«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалбида зарра мисқолича кибри бўлган одам жаннатга кирмайди», дедилар. Бир киши: «Одам кийим‑боши, оёқ кийими чиройли бўлишини истайди‑ку», деди. У зот: «Албатта, Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Кибр эса ҳақни тан олмаслик ва одамларни камситишдир», дедилар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ушбу ривоятда кибр иллатининг асл моҳияти очиб берилмоқда. Ривоятдаги “қалбида заррача кибр бўлган кимса жаннатга кирмайди” жумласи уламолар томонидан турлича таъвил қилинган. Жумладан:
1. Ким иймон келтиришдан кибр қилса, умрининг охиригача тавба қилмаса, жаннатга умуман кирмайди;
2. Банда жаннатга кираётганида қалбида кибрдан асар ҳам қолмайди. Зеро, ҳар бир банда жаннатга маънавий иллатлардан покланган ҳолда киради;
3. Мутакаббир кимса жаннатга тақводорлар билан аввалгилар қаторида кирмайди.
Ушбу таъвиллардан маълум бўладики, қалбида кибр бўлган кимса жаннатга кира олмайди. У мусулмон бўлса, қилган гуноҳига яраша жазоланиб, поклангандан кейингина жаннатга кириши мумкин. Лекин банда кеккайгани учун қандай азобларга гирифтор бўлиши Аллоҳга аён.
Қози Иёзнинг айтишича, ривоятда чиройли кийинишни хоҳлайдиган киши сифатида зикр қилинган Молик ибн Мурора Раҳовийдир. Абу Умар ибн Абдулбарр шунга ишора қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, чиройли кўринишга эга бўлган бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб:
– Эй Расулуллоҳ, мен чиройни, гўзалликни яхши кўраман. Кўриб турганингиздан ҳусндан бенасиб эмасман. Ҳатто бу борада, пойафзалнинг ипи билан бўлса-да, бирон киши мендан ўтиб кетишини хоҳламайман. Шу ҳам кибрми?” деди. Шунда у зот:
– Йўқ. Кибр ҳақни тан олмаслик ва одамларни ҳақорат қилишдир, – дедилар (Абу Довуд ва Табароний ривоят қилган).
Юқорида келтирилган икки ривоятга эътибор қаратадиган бўлсак, кибрнинг асосий икки белгиси намоён бўлади.
Булар: ҳақиқатни тан олмаслик ва одамларга паст назар билан қараш. Ҳақни тан олмаслик ҳақиқатни инкор қилиш, адолатга қарши бориш, ҳаққа эътибор бермаслик, ўз нафси йўлида одамлар ҳақини поймол қилишдир. Аллоҳнинг ҳақларини, У Зотнинг амр-қайтариқларини тан олмай, нафси измида ҳаёт кечириш ҳам айнан кибрдир.
Одамларга паст назар билан қараш, уларни ожиз ва нотавон, ўзини кучли, кўп нарсага қодир ва мутлоқ афзал, деб билиш кибрнинг асосий белгиларидандир. Бу икки иллат қалбда бўлади. Бу нарса банданинг юриш-туриши, муомаласи ва хулқ-атворида яққол кўзга ташланади. Лекин мутакаббир ва мутавозеъ одамни фақат ташқи кўришига қараб ажратиш тўғри эмас. Шундай инсонлар борки, улар покиза ва чиройли кийимлар кийиб, кўпчиликнинг ҳавасини келтириб, одамларга ўрнак бўлиб юрадилар. Устига-устак улар ўзларини бошқалардан юқори тутмайдилар, камтарин бўладилар. Аслида тавозеъ шундай бўлади. Яна бир тоифа кимсалар борки, улар кийиниш ва юриш-туришда мақтана олмасалар-да, тилида фақат унинг ўзигина энг яхши, энг зўр. Ундан бошқалар паст даражада. Аслида мутакаббир чиройли кийинган, бежирим ва қимматбаҳо машинада юрадиган, юқори мартабада ишлайдиган бўлиши шарт эмас.
Яна такрор айтамиз, кибр қалбда бўлади. Камтарлик ҳам қалбда бўлади. Кимнинг кийими чиройли, уй-жойи рисоладагидек ва ўзи камтарин бўлса, қандай яхши?!
