633-ҳадис

633. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг хулқ жиҳатидан энг яхшиси эдилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъдасида собит, сўзига содиқ киши эдилар. Ахлоқлари, закийликлари жиҳатидан бутун инсонлардан устун ва ҳар қандай мақтовга лойиқ эдилар. Доимо тафаккур ҳолатида бўлардилар. Зарур бўлмаса, гаплашмасдилар. Жим туришлари узоқ бўларди. Сўз бошласалар, чала қолдирмасдилар. Бир қанча маъноларни бир неча калимага жойлардилар. Сўзлари дона-дона эди. Юмшоқ табиатли бўлишларига қарамай, салобатли, ҳайбатли эдилар.

Ҳақсизликдан бошқа нарсага хафа бўлмасдилар. Ҳақсизлик бўлса, то ҳақ ўрнини топгунга қадар тинчланмас эдилар. Асло ўзлари учун хафа бўлмаганлар. Ўзларига тааллуқли хусусларда асло тортишмаганлар. Бошқасининг уйига изн олмагунча кирмасдилар. Хонаи саодатларида бўлганда вақтни учга бўлар: бирини Аллоҳга ибодат учун, бирини оиласига, бирини ўзларига ажратардилар. Ўзларига ажратган вақтни ҳам авому хос, барча инсонларга бағишлардилар. Ҳамманинг кўнглини олардилар. Маълум бир ерга ҳамма боғланиб қолмасин деб масжиднинг ҳар ерида ўтирардилар. Кибрнинг заррасини ҳам ёқтирмасдилар. Мажлисларга кирганда қаер бўш бўлса, ўша ерга ўтирардилар. Ҳар ким ҳам ўшандай қилишини хоҳлардилар. Биронтаси эҳтиёжини айтиб сўраса, аҳамиятли ёки аҳамиятсиз бўлса ҳам, ўрнига келтирмасдан ором ололмасдилар. Имкон бўлмаган вақтда яхши сўз билан сўровчининг кўнглини олардилар. Ҳар кимнинг дардкаши эдилар. Бою камбағал, олиму илмсиз қандай мавқеда бўлса ҳам, инсонийлик жиҳатидан ҳаммага бир хил муомала қилардилар. Бутун мажлислари илм, ҳаё, сабр, таваккал ва омонат мавзусидан иборат бўларди. Бирон хатоси учун ҳеч кимни айбламас, танбеҳга эҳтиёж туғилганда хафа қилмай оҳиста ишора қилардилар. Ҳеч кимнинг яширин айблари билан машғул бўлмас, бундай ҳолатларни юзага олиб чиқишдан қайтарар эдилар. Савоб умиди йўқ нарсалар ҳақида гаплашмас, суҳбат ва мажлислари иштиёқ ичида эди. У зот гапирганда ҳамма сеҳрланиб қоларди ва жон қулоғи билан тингларди. Бу ҳолатни шундай ифода қилишади:

“Гўёки бошимизда бир қуш бор-у, қимирласак, учиб кетадигандек сокин ўтирардик” (Абу Довуд ривояти).

У кишидан саҳобаларга ўтган одоб ва ҳаё шу даражада эдики, савол сўрамоққа ҳам кўпинча журъат этишолмасди. Шунинг учун чўлдан бир қишлоқлик бадавий келсаю савол берса, жавобни эшитсак, бизга фойда бўлади деб ўйлашарди. У зотнинг ҳаётлари самимиятга тўла эди. Кўнгилларида кечмаган нарсаларни гапирмас эдилар. Ахлоқлари билан гўё жонли Қуръон эдилар. Ўзлари қилмаган бир ишни бошқаларга ҳам буюрмасдилар

633 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَحْسَنَ النَّاسِ خُلُقاً. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6203، م 2310].


Улашиш
|
|
Нусха олиш