62. Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
(Бу киши Бадрда иштирок этганлардан эдилар.)
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким Аллоҳ таолодан шаҳидликни астойдил сўраса, гарчи ўз тўшагида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидларнинг мартабаларига етказади».
Имом Муслим ривояти. [1909].
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида астойдил ва сидқидилдан қилинган ниятнинг қанчалар фазилатли эканлигини баён қилмоқдалар. Ушбу ҳадисдан мусулмон одам улуғ мақомларга эришишни сидқидилдан тилаб юриши лозимлигини тушуниб оламиз. Сидқидилдан сўралмаса, ҳеч бир нарсага эришиб бўлмайди. Жумладан, Исломда банда учун энг олий мартаба ҳисобланган шаҳидлик мартабасига ҳам ана шундай тилак орқали эришилади. Чунки шундай тилак бўлмаса, ҳеч ким жиҳодга чиқиб, ўлимнинг юзига тик боқа олмайди.
Ушбу ва бошқа ҳадислардаги сидқидилдан ният қилиш маъноси банданинг бировга билдирмай, холис қалб ила ўзи билан Аллоҳ ўртасида аҳд қилишидир. Агар бундоқ нарса бошқа бировга билдирилса, риёга кириб қолади. Шунинг учун ҳам шундай ният қилган одамга шаҳидлик мартабаси ваъда қилинмоқда. Агар нияти амалга ошиб, жиҳодга чиқиб шаҳид бўлса, айни муддао. Аммо жиҳодга чиқа олмасаю, уйидаги кўрпа-тўшаги устида ўлиб қолса ҳам сидқидилдан қилган нияти туфайли шаҳидлик даражасига эришади.
Демак, биз ҳам доимо чин қалбдан, сидқидилдан Аллоҳ йўлида хизмат қилишни, зарурат туғилса шаҳид бўлишни тилаб, яшамоғимиз лозим.
Эҳтимол, бугунги ҳаётимиздаги муваффақиятсизликларимизнинг сабаби ниятларнинг сидқидилдан бўлмаётганлигидандир. Ниятимиз бузилиб, Аллоҳнинг розилигини эмас, бошқа нарсаларни тилашимиздандир. Шунинг учун ниятимизни тузатайлик!
62 - الرَّابِعُ: عَنْ أَبِي ثَابِتٍ - وَقِيلَ: أَبِي سَعِيدٍ، وَقِيلَ: أَبي الْوَلِيدِ - سَهْلِ بْنِ حُنَيْفٍ، وَهُوَ بَدْرِيٌّ، رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ سَأَلَ اللهَ تَعَالَى الشَّهَادَةَ بِصِدْقٍ بَلَّغَهُ اللهُ مَنَازِلَ الشُّهَدَاءِ، وَإِنْ مَاتَ عَلَى فِرَاشِهِ». رَوَاهُ مُسْلِمٍ [1909].