Қайси бир кимсанинг ҳаёти пароканда, бирон касбни эгалламаган, иш жойининг тайини йўқ, бирон иш қўлидан келмайдиган, лекин мақтанчоқ, кибрли, одамларга паст назар билан қарайдиган бўлса, қандай ёмон?!
Кибр ва камтарлик орасини яхши фарқлай олиб, камтар бўлишга, кибрнинг яқинига ҳам йўламасликка ҳаракат қилиш лозим. Унутмайлик, Динимизда чиройли бўлиш, покиза юришдан қайтирилмаган, балки кибрдан қайтарилган.
Шариатда йиртиқ-ямоқ, эски-туски кийимлар кийишга алоҳида тарғиб қилинмаган, бироқ камтар бўлишга амр қилинган. Бундан келиб чиқади, ким мутакаббир-у, ким камтарлигига моддият кўзи билан эмас, маънавий нуқтаи назарда қаралади. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга кибрнинг туб моҳиятини набавий ҳадис орқали очиқ-ойдин баён қилиб берганлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қалбида зиғирча иймон бор банда жаҳаннамга кирмайди. Қалбида зиғирча кибр бор банда жаннатга кирмайди”, дедилар. Шунда бир киши: “Эй Расулуллоҳ, мен либосим ювилган, сочимга ёғ суртилган ва пойафзалим ипи янги бўлишини хоҳлайман”, деб, бир нарсаларни зикр қилди. Ҳатто қамчисининг тасманини ҳам айтди ва: “Шу ҳам кибрми, эй Расулуллоҳ?” деб сўради. У зот: “Йўқ. Бу чиройдир. Албатта Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни яхши кўради. Аммо кибр ҳақни тан олмаслик ва одамларни масхара қилишдир”, дедилар (Имом Аҳмад ва Табароний ривоят қилган).
Ким Аллоҳга бўйин эгиб, Унга итоат этса, демак ўша одам камтардир. Ким аксини қилса, бундай кимса мутакаббир саналади. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам биргина мана шу ривоятда кибрни мукаммал суратда таърифламоқдалар. Демак, бир сўз билан айтганда, кибр ҳақни қабул қилмаслик ва одамларни менсимасликдир.
Ушбу ҳадиси шарифни изоҳлаб Мулла Али Қори шундай деган:
«Мазкур ривоятдаги келган “батарун” сўзининг луғавий маъноси “қаттиқ хурсанд бўлиш”дир. Ҳадисдаги маъноси эса, неъмат келганда туғёнга кетиш, Аллоҳ таоло ҳақ қилган (тавҳид, ибодат)ни инкор қилиш, ҳақ келганда кибрланиб қабул қилмасликдир» (Мирқотул мафотиҳ). Валлоҳу аълам.
Кибрнинг зарарларидан:
1. Кибр Аллоҳ таолонинг ғазабига олиб борувчи йўлдир.
2. Кибр нафснинг паскашлиги ва юзтубан кетганлиги аломатидир.
3. Кибр Аллоҳ таолодан ва одамлардан узоқ бўлишга сабабдир.
4. Кибр дўзах азобига дучор қилади.
5. Кибр ҳалокатга етакловчи ва умрнинг баракасини кетказувчи омилдир.
6. Кибр ўз эгасини Аллоҳ таолонинг тоатидан узоқлаштиради.
7. Кибр ўз эгасини Аллоҳ таолонинг раҳматидан қувади.
Кибр ва тавозуънинг белгилари:
Такаббурлик кишининг шакли шамоилидан билиниб туради. Уни юздаги аломатлардан, назар солишдан, бошини тутишдан, ўтиришдан, овознинг оҳангидан, қадам олишдан, ўтириб туришдан ва барча ҳаракат ва саканотлардан билиб олиш мумкин. Қуйидаги мисолларни келтиришимиз мумкин.
- Одамларнинг атрофида ёки ҳузуридан тик туришини ёқтириш ҳам кибрнинг белгиларидан.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу: «Ким дўзах аҳлидан бир кишига назар солмоқчи бўлса, ўзи ўтириб олиб олдида одамларни тик тургазиб қўйган одамга назар солсин», деганлар.
