620-ҳадис

 620. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таом есалар, учта бармоқларини ялар эдилар, «Бирингизнинг луқмаси тушиб кетса, ундаги азиятни кетказиб, еяверсин, уни шайтонга қолдирмасин», дер эдилар ва бизни идишларни артишга буюриб, «Сиз барака таомингизнинг қайси қисмида эканини билмайсиз», дер эдилар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан динимиз таомга нисбатан қанчалар эътиборли бўлганини ва тежамкор бўлишимизни талаб қилганини билиб оламиз.

Ажойиб бир ҳикмат. Таомнинг баракаси қаерда эканини билиб бўлмайди. Унинг асосий тўпидами, энг марказидами, ёки ерга тушган бирор луқма, томчи, увоқдами? Ёхуд таомнинг лаганга, идишга ёпишиб қолган қисмидами?

Шунинг учун баракадан умидвор бўлган ҳар бир инсон бирор томчи ёки бирор увоқ таомни исроф қилмасин. Ҳаттоки, қўлини ва идишини ҳам ялаб қўйсин. Агар шундоқ қилмаса, ўз таомидан баракали жойини шайтони лаъинга берган бўлади.

Ушбу ҳадисни ўрганар эканмиз, беихтиёр бугунги кундаги таом борасидаги исрофлар ёдимизга тушади. Орадан файзу бараканинг кўтарилгани эсга тушади. Ўзимиз қилар ишни қилиб қўйиб, нимага барака қолмади экан, деб юришимиз эсга тушади. Аллоҳнинг динига амал қилмаслик шундоқ бўлади. Ҳар бир нарсада салбий натижаларга олиб келади.

620 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا أَكَلَ طَعَاماً لَعِقَ أَصَابِعَهُ الثَّلَاثَ، قَالَ: وَقَالَ: «إِذَا سَقطَتْ لُقْمَةُ أَحَدِكُمْ، فَلْيُمِطْ عَنْهَا الأَذَى، وَلْيَأْكُلْهَا، وَلَا يَدَعْهَا لِلشَّيْطَانِ»، وَأَمَرَ أَنْ تُسْلَتَ القَصْعَةُ قَالَ: «فَإِنَّكُمْ لَا تَدْرُونَ فِي أَيِّ طَعَامِكُمُ البَركَةُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2034].


Улашиш
|
|
Нусха олиш