639. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Инсонларни жаннатга кўп киргизадиган нарса нима?» деб сўралганида, у зот: «Аллоҳ таолога қилинган тақво ва ҳусну хулқ», дедилар. Ва яна у зотдан: «Инсонларни дўзахга кўп киргизадиган нарса нима?» деб сўралганида, у зот: «Оғиз ва жинсий аъзолар (орқали қилинган гуноҳ)», деб айтдилар.
Имом Термизий ривоят қилиб, саҳиҳ ҳадис, дедилар.
Шарҳ: Тақволи ва чиройли хулқли бўлишга тарғиб. Ҳамда куфр, ёлғон ва зинодан огоҳлантириш. Бу ҳадисда тақво билан чиройли хулқни орасини жамланди. Чунки тақво, инсон билан Раббиси орасини ислоҳ қилади. Чиройли хулқ эса, инсон билан бошқа инсонлар орасини ислоҳ қилади. Ва яна оғиз билан жинсий аъзоларини орасини жамланди. Чунки, оғиздан куфр калимаси, ғийбат ва чақимчилик каби фаҳш сўзлар содир бўлади. Жинсий аъзодан эса, зино содир бўлади. Бу икки аъзо сақланмаса, ҳар турлик балоларга сабаб бўлиб, дўзах томон олиб бориши мумкин.
639 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَنْ أَكْثَرِ مَا يُدْخِلُ النَّاسَ الْجَنَّةَ، قَالَ: «تَقْوَى اللهِ تَعَالَى وَحُسْنُ الخُلُقِ» وَسُئِلَ عَنْ أَكْثَرِ مَا يُدْخِلُ النَّاسَ النَّارَ فَقَالَ: «الفَمُ وَالفَرْجُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ صَحِيحٌ [2004].