- Доимо ортидан одамларни эргаштириб юришни хуш кўриш ҳам кибрнинг аломатларидан.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Модомики, ортидан одам эргаштириб юрар экан, банда Аллоҳ таолодан узоқлашаверади», деган.
Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуни қулларидан ажратиб бўлмас эди. У кишининг ташқи қиёфаси қулларидан фарқ қилмас эди.
- Дин учун фойдали бўлса ҳам бировнинг зиёратига бормаслик ҳам кибрланиш сифатларидан биридир.
Суфён Саврий Рамлага келганида Иброҳим Адҳам унинг олдига одам юбориб, келиб бизга ҳадис айтиб бер, деган. Саврий келиб илтимосни бажарган. Одамлар Иброҳим ибн Адҳамга: «Эй Абу Исҳоқ! Шундай ҳам қиласизми?» дейишганда, «Унинг тавозуъни синаб кўрдим», деган.
- Бировнинг ёнига ўтирмаслигини хоҳламаслик ҳам кибрнинг кўринишларидан биридир.
Ибн Ваҳбдан ривоят қилинади:
«Абдулазиз ибн Абу Раавводнинг ёнига ўтирдим. Унинг сонига соним теккан эди, ўзимни четга олдим. У менинг кийимимдан ушлаб ўзига тортти-да: «Нима учун менга жабборларга қилганларинингизни қиласизлар?! Ичингизда менда ёмон одам борлигини билмайман!» деди».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу мохов, пес ва бошқа мубтало одамларни ўз дастурхонига ўтказар эдилар.
- Ўз уйида ўз хизматини ўзи қилмаслик ҳам кибру ҳаводан.
Умар ибн Абдулазизникига кечаси меҳмон келди. У мактуб ёзиб ўтирган эди. Чироғи ўчиб қолай деди. Меҳмон:
«Туриб чироқни тўғрилаб қўйяйми?» деди.
«Меҳмонини хизматга қўйиш одамнинг карамидан эмас», деди Умар ибн Абдулазиз.
«Хизматчига бидирмайми?» деди. «Унинг биринчи марта ухлаб қолиши» деди-да, ўзи туриб чироққа мой тўлдирди.
«Эй мўминларнинг амири, ўзингиз овора бўлдингиз – а?!» деди меҳмон.
«Борганимда Умар эдим. Қайтганимда ҳам Умарман. Мендан бирор нарса камиб қолмади. Одамларнинг яхшиси, тавозуъли бўлганидир», деди Умар ибн Абдулазиз.
- Ўзига тегишли нарсани ўзи уйига олиб бормаслик ҳам кибрга киради. Тавозуъли одамлар бундай қилмайдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз матоҳлари ўзлари уйларига кўтариб борар эдилар.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Комил эр киши учун унинг ўз аҳли аёлига кўтариб борган нарсаси унинг камолига футур етказмайди», деганлар.
Имом Бухорий «Адаб ал-Муфрад»да кийимфуруш Солиҳдан у ўз момосидан ривоят қилади:
«Али розияллоҳу анҳуни бир дирҳамга хурмо олиб, дастрўмолига солиб кўтариб кетаётганини кўрдим. Бир одам:
«Эй мўминларнинг амири, сизнинг ўрнинигизга мен кўтарай», деди.
«Йўқ. Оила бошлиғи, ўзи кўтармоғи яхшидир», деди у.
624 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يَدْخُلُ الجَنَّةَ مَنْ كَانَ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ ذَرَّةٍ مِنْ كِبْرٍ» فَقَالَ رَجُلٌ: إِنَّ الرَّجُلَ يُحِبُّ أَنْ يَكُونَ ثَوْبُهُ حَسَناً، وَنَعْلُهُ حَسَنَةً، قَالَ: «إِنَّ اللهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الجَمَالَ، الكِبْرُ: بَطَرُ الحَقِّ، وَغَمْطُ النَّاسِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [91].
(بَطَرُ الحقِّ): دَفْعُهُ وَرَدُّهُ عَلَى قَائِلِهِ، وَ(غَمْطُ النَّاسِ): احْتِقَارُهُمْ.