628. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ қиёмат куни кеккайиб, изорини судраган кимсага назар солмайди», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Бу ҳадисга ўхшаш бошқа ҳадислар ҳам келган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши (ўшанда у Баҳрайннинг амири эди) изорини ерга судраб кетаётган бир одамни кўриб қолиб, оёғи билан ерни тепиб, қуйидагиларни айтди:
«Амир келди, амир келди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, «Ким изорини мутакаббирлик ила судраса, албатта, Аллоҳ унга назар солмайди», деганлар», деди». (Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадиснинг ривоятчиси, улуғ саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Баҳрайнга амир бўлганлар. Ўша амирлик пайтларида бир одамнинг изорини ерга судраб кетаётганини кўриб қолиб, аччиқланиб, ер тепиб:
«Амир келди, амир келди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, «ким изорини мутакаббирлик ила судраса, албатта, Аллоҳ унга назар солмайди», деганлар», деди».
Ушбу ҳадисда саҳобаи киромлардан бирининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таълимотларига одамларнинг амал қилишига қанчалик ҳарислик қилганлари ёрқин намоён бўлмоқда.
Бу ривоятдан кийинишнинг исломий маданиятига амал қилишда билган кишилар билмаганларга ёрдам беришлари, билмаганларини ўргатиб қўйишлари ҳақида ҳам маълумот олмоқдамиз.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, изоримнинг бир тарафи уни ушлаб юрмасам тушиб қолади?» деди Абу Бакр.
«Сен манманлик ила қиладиганлардан эмассан», дедилар». (Имом Бухорий ва Муслим, термизий ривояти)
Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам баъзи одамлар манманлик, гердайиш, мутакаббирлик ва бошқаларни камситиш учун турли йўлларни қўллаб келишган ва келмоқдалар. Ана ўша номаъқул йўллардан бири кийим-бош ила манманлик қилишдир. Ислом манманлик ва мутакаббирликнинг барча турларини ҳаром қилгани ҳаммага маълум. Ана ўшалар қаторида Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом кийим-кечак ила манманлик қилиш, гердайишни ҳам ҳаром қилгандир. Ҳаром қилганда ҳам, қаттиқ оҳангда ҳаром қилганлигини ушбу ҳадиси шарифдан билмоқдамиз.
«Ким манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас»
Ўша пайтда Арабистон шароитида кийим билан мутакаббирлик қилиш кийимни керагидан узун қилиб олиб, бошқаларни писанд қилмай, узун кийимни ерга судраб юриш билан ифода қилинар эди. Бу ҳадиси шариф ким ўша ишни қилса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унга қарамаслиги, ундоқ нобакор банда ўз Роббисининг назаридан қолиши ҳақида сўз юритмоқда. Қиёмат куни бундоқ ҳолга дучор бўлиши банда учун чексиз мусибатдир. Шунинг учун, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу гапни эшитиш билан ҳассос инсон Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу дарҳол ларзага тушдилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, изоримнинг бир тарафи уни ушлаб юрмасам тушиб қолади?» деди Абу Бакр».
Изор тикилмайдиган, инсон киндигидан пастига тутиб оладиган кийимдир. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг изорлари қўл билан ушлаб юрилмаса, бир тарафи ерга тушиб қоладиган экан. Ўша ҳолат ҳам қиёмат куни мазкур бахтсизликка сабаб бўладими, деган савол беришларидан у кишининг ўзлари ҳақида қайғураётганлари кўриниб турибди. Ҳақиқатдан ҳам шундоқ бўлиши мумкинми? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга қуйидаги жавобни бердилар:
«Сен манманлик ила қиладиганлардан эмассан», дедилар».
Демак, асосий иллат манманликда экан. Айниқса, Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ўхшаш етук инсонлардан манманлик содир бўлиши эҳтимолдан узоқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гувоҳликлари ўзи етарли.
Мусулмон инсон манманлик, мутакаббирликнинг турли кўринишларидан доимо узоқда бўлиши керак. Жумладан, ушбу бобда ўрганганимиз кийим-бош билан кеккайишга ҳеч йўл қўймаслиги керак. Бунинг эҳтиёт чораси ўлароқ, манманликка олиб борадиган кийимларга яқинлашишдан сақланмоқ маслаҳат берилади.
628 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يَنْظُرُ اللهُ يَوْمَ القِيَامَةِ إِلَى مَنْ جَرَّ إِزَارَهُ بَطَراً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 5788، م 2087].