинг маълум шартлари борлигини баён қилишган.
Яна бир тоифа уламоларга кўра, узлат ва одамларга аралашиш шахсларга қараб турлича бўлади.
Узлатнинг маълум одоблари бор.
1. Жумладан, бу билан ўзининг ёмонлигини одамлардан узоқ қилишни ният қилади. Зеро, мана шу камтарликдир. Ким ўзини одамлардан афзал деб билса, у мутакаббирдир.
2. Узлат қилган одам фақат Парвардигорини зикр қилиши, нафс истакларини буткул тарк этиши лозим.
3. Ёмон ишларни тарк этади. Зеро, узлатнинг моҳияти ҳам шунда.
4. Фақат ҳалол таомлардан истеъмол қилиш.
5. Борига қаноат қилиш.
6. Узлатга кетган кишининг баъзи вақтларда суҳбатлашадиган солиҳ дўсти бўлсин!
7. Узлатга кетган киши ўлимни, қабрда ёлғиз қолишни ўйласин!
Одамлардан узлат қилиш баъзида тоғларда, ғорларда, баъзан чўлларда, баъзида эса уй ичкарисида бўлади. Айрим тоифа уламолар узлатни, гарчи одамлар ичида бўлсанг ҳам қалбинг ва амалинг билан ёмонликни тарк этишингдир, деб тушунтиришган.
Жумладан, Абдуллоҳ ибн Муборак узлатнинг шарҳида: «Узлат бирон қавм билан бирга бўлиб, Аллоҳни зикр қилсалар, улар билан зикр қилишинг, агар бундан бошқа нарсага шўнғиб кетсалар, сукут сақлашингдир», деган (Тафсирул қуртубий).
Имом Қуртубийга кўра, узлат учун тоғдаги ғорни ихтиёр қилиш афзал. Сабаби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорида таҳаннус ибодати билан машғул бўлганлар. Шунингдек, эътиқодини сақлаш мақсадида бўлган мўмин йигитлар ғорни ўзларига макон тутганлар (Асҳобул каҳф қиссаси).
Кишининг ўз уйида узлат қилиши осонроқ ва енгилроқдир. Киши бунинг ўртасида бўлиб, одамларга арашиб юриши, уларнинг азиятларига сабр қилиши мумкин. Бунда у зоҳирда одамлар билан бирга, аммо ботинан уларга мухолифдир.
Узлатнинг қуйидаги фойдалари бор:
1. Аллоҳнинг ибодатига фориғ бўлади, У Зотга муножот қилади.
2. Одамларга аралашганда содир этиладиган маъсиятлардан саломат бўлади. Жумладан, қуйидаги нарсалардан омонда қолади:
Ғийбат, туҳмат-бўҳтон, риё, амру маъруф ва наҳий мункардан сукут сақлашдан, одамларга қараб ёмон хислатларни ўзлаштиришдан саломат бўлади.
3. Фитна ва хусуматлардан, жанжал-тўполонлардан эмин бўлади.
4. Одамларнинг ёмонлигидан узоқ бўлади.
5. Дунё зийнатлари, шаҳватларга берилишдан узоқ бўлади ва ҳоказо.
Узлатнинг зарарлари ҳам бор. Жумладан, одамларга аралишиб юрганда касб қилинадиган манфаатлар, бошқаларнинг кўмаги билан эришиладиган ютуқлардан қуруқ қолади. Хуллас, одамларга қўшилиб, уларга манфаат етказиш, ўзи улардан фойда олиши, ижтимоий алоқаларни боғлаш кишилар озорига сабр қила оладиганлар учун узлатдан кўра афзалдир. Аммо одамларга қўшилишнинг, жамоат ишларида қатнашишнинг ҳам чегараси бўлиши керак. Уламолар ҳожат бўлмаган ҳолатларда одамларга кўп аралашиш қалбни касал қилишини таъкидлашган. Шунинг учун бу борада маълум чегарани билиш яхшидир.
611 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يُوشِكَ أَنْ يَكُونَ خَيْرَ مَالِ الْمُسْلِمِ غَنَمٌ يَتَّبِعُ بِهَا شَعَفَ الجِبَالِ، وَمَوَاقِعَ الْقَطْرِ، يَفِرُّ بِدِينِهِ مِنَ الفِتَنِ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [19].
وَ«شَعَفُ الجِبَالِ»: أَعْلَاهَا.